Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Қайта тикланадиган энергияни ривожлантиришни таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтириш ҳамда ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, шунингдек, электр энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) «International Company for water and power projects» (Саудия Арабистони) компанияси томонидан (кейинги ўринларда — Инвестор) «Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда — инвестиция лойиҳаси) доирасида Ўзбекистон Республикасида «ACWA Power Bash Wind» МЧЖ (кейинги ўринларда — Лойиҳа компанияси) таъсис этилганлиги;
б) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2021 йил 24 январда инвестиция битими имзоланганлиги (кейинги ўринларда — Инвестиция битими) ҳамда унга мувофиқ Инвестор ва Лойиҳа компанияси:
инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини (кейинги ўринларда — ШЭС) лойиҳалаштириши, молиялаштириши, қуриши ҳамда эксплуатация қилиши;
юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммаларига олган ҳолда, жами дастлабки баҳолаш бўйича 650 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши;
в) «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2021 йил 24 январда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда — Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим) тўғридан-тўғри музокаралар натижасида имзоланганлиги ҳамда унга мувофиқ:
Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона харидор бўлган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олиши;
Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 18 млн АҚШ доллари миқдорида банк кафолатини тақдим этиши;
инвестиция лойиҳаси доирасида ШЭСни ягона электр энергияси тармоғига улаш учун қуриладиган ҳаво электр узатиш тармоқлари ва бошқа электр иншоотлари Инвестор ва Лойиҳа компанияси томонидан қурилиши ва ушбу ишлар учун сарфланган харажатлар «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан 10 йил давомида ойлик тўловлар асосида қопланиши;
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олганлиги ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга ошириши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган Инвестиция битими тасдиқлансин.
Белгилансинки, Инвестиция битими унда кўрсатилган шартлар асосида кучга киради.
3. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар натижасида имзоланган Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқуллансин.
4. Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ уларнинг амал қилиш муддати давомида электр энергиясининг сотиб олиниши чет эл валютасида деноминацияланган қатъий тариф бўйича амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
5. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Бухоро вилояти ҳокимлигига Инвестор, Лойиҳа компанияси ва инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этадиган кредиторлар билан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар Лойиҳа компанияси томонидан бажарилмаган тақдирда Лойиҳа компанияси ва Инвестор ҳуқуқларини кредиторларга бериш юзасидан битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга:
Лойиҳа компанияси билан биргаликда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда белгиланган тартибга мувофиқ халқаро мустақил инжиниринг компанияларини жалб қилишга;
халқаро мустақил инжиниринг компаниялари билан инвестиция лойиҳаси доирасида белгиланган тартибда мажбурий экспертиза ва рўйхатдан ўтказмаган ҳолда, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;
Лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига Ўзбекистон Республикаси тижорат банкининг чет эл валютасида тасдиқланган, тикланадиган аккредитивини очишга рухсат берилсин.
7. Инвестиция битимига мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига қуйидагиларга рухсат берилсин:
кредитлаш, чет эл валютасидаги маблағларни олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан, бошқалардан ташқари чет эл валютасида кредит тушумлари) учун чет элдаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очиш;
чет элдаги банк ҳисобварақларидан чет эл валютасида кредит олиш;
инвестиция лойиҳаси доирасида бош пудратчи билан тузилган шартномада (EPC шартномаси) белгиланган кафолат муддати тугагунга қадар Лойиҳа компанияси иштирокчилари билан тузилган қарз битимлари ва оралиқ қарз битимлари бўйича чет эл валютасида пул маблағларини қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг ташқарисидаги хорижий пудратчиларга, етказиб берувчиларга ёки хорижий кредиторларга тўловларни тўғридан-тўғри чет элдаги банк ҳисобварақларидан амалга ошириш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Бухоро вилояти ҳокимлиги (Б.К. Зарипов) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А. Ходжаев) билан биргаликда бир ой муддатда Лойиҳа компаниясига Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўрсатилган шартларда белгиланган тартибда ерни ижарага бериш бўйича шартнома имзоласин ва инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддатига тенг даврга ер участкасини ажратиб берсин.
Бунда, Лойиҳа компанияси инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплашдан (компенсация тўловларидан) озод қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Адлия вазирлиги (Р.К. Давлетов) инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция битими юзасидан юридик хулоса берсин.
10. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.А. Вафаев) инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши, шунингдек, томонларнинг Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим доирасидаги мажбуриятларини бажариши устидан доимий назорат ўрнатсин.
11. Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х. Комилов) Лойиҳа компаниясининг буюртманомаларига асосан инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига кириш визалари расмийлаштирилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.
12. Ички ишлар вазирлиги (П.Р. Бобожонов) Лойиҳа компанияси буюртманомаларига асосан инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига кўп марталик визалар расмийлаштирилишини, берилишини (муддати узайтирилишини) ҳамда вақтинча яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтишини ва унинг муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
13. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б. Хусанов) Лойиҳа компанияси буюртманомаларига асосан Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаганлар орасидан) жалб этишга рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири А.С. Султанов белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чорак якунида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 23 февраль,
ПҚ-5003-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.02.2021 й., 07/21/5003/0145-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2022 й., 07/22/314/0616-сон; 07.07.2023 й., 07/23/215/0459-сон)