Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарининг расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарида (кейинги ўринларда — давлат иштирокидаги корхоналар) корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш, улар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарининг расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Кейинги таҳрирга қаранг.
давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш бўйича талаблар;
давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтини юритиш бўйича талаблар;
давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайти мазмунига қўйиладиган талаблар.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 майдаги 404-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғрисидаги низомнинг 10-бандига:
а) қуйидаги мазмундаги ўттиз иккинчи хатбоши қўшилсин:
«давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан уларнинг веб-сайтларига қўйиладиган талабларга риоя этилишини назорат қилади ва ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий маълумот киритиб боради»;
б) ўттиз иккинчи — саксонинчи хатбошилар тегишлича ўттиз учинчи — саксон биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 19 февраль,
81-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 февралдаги 81-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарининг расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисида
НИЗОМ
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом устав фонди (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарининг (кейинги ўринларда — давлат иштирокидаги корхоналар) расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши мажбурий бўлган ахборотга қўйиладиган талабларни белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтлари Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 июлдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга ҳам мувофиқ бўлиши керак.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат иштирокидаги корхоналар — устав фонди (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
муҳим факт — ушбу Низомда белгиланган давлат иштирокидаги корхоналар молия-хўжалик фаолиятида ёки корпоратив ҳаракатларида юз берган ўзгаришлар;
бошқарув органи — давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирликлар ва идоралар;
йирик битимлар — «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 83-моддасида (акциядорлик жамиятлари учун) ёхуд «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 44-моддасида (масъулияти чекланган жамиятлар ва давлат унитар корхоналари учун) назарда тутилган битим ёки ўзаро боғланган бир нечта битимлар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
аффилланган шахслар — «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 85-моддасида (акциядорлик жамиятлари учун) ёхуд «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасида (масъулияти чекланган жамиятлар ва давлат унитар корхоналари учун) назарда тутилган давлат иштирокидаги корхоналар томонидан тузиладиган битимларда манфаатдорлиги мавжуд юридик ёки жисмоний шахслар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Давлат иштирокидаги корхоналар фаолият тури ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, расмий веб-сайтга эга бўлишлари лозим, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-боб. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш бўйича талаблар
5. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида мажбурий жойлаштирилиши керак бўлган ахборотлар ва ҳисоботлар қуйидагилар ҳисобланади:
а) доимий:
корхона фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадлари;
устав фонди (устав капитали) ва унинг тақсимланиши;
корхонанинг устави;
корхонанинг ташкилий тузилмаси, таркибий бўлинмалари, филиаллари, ваколатхоналари, давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирликлар ва идоралар, шунингдек, улуши бўлган корхоналарнинг номи, уларнинг жойлашган манзили ва боғланиш учун телефон рақами, электрон почта манзили ҳамда уларнинг иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;
корхонанинг раҳбарлари (директор ёки бошқарув раиси ва ўринбосарлари) тўғрисидаги маълумотнома ахборот;
маъмурий, ишлаб чиқариш ва техник ходимлар билан биргаликда корхонадаги бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва иш ўрнига қўйилган талаблар, шу жумладан, меҳнат шароитлари ва лавозим вазифалари тўғрисидаги маълумотлар;
корхонанинг аффиланган шахслари ва якуний манфаатдор шахслари (бенефициарлари) рўйхати;
корхонанинг бошқарув масалалари тўғрисидаги низомлари ва бошқа ички ҳужжатлари;
корхонанинг давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирликлар ва идоралар томонидан ўтказилган йиғилишда қабул қилинган қарорлар ёхуд йиғилиш ўтказилиши санаси, вақти, ўтказиладиган жойи, муҳокама қилинадиган масалалар тўғрисидаги маълумотлар;
корхона томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар (бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар) тўғрисидаги маълумотлар;
товарларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича корхона ва улуши бўлган корхоналар томонидан ўтказиладиган танловлар (тендерлар) ёхуд кимошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар;
корхонанинг ва улуши бўлган корхоналарнинг бўш турган, фойдаланилмаётган, носоҳавий активлари ва улар тўғрисидаги асосий ахборотлар;
расмий веб-сайтдаги ахборот материалларидан бошқа шахслар фойдаланганда корхонанинг расмий веб-сайтига мажбурий ҳаволалар кўрсатилиши тўғрисидаги талаблар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
корхонанинг расмий веб-сайтида жойлаштиришни корхона бошқарув органлари зарур деб ҳисоблайдиган бошқа маълумотлар;
б) ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот даврининг кейинги ойи давомида:
бизнес-режа ижроси ҳолати тўғрисида (шу жумладан, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари бажарилиши ва мақсадларга эришиш инобатга олинган ҳолда) ва ривожланиш стратегияларида назарда тутилган дастурларнинг натижалари тўғрисидаги ахборотлар;
бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар;
корхонанинг бошқарув соҳаси бошқарув қоидаларига мувофиқлиги тўғрисидаги ахборотлар;
харидлар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан импорт эвазига харидларнинг тўлиқ рўйхати (маҳсулот (иш, хизмат) номи, ҳажми, бир бирлик нархи ва умумий қиймати, етказиб берувчи ҳақида тўлиқ маълумот) ва уни амалга оширишнинг зарурати ҳамда уни қисқартириш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги асосланган ахборотлар;
корхонанинг бошқарув органлари томонидан ўтказилган умумий йиғилишда қабул қилинган қарорлар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
в) йил якунлари бўйича кейинги молия йилининг 25 февралига қадар:
Кейинги таҳрирга қаранг.
корхонанинг фаолиятини баҳолаш натижалари тўғрисидаги ахборотлар;
аффилланган шахслар билан тузилган ва йирик битимлар тўғрисидаги маълумотлар;
бошқарув ва назорат органларига тўланган рағбатлантириш миқдорлари тўғрисидаги маълумотлар;
йил якунлари бўйича бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар, йиллик молия-хўжалик фаолиятни текшириш натижалари бўйича аудиторлик ташкилотининг хулосаси ва йиллик ҳисобот, шу жумладан, молиявий, операцион, ҳуқуқий ва бошқа таваккалчиликлар, махфий ёки тижорат сирларини ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно;
ҳисобланган ва тўланган дивидендлар (ажратмалар), шу жумладан, қарздорлик миқдори тўғрисидаги маълумотлар, акциядорлар (иштирокчилар) томонидан дивидендларни олиш учун боғланиш маълумотлари ва бошқа маълумотлар.
г) муҳим фактларда ўзгариш юз бергандан сўнг икки иш кунида:
ушбу Низомнинг 6-банди «а» кичик бандида назарда тутилган ахборотлар ўзгарганда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
корхонанинг мол-мулки, банк ҳисобварақлари хатланганда, корхонага нисбатан унинг активлари қийматининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда даъво қўзғатилганда;
корхона томонидан йирик битимлар ва манфаатдор шахслар ва (ёки) аффиланган шахслар билан битимлар тузилганда;
корхона фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш учун лицензия олганда ёки лицензия бекор қилинганда, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда;
дивиденд (ажратма)ни ҳисоблаш, уларни тўлаш бошланганда ва тугалланганда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Агар ахборотни веб-сайтга жойлаштириш муддатининг тугаши иш куни бўлмаган кунга тўғри келса, ундан кейинги биринчи иш куни ахборотни ошкор қилиш муддатининг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади.
7. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида бошқа манбалардан маълумотларни жойлаштиришга фақат ахборот манбаи кўрсатилган тақдирда йўл қўйилади.
3-боб. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтини юритиш бўйича талаблар
8. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида қуйидагилар бўлиши керак:
гуруҳлар бўйича жойлаштирилган ахборот таснифланган ҳолда қулай ва оддий интерфейс;
корхона расмий веб-сайтининг фойдаланиладиган интерфейси унда жойлаштирилган ахборотнинг тузилиши тўғрисидаги кўргазмали тасаввурни, бўлимлар ва саҳифаларга дарҳол ва мантиқли ўтишни таъминлаши керак;
корхона билан қайта алоқа боғлаш имконияти;
жойлаштирилган ахборотни архивлаштириш, тиклаш ва такрорлаш имконияти;
электрон почта воситасида ҳамда янгилашлар ва янгиликларни етказиб беришнинг оммабоп автоматлаштирилган форматлари воситасида расмий веб-сайтнинг янгиланишларига ёзилиш имконияти.
9. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган ахборотдан унинг томонидан базавий ахборот хизматлари кўрсатилиши доирасида фойдаланиш эркин ва бепул бўлиши керак.
10. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг базавий ахборот хизматларидан ташқари, корхонанинг расмий веб-сайти орқали, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда пулли асосда қўшимча хизматлар кўрсатилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбари қарори билан корхонанинг расмий веб-сайтидаги ахборотни шакллантириш, жойлаштириш, шунингдек, янгилаш учун масъул бўлган шахс белгиланади.
12. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтидаги ахборотлар давлат тилида тақдим этилиши керак ҳамда рус ва инглиз тилларида ёки имкон бўлса, бошқа тиллардаги версиялари бўлиши мумкин.
13. Давлат иштирокидаги корхоналар ўз расмий веб-сайтларида жойлаштирилган ахборот йўқ қилиниши, блокировка қилиниши, бузилиши ва қалбакилаштирилишининг, шунингдек, рухсат берилмаган аралашувлар бошқа шаклларининг олдини олишдан ҳимоя қилишнинг тегишли чора-тадбирларни кўришлари керак.
14. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида қуйидаги асосий функциялар жорий этилиши мажбурий ҳисобланади:
расмий веб-сайти бўйича излаш;
мобил қурилмалар учун соддалаштирилган дизайнли корхона расмий веб-сайти версияси;
имкониятлари чекланган шахслар учун қўшимча қулайликлар яратиш (контрастни қўшимча қилиш, шрифтни катталаштириш, овоз жўрлиги ва бошқа функциялар);
жамоатчилик фикрини ўрганиш ва корхона фаолиятига тегишли масалаларни муҳокама қилиш воситалари (онлайн сўровлар, блоглар, форумлар);
ташрифларни ва статистикани назорат қилиш воситалари.
4-боб. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайти мазмунига қўйиладиган талаблар
15. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган ахборот ишончли бўлиши ва корхона фаолиятини холисона ёритиши керак.
16. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида давлат сирига ва хизматда фойдаланиш учун тегишли бўлган ахборот, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ эълон қилиш ва тарқатиш тақиқланган бошқа ахборот бўлмаслиги керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. Якунловчи қоида
17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.