Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён этилган таклифлар ва хулосалардан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши таъкидлайдики, Мурожаатнома жамиятимиздаги барча долзарб масалалар ва муаммоларни қамраб олган, шу билан бирга мамлакатни ривожлантиришга, жамиятда барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган кенг кўламли вазифаларни кўзда тутувчи яхлит дастурий ҳужжатга айланди.
Мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётида устувор аҳамият касб этувчи Мурожаатномада бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам кузатилган ўта оғир пандемия шароитида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва социал ҳаётда амалга оширилган ишлар, Ўзбекистоннинг демократик ва иқтисодий ислоҳотларни ўтказишдаги асосий ютуқлари чуқур таҳлил қилинди, бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётга эга демократик давлат барпо этишнинг тамомила очиқ ва шаффоф фуқаролик жамияти қуришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Унда билдирилган чуқур таҳлилий фикрлар, илгари сурилган муҳим ташаббус ва ғоялар бугунги кунда ўта долзарб аҳамиятга эга бўлиб, янги Ўзбекистон тараққиёт босқичининг пойдевори сифатида халқимиз, жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилмоқда ва қизғин қўллаб-қувватланмоқда.
Қайд этиш лозимки, Мурожаатномада кўтарилган ғоя ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг миллий давлатчилигини ривожлантиришда янги босқични бошлаб беради. Хусусан, унда ижтимоий-сиёсий жиҳатдан қайта қуриш соҳасидаги кенг кўламли ва туб ислоҳотлар илгари сурилган ҳамда ҳар томонлама асослаб берилган бўлиб, уларни амалга ошириш жамият, давлат қурилиши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасидаги асосий мақсадларимизга эришишга ва пировард натижада юртимизнинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига киришига, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиши муқаррар.
Мурожаатномада илгари сурилган аниқ ғоялар, ташаббуслар, таклифлар ва белгилаб берилган устувор йўналишлар ҳамда улардан келиб чиқиб қабул қилинадиган Давлат дастурида кўзда тутиладиган вазифаларнинг ижроси сўзсиз таъминланишига эришиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлар корпуси томонидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш ва амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган барча ғоя, ташаббус ва таклифларни ҳар томонлама муҳокама қилиб, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ролини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган барча ғоя, ташаббуслар ва таклифлар тўлиқ қўллаб-қувватлансин ҳамда Қонунчилик палатасининг келгуси фаолияти учун асос сифатида қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракцияларига:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларни атрофлича муҳокама қилиш;
Мурожаатномада илгари сурилган таклиф ҳамда ташаббуслар бўйича амалга оширилаётган ишларни сайловчиларга атрофлича етказиш, бу борада кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларни ҳар томонлама кўриб чиқиб, уларни амалга оширишга доир барча зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари билан ҳамкорликда фракциялараро дебатлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони:
бир ҳафта муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён этилган барча ғоя, таклиф ҳамда ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича медиа-режа ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Қонунчилик палатаси Кенгаши муҳокамасига киритсин;
беш кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарнинг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси бўйича таклифларини умумлаштирсин;
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарнинг таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йилга мўлжалланган Иш режаси лойиҳасини тайёрласин ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгашига тасдиқлаш учун киритсин.
5. Ушбу Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисига киритилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 7 январь,
681-IV-сон