Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йилдаги фаолияти бўйича ахборотни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг роли ошиб бормоқда, қуйи палатанинг қонун ижодкорлиги, парламент назоратини амалга ошириш борасидаги ишлари янгича мазмун-моҳият касб этмоқда ҳамда фаолиятига сифат жиҳатидан янги шакл ва усуллар жорий қилинмоқда.
Ўтган даврда Қонунчилик палатасининг норма ижодкорлиги йўналишидаги фаолият кўлами ҳам, иш ҳажми ҳам мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлди. Жумладан, 2020 йилда қуйи палата томонидан 149 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, шундан 62 таси алоҳида қонун сифатида, 49 таси эса 10 та қонунга бирлаштирилиб, жамланма қонунлар тариқасида қабул қилинди.
Сайловчиларни безовта қилаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш, норма ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишидаги фаолиятни янада кучайтириш, маҳаллий Кенгашлар ишини такомиллаштириш каби қатор масалалар ечимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган 12 та қонун лойиҳаси депутатлар ташаббуси билан киритилди.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулияти оширилди. Эндиликда, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганида, қоида тариқасида, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши белгиланди. Натижада, қонун лойиҳасининг биринчи ўқиш жараёнидаги муҳокамаси том маънода жонланди.
Ўтган даврда Қонунчилик палатасига янги ваколатлар берилди, бу ваколатлар ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишда, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг стратегик йўлларини белгилашда парламентнинг иштирокини сезиларли даражада оширди.
Жумладан, Қонунчилик палатаси мажлисларида нафақат Ҳукумат аъзолари, балки бошқа хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳам ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди.
Барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилишда парламент тобора муҳим роль ўйнамоқда. Шундан келиб чиқиб, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ҳукумат аъзолари ва тармоқ раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб бориш тизими жорий этилди. Хусусан, Қонунчилик палатасининг 9 та қўмитасида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари 19 нафар раҳбарининг ахбороти эшитилди.
Сайловчилар томонидан кўтарилаётган ҳаётий долзарб муаммолар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ қатор масалалар парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланилган ҳолда ҳал этилмоқда. Шунга кўра ҳисобот даврида Қонунчилик палатаси мажлисида Ҳукумат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахбороти 19 марта эшитилди, 9 марта «ҳукумат соати» ўтказилди ҳамда 14 та парламент сўрови ва 338 та депутат сўрови юборилди.
Депутатларнинг сайлов округларида сайловчилар билан мулоқотининг шакллари ва усуллари ўзгартирилди. Пандемия шароитида ҳам депутатларнинг ўз сайлов округига чиқиб, аҳоли ва сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни тизимли равишда ўрганиб бориш амалиёти давом эттирилди.
Депутатларнинг ҳудудларда олиб борадиган ишларининг салмоғи ошди. Узоқ йиллар давомида ўз ечимини топмай келаётган кўплаб масалалар барча даражадаги депутатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ҳал этилди.
Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари билан маҳаллий Кенгашлар ўртасида яқиндан ҳамкорлик тизимли мустаҳкамланмоқда. Республика миқёсидаги ва ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ муҳим масалалар, муайян ҳудудда фуқаролар томонидан кўтарилаётган муаммолар биргаликда муҳокама қилинмоқда.
Долзарб масалалар юзасидан парламент аъзолари ҳудудларга чиқиб, ўрганишлар ўтказмоқда. Ўтган даврда ҳудудларда 14 марта шундай ўрганишлар ўтказилди.
Жумладан, ҳудудларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш, таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш, «Темир дафтар»га киритилган аҳолини қўллаб-қувватлаш, «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» асосида ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати депутатлар томонидан атрофлича ўрганилди. Ушбу ўрганиш якунлари депутатлар кўмагида маҳаллий Кенгашлар сессияларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Халқаро алоқалар ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, хорижий мамлакатлар билан муносабатларни ривожлантиришда парламентнинг ролини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси ишлаб чиқилиб тасдиқланди. Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари томонидан икки томонлама амалий мулоқотлар давом эттирилди.
Шу билан бирга, Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили бу борада ҳали ўз ечимини кутаётган қатор масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, ўтган даврда қонун лойиҳаларининг муҳокамаси бўйича фракциялараро баҳс-мунозаралар, тортишувлар қизғин ўтган бўлса-да, парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат шаклланмади.
Ҳали ҳам қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги салмоғи етарли даражада эмас. Ушбу муносабатлар асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда.
Депутатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан етарли даражада фойдалана олмади. Агар 2017 йилда депутатлар томонидан 27 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палата муҳокамасига киритилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 12 тани ташкил этди.
Қонун лойиҳаларининг кенг жамоатчилик билан муҳокамаси самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар лозим даражада ташкил қилинмади. Жумладан, ўтган даврда Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига атиги 2 та қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Парламент назоратининг барча шаклларидан ҳамма вақт ҳам бирдек самарали фойдаланилмади. Хусусан, баъзи қўмиталар парламент сўрови, тегишли давлат идоралари раҳбарлари ахборотларини эшитиш каби ваколатларга етарли даражада эътибор қаратмади.
Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат тадбирларини ўтказиш чоғида, аксарият ҳолларда, мазкур тадбирларга экспертлар гуруҳлари етарли даражада жалб қилинмади, бу жараёнларда экспертлар гуруҳларининг ўрни сезилмади.
Фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирадиган бошқа давлат органларига Қонунчилик палатаси томонидан тегишлилигига кўра юборилган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан назоратни амалга ошириш ишлари етарли даражада ташкил этилмади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йилдаги фаолияти Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йил 20 январдаги биринчи йиғилишида, парламент палаталарининг 21 январдаги қўшма мажлисида қилган нутқларида, шунингдек 24 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ва йўналишлардан келиб чиқиб, амалга оширилганлиги қайд этиб ўтилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан қуйи палата муҳокамасига киритилаётган ҳар бир масала чуқур таҳлил қилинганлиги ва улар электорат манфаатларидан келиб чиқиб, ўз муносабатлари қатъий билдирилганлиги эътиборга олинсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда экспертларни жалб этиб, муҳокамаларни ўтказиб бориш;
мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор ва партия электорати томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни чуқур таҳлил қилган ҳолда янада ташаббускор бўлиш ҳамда муайян йўналишни тубдан такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиб, қуйи палата муҳокамасига киритиш;
фракциянинг 2021 йилдаги фаолият йўналишлари бўйича иш режасини ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари томонидан қонун лойиҳалари кенг жамоатчилик фикрлари асосида такомиллаштирилганлиги, қонун ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолати ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганилганлиги, маҳаллий Кенгашлар билан биргаликда қўшма мажлислар ўтказилганлиги қайд этиб ўтилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг барча босқичида, шунингдек жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган ҳар бир назорат тадбирини ўтказиш чоғида мазкур тадбирларга эксперт гуруҳларини фаол жалб этсин ва уларнинг имкониятларидан кенг фойдалансин;
қонун лойиҳалари муҳокамасида жамоатчилик, сайловчиларнинг кенг иштирокини таъминласин;
қонун ташаббускорлиги, парламент назорати фаолиятини янада жадаллаштириш чораларини кўрсин;
Қонунчилик палатаси ва қўмиталар қарорларининг таъсирчанлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш мақсадида уларнинг ижросини мониторинг қилишга доир тадбирларни кучайтирсин, шу жумладан ҳар бир қарорнинг ижросини мониторинг қилиб боришда тегишли қўмита аъзолари орасида масъуллар белгиланишини ҳамда улар томонидан зарур чоралар кўриб борилишини йўлга қўйсин;
назорат-таҳлил тадбирлари якунларига бағишланган қўмита мажлисларини ҳудудларнинг ўзида ўтказиш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловчиларни безовта қилаётган долзарб масалалар бўйича жамоатчилик билан олиб борилаётган фаол мулоқотнинг ташаббускори бўлганлиги, ахборот майдонида депутатлар фаолияти сезиларли даражада фаоллашганлиги, аҳолини мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор этишда уларнинг роли ошганлиги таъкидлансин.
8. Ушбу Қарор тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисига киритилсин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 7 январь,
683-IV-сон