Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2008 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р. Муҳитдиновнинг 2008 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги маърузасини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, ўтган йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан бу йўналишда муайян ишлар олиб борилган. Ўтказилган мониторинглар якунлари асосида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат тузилмалари томонидан комплекс ва аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар кўрилган бўлиб, бу чора-тадбирлар натижасида ушбу тузилмаларнинг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўлланиш фаолияти сезиларли даражада яхшиланган.
Шу билан бирга бу соҳадаги мавжуд салоҳият ва захиралардан ҳамон талаб даражасида фойдаланилмоқда деб бўлмайди. Давлат бошқаруви органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг бир қанчаси фаолиятида ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда муайян камчиликлар ҳамда салбий тамойиллар ҳам бор.
Айрим вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан ҳуқуқий экспертизага тақдим этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари сифати ҳали ҳам юқори даражада эмаслиги кузатилмоқда, улар баъзан амалдаги қонун ҳужжатларига ва қонунчилик техникаси қоидаларига зид келмоқда. Идоравий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказишнинг белгиланган тартибини бузган ҳолда қабул қилиш ва ижро учун жойларга юбориш амалиёти барҳам топмаган. Масалан, ўтган йил мобайнида 34 та ғайриқонуний идоравий ҳужжат аниқланган ҳамда бу ҳужжатлар юзасидан уларни бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш ҳақида тегишли давлат органларига тақдимномалар киритилган.
Кўрилаётган амалий чораларга қарамай, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонунчилик йўналишидаги ижодкорлик фаолиятида жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ҳуқуқий экспертизанинг мажбурийлиги ҳақидаги талабларига қарамай, адлия органларига экспертизага юборилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари сони ҳамон озлигича қолмоқда. Янги қабул қилинган ҳужжатлар юридик кучга киришининг мажбурий шарти уларнинг расмий нашрларда эълон қилиниши эканлигига қарамай, бундай ҳужжатларни эълон қилиш ҳақидаги қонун талабини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалда беэътибор қолдирмоқдалар. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонун ҳужжатларига зид ёхуд ўз кучини йўқотган ҳужжатларга асосланган ёки ўз ваколатларидан четга чиққан ҳолда қарорлар қабул қилинаётганлиги ҳоллари сақланиб турган муаммоларнинг теранлигини кўрсатмоқда.
Қонунларда амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари билан таъмин этилмаган ҳаволаки нормаларнинг кўплиги ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлитлиги ва изчиллигини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро тўлдирувчанлигини таъминлашда жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.
Прокуратура органларининг қишлоқ хўжалигига доир қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назорат йўналишидаги фаолиятида назорат тузилмаларининг ҳуқуқни қўлланиш амалиёти устидан прокурор назорати сифатини оширишга эҳтиёж бор. Қонун ҳужжатларидаги мавжуд айрим кемтиклик ва камчиликлар ҳуқуқни қўлланишнинг хилма-хил амалиёти шаклланишига олиб келганлигига қарамай, прокурорларда қонун ижодкорлигига нисбатан кузатилаётган позиция етарли даражада фаол эмас. Қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва услубий таъминот соҳасидаги муайян камчиликлар прокурорлик фаолияти самарадорлигини пасайтирмоқда. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишдаги нуқсонлар, асослантирилмаган даъво аризаларини киритиш ҳоллари бу йўналишдаги ишларга прокурорлар эътиборини кучайтириш зарурлигидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятини янада такомиллаштиришга эҳтиёж сезилмоқда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси айрим жиҳатларининг қонунчилик асослари яхши ишланмаганлигича қолмоқда. Инспекторлар профилактика ишларини режалаштиришга юзакироқ қарамоқдалар, ҳуқуқбузарликларга қарши курашнинг ҳолатига баҳо бериш, амалга оширилаётган чора-тадбирларни умумлаштириш ҳамда самарадорлигини таҳлил қилиш соҳасида улар деярли иш олиб бормаётирлар. Маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг статистика ҳисоби юритилмаслиги ва ҳуқуқни қўлланиш амалиётини умумлаштиришнинг соз тизими йўқлиги профилактика фаолиятининг самарадорлигини аниқлашни жуда қийинлаштирмоқда. Ички ишлар вазирининг 1998 йил 4 сентябрдаги 173-сонли буйруғи билан жорий этилган тартиб, мазкур тартибга мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилган пайтдан эътиборан бир йил ўтгач йўқ қилиб юборилиши керак, баённомалар устидан шикоят бериш ёки протест келтириш йўли билан уларнинг қонунийлигига баҳо бериш, шунингдек маъмурий преюдицияли жиноятларга доир жиноят ишларини кўришда улардан фойдаланиш имкониятини истисно этиб, инсон ҳуқуқлари камситилишига олиб келмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларини қўлланиш амалиётини тубдан яхшилаш талаб қилинади. Идоравий ҳужжатларни уларни қабул қилишнинг ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг белгиланган тартибига риоя этмаган тарзда қабул қилиш ҳоллари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигига салбий таъсир этмоқда. Бундай ҳужжатларнинг айримларида бир-бирига зид қоидалар бўлишидан ташқари улар инспекторларнинг ўзлари ҳуқуқбузарликлар содир этиши учун шароит яратиб бермоқда ҳам. Содир этилган ҳуқуқбузарликни аниқ кўрсатмасдан туриб, ҳуқуқбузарлик ҳодисаси юз бермаган алфозда ва ўрни-теги йўқ шахслар номига нотўғри расмийлаштирилган талайгина миқдордаги маъмурий баённомалар борлиги, статистика кўрсаткичларига қўшиб ёзиш ва шу сингари бошқа ҳолатлар инспекторларнинг ўз ишларининг миқдор кўрсаткичларини турли усуллар билан сунъий равишда яхшилашга уриниши ифодаси бўлиб, улар фаолиятини баҳолаш мезонларини қайта кўриб чиқишни, бунда аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони эмас, балки ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ҳал қилувчи омил бўлишини тақозо этади.
Тегишли ихтисосдаги педагоглар билан таъминланмаганлик, зарур юридик адабиётларнинг етишмаслиги, электрон кутубхоналардан фойдаланиш учун етарли шароит йўқлиги Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари тизими муассасаларида ҳуқуқий таълим бериш соҳасидаги жиддий муаммо бўлиб турибди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жойларга, ижрочиларга етказиб бериш, уларни тизимлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш лозим даражада ташкил этилмаганлиги сабабли баъзан киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мужассам топмаган, шунингдек ўз кучини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳам таълим жараёнида фойдаланмоқдалар. Таълим муассасалари талабаларнинг ҳуқуқий мавзулардаги тадбирларга қизиқишини рағбатлантиришга етарлича эътибор бермаётир. Ўқув дастурлари ва ўқув-услубий қўлланмалардаги кўплаб хатоликлар, шунингдек Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурини бажариш доирасида қабул қилиниши назарда тутилган айрим қонун ҳужжатларининг йўқлиги ҳуқуқий таълим сифатига ва ҳуқуқий маданият даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Юридик шахсларни рўйхатдан ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмини тубдан қайта кўриб чиқиш талаб қилинади. Ходимларга қўйиладиган малака талаблари йўқлиги боис Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг туман (шаҳар) ҳамда Тошкент шаҳри туман ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияларида зиммадаги вазифани бажариш учун зарур малакага эга бўлмаган кадрлар таркиби шаклланган. Чунончи, 2007 йилда ўтказилган аттестация якунлари инспекциялар ходимларининг 55 фоизида етарлича малака йўқлигини кўрсатди.
Бундай ҳолатлар инспекциялар фаолияти самарадорлигини таъминлашда ғов-тўсиқ бўлмоқда ва кўплаб жиддий камчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, ҳуқуқни ғоят хилма-хил тарзда қўлланиш амалиёти кузатилмоқда, инспекцияларнинг ходимлари томонидан кўплаб ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмоқдаки, бу ҳол уларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан фуқаролар бераётган шикоят ҳамда аризалар сони ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Масалан, адлия органларида рўйхатдан ўтказилиши жоиз бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари бир қатор ҳолларда инспекциялар томонидан давлат рўйхатига олинган, бинобарин улар тақдим этган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилмаган. Ариза берувчилардан ғайриқонуний йиғимлар ундириш, турли имтиёзларни қўлламаслик амалиёти кенг тарқалган.
Инспекцияларнинг поғоналар бўйича тарқоқлиги ҳуқуқни қўлланиш фаолиятида жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда ҳамда улар ишини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш имкониятини истисно этаётир. Инспекциялар ва бошқа органларнинг статистикага тааллуқли кўрсаткичлари бир қатор параметрлар бўйича бир-биридан анчагина фарқ қилиши, инспекциялар ички тизимида статистика иши бир хилда олиб борилмаслиги бу соҳадаги ижобий ва (ёки) салбий тамойилларни аниқлаш имконини бермаётир.
Турли минтақалардаги инспекциялар ходимлари даромадидаги (иш ҳақи, мукофотлар ва бошқалар) катта фарқлар инспекцияларнинг ўзини ўзи молиялаштириш механизми мукаммал эмаслигини кўрсатмоқда. Инспекциялар туман (шаҳар) ҳокимликлари таркибида бўлганлиги туфайли уларнинг пул, моддий-техника ва кадрлар ресурслари ҳокимлар томонидан ўзбошимчалик билан, белгиланмаган мақсадларга жалб этилмоқдаки, бундай ҳолларга қатъий барҳам бериш талаб қилинади.
Барча келишувларни фақат битта инстанция доирасида амалга ошириш имконини берадиган ҳуқуқий механизмлар жорий этилган бўлишига қарамай, инспекциялар рухсат бериш учун керакли ҳужжатларни «битта дарча» принципи асосида расмийлаштириш амалиёти ишлашини таъминламаётирлар. Турли инстанциялар билан келишувлар кўпчилик ҳолларда тадбиркорлик субъектларининг ўзлари томонидан мустақил тарзда амалга оширилмоқда.
Инспекциялар фаолиятида ташкилий-ҳуқуқий муаммолар тақозоси билан юзага келган юқоридаги камчиликлар тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини хориж тажрибасини инобатга олган ҳолда қайта ташкил этишни зарур қилиб қўймоқда.
Давлат бошқаруви органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўлланиш фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2008 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги маърузаси маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар тавсия этилсин:
аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда мониторинглар якунлари бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларни амалга ошириш юзасидан амалий чоралар кўриш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўлланиш фаолияти устидан назоратни кучайтириш;
қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этилишини таъминламаётган мансабдор шахсларнинг фаолиятига уларнинг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқишга қадар принципиал баҳо бериш.
3. Давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари:
кўрсатиб ўтилган камчиликлардан келиб чиққан ҳолда норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўлланиш борасидаги ўз фаолиятлари ҳолатини танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқсин;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, келишиб олиш ва экспертизадан ўтказиш тартиби юзасидан белгиланган талабларга риоя этилиши ҳолатини мунтазам равишда таҳлил қилиб борсин;
норма ижодкорлиги борасидаги ўз фаолиятини таҳлил қилиш натижаларини йилнинг ҳар чорагида кўриб чиқишни амалиётга жорий этсин ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тезкор чоралар кўрсин;
норма ижодкорлиги жараёнидаги иштирокни фаоллаштирсин;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказишнинг белгиланган тартибига қаттиқ риоя этилишини таъминласин;
юридик хизмат самарали фаолият юритишини таъминлаш юзасидан амалий чоралар кўрсин;
мониторингларнинг материалларида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари белгиланган тартибда тайёрланишини, келишиб олинишини ҳамда тегишли давлат органларига киритилишини таъминласин;
ўз фаолиятининг мониторинг асносида аниқланган муаммоли жиҳатларини бартараф этиш юзасидан комплекс ва таъсирчан чоралар кўрсин;
ҳуқуқни қўлланиш амалиётини тизимли асосда таҳлил қилиб ва умумлаштириб борсин, ходимларнинг касбий тайёргарлигини оширсин;
қонун ҳужжатларини ижрочиларга ва аҳоли эътиборига етказиш, бу ҳужжатларнинг тизимлаштирилган асосда ҳисобини юритиш устидан идоравий назоратни кучайтирсин;
таркибий бўлинмалар фаолиятини услубий таъминлаш соҳасидаги ишларни йўлга қўйсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:
қонунчилик йўналишидаги ижодкорлик фаолиятини сақланиб турган муаммолардан келиб чиққан ҳолда танқидий равишда кўриб чиқсин, натижалари бўйича эса аниқ мақсадга қаратилган, аниқланган камчиликларга бундан буён йўл қўймасликка доир чоралар кўрсин;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш юзасидан белгиланган тартибга сўзсиз амал қилинишини, шунингдек бу ҳужжатлар расмий нашрларда эълон этилишини таъминласин;
қабул қилинган ҳамда белгиланган тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг умумий сонини адлия органлари билан биргаликда йилнинг ҳар чораги бўйича солиштириб борсин;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонунчилик йўналишидаги ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўлланиш фаолиятида адлия хизматининг ўрни ҳамда аҳамиятини кучайтирсин;
қонунчилик йўналишидаги ижодкорлик фаолияти ва ҳуқуқни қўлланиш амалиётининг энг муҳим жиҳатлари бўйича адлия органлари билан ўзаро ҳамкорликни такомиллаштирсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 28 март,
639-I-сон