Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган Бюджетномани, шу жумладан асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозини, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари концепциясининг лойиҳаларини кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 8-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 97-моддасига мувофиқ қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йил 11 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги 276-III-сонли Қарори маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилинсин, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
иқтисодиётнинг барқарор ўсишини рағбатлантиришга, аҳоли фаровонлигини оширишга ва инфляция даражасини мақсадли прогноз кўрсаткичлари доирасида сақлашга қаратилган самарали чора-тадбирларни кўрсин;
маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш орқали хусусий мулкнинг роли ва ўрнини юксалтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада кўпайтиришга доир ислоҳотларни давом эттирсин;
иқтисодиётга ва аҳоли даромадларига тушадиган солиқ юкини янада камайтиришга, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида унинг рағбатлантирувчи ролини оширишга қаратилган солиқ ҳамда пул-кредит сиёсатини изчил амалга оширишга доир чора-тадбирлар кўрилишини таъминласин;
аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган ахборот-коммуникация тизимларини, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини, уй-жой-коммунал хўжаликларини ривожлантириш суръатларини тезлаштириш ҳамда кенгайтиришга, шунингдек суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга доир дастурларнинг рўёбга чиқарилишини жадаллаштирсин;
замонавий технологияларни илдам суръатларда ривожлантириш ва модернизациялашни, фаол ўзлаштириш ҳамда жорий этишни, шунингдек жаҳон бозорида тенг рақобатлаша оладиган тармоқ ва корхоналарни аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлашни таъминласин;
корпоратив бошқарув тизимининг принцип ва ёндашувларидаги ўзгаришлар давом эттирилишини, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестиция жараёнларига замонавий халқаро корпоратив менежмент стандартларининг жорий этилишини, корпоратив бошқарувнинг намунавий тузилмалари яратилишини таъминласин;
ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштирилишини янада чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, ички талабни шакллантириш ва бозорни зарур истеъмол товарлари ҳамда бутловчи буюмлар билан тўлдириш, аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларини ҳал қилиш юзасидан чора-тадбирлар кўрсин;
муҳтож оилаларнинг мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватланишини кучайтириш орқали кекса ёшдаги инсонлар ва ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга доимо эътибор бериш чора-тадбирларини давом эттирсин;
2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра айланма касса маблағининг зарур миқдоридан ортиқ бўлган республика бюджетининг бўш қолдиқлари ва бошқа ноинфляцион манбалар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини молиялаштирсин.
4. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган тегишли параметрлари бажарилишини таъминласин, минтақаларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин, бюджет маблағларидан манзилли, мақсадли ва самарали фойдаланилаётганлиги устидан қатъий назорат ўрнатсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 3 декабрь,
СҚ-61-III-сон