Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2011 йил 31 октябрда тақдим этилган Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги Давлат бюджетини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги макроиқтисодий кўрсаткичлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджети параметрлари қабул қилинсин, шунингдек Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлашга, аҳолининг даромадлари даражасини ва турмуш фаровонлигини оширишга ҳамда инфляция даражасини мақсадли прогноз кўрсаткичлар доирасида сақлашга қаратилган демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштиришни давом эттирсин;
иқтисодиёт ҳамда аҳоли даромадларига тушаётган солиқ юкини янада камайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, янги корхоналар барпо этиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳисобига солиқ базасини кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни кўрсин. Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши инвестиция муҳитини яхшилашга, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантиришга ёрдам беради;
аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатадиган давлат харажатларининг, шу жумладан таълимни ривожлантиришга, тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш харажатларининг устуворлигини таъминласин;
жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози салбий оқибатларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича мамлакатда қабул қилинган, иқтисодий ўсишнинг узоқ муддатли барқарор суръатларига ҳамда иқтисодиётнинг мувозанатли ривожланишига эришишни назарда тутадиган Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури бундан буён ҳам амалга оширилишини таъминласин;
мамлакатда ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида инвестиция ва инновация жараёнларини рағбатлантириш орқали иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштиришга йўналтирилган таркибий ўзгартиришлар ҳамда иқтисодиётни диверсификация қилиш дастурларини амалга оширишни давом эттирсин;
ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини янада ривожлантириш, шунингдек мамлакатни модернизация қилиш, бандликни таъминлаш ва аҳоли турмуш сифатини оширишнинг энг муҳим омили сифатида хизмат кўрсатиш соҳасини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттирсин;
2008 — 2012 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурини амалга оширишни давом эттирсин;
маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини янада мустаҳкамлаш ва бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрсин;
бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан мақсадли, манзилли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назоратни таъминлаш, давлат харидлари жараёнини тартибга соладиган, давлат харидларини жойлаштиришда ошкораликни, очиқ-ойдинликни таъминлашга ҳамда рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини берувчи молиялаштиришнинг норматив усулларини жорий этишни кенгайтириш ҳисобига харажатларни мақбуллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини такомиллаштириш бўйича ишни давом эттирсин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тақчиллигини 2012 йил 1 январь ҳолатига кўра республика бюджетининг зарурий айланма касса нақд маблағлари ҳажмидан ортиқча эркин қолдиқлари ва бошқа ноинфляциявий манбалар ҳисобидан молиялаштирсин;
солиқ-бюджет қонунчилигидаги ўзгаришлар тўғрисида мунтазам равишда тушунтириш ишларини олиб борсин, бу ўзгаришларни барча солиқ тўловчилар ва бюджетдан маблағ олувчилар эътиборига етказсин.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган параметрлари бажарилишини таъминласин, минтақаларнинг солиқ базасини кенгайтириш ва иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўрсин, бюджет маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши устидан қаттиқ ва таъсирчан назорат ўрнатсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 5 декабрь,
255-II-сон