Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси шуни таъкидлайдики, сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
2020 йил 11 декабрь куни ЕОИИ аъзо давлатлари раҳбарларининг бўлиб ўтган навбатдаги Олий кенгашида Ўзбекистон Республикасига ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш масаласи кўриб чиқилди, шунингдек, бирлашма доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг ЕОИИ саммитда сўзлаган нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги муҳим босқичида Ўзбекистон барча халқаро шериклар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни изчил кенгайтириб бориш, шу жумладан, ЕОИИ билан мулоқотни ривожлантириш тарафдори эканлиги қайд этилди.
Мазкур масалани ҳар томонлама ўрганишни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарори билан ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ томонидан ЕОИИ билан интеграциялашувининг мамлакатимиз иқтисодиётига таъсирини таҳлил қилиш, қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожининг устувор йўналишларига ушбу Ташкилот билан ҳамкорликнинг мослигини ўрганиш, иқтисодиёт тармоқларига ижобий ва салбий жиҳатдан таъсирини кўриб чиқиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларида ва қўмиталарда мазкур масала Ҳукумат аъзолари, тегишли вазирликлар ва идораларнинг вакиллари иштирокида бир неча маротаба атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокамалар давомида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи юзасидан фуқаролар ва бизнес вакиллари ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари, олимлар, экспертлар, мутахассисларнинг ушбу масала юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалари таҳлил қилинди.
Жорий йилнинг 10 апрель куни Ҳукумат вакиллари иштирокида «Ҳукумат соати», 16 апрель куни эса «Парламент эшитуви» ўтказилди.
2020 йил 28 апрель куни Қонунчилик палатасининг «Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғриси»да қарори қабул қилинди. Ушбу Қарорда Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИда «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилган.
Мазкур масала юзасидан бўлиб ўтган кенг муҳокамалар, олиб борилган ўрганишлар ва таҳлиллар асосида Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ўз позицияларини баён этдилар.
Қонунчилик палата бир неча ой давомида олиб борган ўрганишлари, масалага ҳар томонлама чуқур ёндашувлари натижасида мамлакатимизнинг ЕОИИ билан кузатувчи давлат мақомида ҳамкорлик қилиши тўғрисида қарор қабул қилинган. Ўзбекистон саноат кооперациясини кенгайтириш, транспорт ва транзит соҳасида ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни ишлаб чиқиш, меҳнат миграцияси тизимида яқиндан ҳамкорлик қилиш каби муҳим омиллар ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиш учун асос бўлди.
Ўзбекистоннинг кузатувчи давлат мақомида бўлиши интеграциялашув жараёнининг дастлабки босқичи бўлиб, ЕОИИга аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатларини чуқур таҳлил қилиш, миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганиш, миллий қонунчиликни Иттифоқ қонунчилиги билан уйғунлаштиришда қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритишларни ўрганиш ва тайёргарлик кўриш учун зарур имконият ҳисобланади.
Депутатларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан ҳамкорлиги мамлакатимиз ташқи савдо айланмасининг ошишига, иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлигининг ортишига ва хорижий давлатларда меҳнат қилаётган фуқароларимиз ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилишига хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳисобидан ЕОИИ давлатларига Ўзбекистондан кўплаб товар ва маҳсулотларни, шу жумладан минглаб тонна мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш учун кенг имкониятлар эшигини очади. Халқаро ташишлар соҳасида рухсат бериш тартиби соддалаштирилади, йўловчилар, юклар ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши таъминланади.
Ўзбекистоннинг кузатувчи давлат мақомида бўлиши интеграциялашув жараёнининг дастлабки босқичи бўлиб, ЕОИИга аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатларини чуқур таҳлил қилиш, миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганиш учун зарур имконият ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги маърузасини ва унда белгилаб ўтилган вазифаларни тўлиқ қўллаб қувватлайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласи бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳи тузиш топширилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 15 декабрь,
647/1-IV-сон