Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўтган даврдаги фаолияти якунларига ҳамда келгуси йиллардаги устувор вазифаларга бағишланган маъруза тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўтган даврдаги фаолияти якунларига ҳамда келгуси йиллардаги устувор вазифаларга бағишланган маърузани тинглаб, Олий Мажлис Сенати қайд этадики, истиқлолнинг дастлабки йилларида давлат раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ва дунё миқёсида «ўзбек модели» сифатида эътироф этилган Ўзбекистон тараққиёт йўлининг ҳеч қандай муқобили йўқлигини мустақилликнинг ўтган чорак асрлик даври очиқ-ойдин кўрсатиб берди.
Шу даврда мамлакатда 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган устувор қоидаларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш мақадида давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди ва том маънодаги тарихий ютуқлар қўлга киритилди.
Мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ўсди. Кейинги 11 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари барқарор равишда 8 фоиздан юқори бўлиб қолмоқда. Давлатнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 18,5 фоиздан ошмаяпти.
Аҳоли турмуш даражасининг ўсиши, ҳаёти сифатининг яхшиланиши, соғлиқни сақлаш тизимининг тубдан ислоҳ этилиши натижасида одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етди, оналар ва болалар ўлими кескин камайди.
Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти тамойилларига мос бўлган парламентни шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
2005 йилдан бошлаб икки палатали парламентнинг фаолият юритиши давлат ҳокимиятлари ўртасида ўзаро бир-бирини тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини сақлашнинг самарали тизимини яратиш, умумдавлат ва минтақалар манфаатлари мутаносиблигини таъминлаш, давлат ва жамият қурилишида фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг кўламини кенгайтириш имконини берди.
2010 йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси нафақат парламент фаолияти ривожида, балки жамият тараққиётида ҳам янги босқични бошлаб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сенатнинг 2015 йил 22 январдаги мажлисидаги нутқи, парламент палаталарининг 23 январдаги қўшма мажлисидаги, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида белгилаб берилган устувор вазифалар янги таркибдаги Сенат фаолиятида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, Сенатнинг қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш, шунингдек қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштиришга таъсирини кучайтириш борасидаги фаолиятини тубдан яхшилаш чоралари кўрилди.
Қабул қилинаётган қонунлар ва қарорлар мазмун-моҳиятини кенг аҳоли эътиборига, айниқса, ижрочиларга етказиш масаласига эътибор кучайтирилди.
Парламент назорати самарадорлигини ошириш Сенат фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди. Қонунларнинг тўлиқ ишлашини таъминлайдиган тегишли қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилиши устидан мониторинг олиб боришга эътибор кучайди.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этишга ваколат доирасида кўмаклашиш Сенат қўмиталари ва сенаторларнинг кундалик ишига айланди. Бунда парламент сўрови ва сенатор сўрови имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сенатнинг маҳаллий Кенгашлар билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди. Натижада Сенатнинг маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлиги кучайди. Сенат қўмиталари ва комиссияларининг деярли барча йўналишлардаги фаолиятига маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаол жалб этилаётгани долзарб ҳудудий масалаларни аниқлаш ва уларнинг ечими юзасидан асосли қарорлар қабул қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Умуман олганда, мустақиллик йилларида парламентимиз томонидан 16 та кодекс ва 800 дан ортиқ қонун қабул қилингани, шу жумладан 2005 йил ва 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида Сенатнинг ялпи мажлисларида 900 дан ортиқ масала, хусусан 410 дан ортиқ қонуннинг кўриб чиқилгани парламент иши кўламдорлигини акс эттирувчи муҳим жиҳатлардан биридир.
Шу билан бирга, таҳлиллар Сенат фаолиятида ўз ечимини кутаётган масалалар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Сенатнинг Ҳаракат дастурида белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш келгусида ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
«Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунда белгиланган парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланишга эътиборни кучайтириш, бунда ҳар бир сенаторнинг фаоллигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликни янада кучайтириб, улар фаолиятига услубий ва амалий ёрдам кўрсатиб боришга алоҳида эътибор қаратиш тақозо этилмоқда.
Ҳудудлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни қамраб олиш мақсадида қўмиталарнинг жойлардаги аъзолари — сенаторларнинг Сенат иш режаларини шакллантиришда фаол иштирок этишини таъминлаш ҳам муҳимдир.
Сенат қўмиталари, ҳар бир сенаторнинг оммавий ахборот воситалари, айниқса, маҳаллий нашрлар ва телерадиоканаллар билан ҳамкорлигини янада кучайтириш бугунги куннинг талабидир.
Сенатнинг халқаро ва парламентлараро алоқалар борасидаги фаолиятида самарадорликни янада ошириш устувор вазифалар ижросини муваффақиятли таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Палаталар қўмиталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширишда самарали ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида Мувофиқлаштирувчи кенгаш имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Сенат иши самарадорлигини янада ошириш мақсадида Сенат девони фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг келгуси йиллардаги устувор вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўтган даврдаги фаолияти якунларига ҳамда келгуси йиллардаги устувор вазифаларга бағишланган маъруза маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари:
янги қабул қилинган қонунларнинг ижросини таъминлаш учун қабул қилиниши зарур бўлган қонуности ҳужжатларининг аниқ рўйхатини шакллантириш асосида уларнинг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторинг олиб боришга доир фаолиятини кучайтирсин;
қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятида эксперт гуруҳлари аъзоларининг доимий ва фаол иштирокини таъминлаш чораларини кўрсин;
қонун ҳужжатлари ижросининг ҳолатини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш якунлари бўйича қонун ёки қонуности ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги тавсиялар ишлаб чиқилишига эътибор қаратсин. Бунда 2000 йилгача қабул қилинган қонунлар ижросининг ҳолатини ўрганиш масаласига алоҳида аҳамият берсин;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар бўйича парламент сўрови юбориш юзасидан асосли таклифлар ишлаб чиқишга доир фаолиятини кучайтирсин;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан Сенат, унинг Кенгаши ва қўмиталар қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитишга эътибор қаратсин;
иш режалари шакллантирилаётганда ҳудудлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар қамраб олинишига эришган ҳолда, ушбу жараёнда жойлардаги сенаторлар имкониятларидан самарали фойдалансин;
иш режаларида белгиланган тадбирларни ўтказиш билангина чекланиб қолмай, минтақада ва жаҳонда содир бўлаётган муҳим воқеа ва ҳодисалардан ҳамда жамият ҳаётида юз бераётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, янги таклиф ва ташаббуслар илгари сурилишига эришсин;
қонун ижодкорлиги фаолиятини ва ўтказилаётган назорат-таҳлил ҳамда бошқа тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда қиёсий таҳлил, танқид ва таклифларга алоҳида эътибор қаратсин.
3. Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси (Т. Мадумаров):
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш ҳамда улар фаолиятига амалий ва услубий жиҳатдан кўмак кўрсатишга доир ишини кучайтирсин;
Сенат Кенгашининг 2010 йил 30 декабрда қабул қилинган Қарори билан тасдиқланган Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламентининг янги таҳрирда ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши чораларини кўрсин. Бунда регламентга янги ижтимоий-сиёсий шароитларда маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирларни, хусусан депутатлик назорати шаклларини, маҳаллий Кенгашлар томонидан назорат фаолияти амалга оширилишининг тартиб-таомиллари батафсил баён этилишини назарда тутувчи ўзгариш ва қўшимчалар киритишга эътибор қаратсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Сенат комиссиясига ёрдам берувчи ишчи гуруҳлар фаолиятини кучайтириш чораларини кўрсин;
Сенат аъзоларининг масъулиятини ошириш мақсадида уларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдида ҳисоб беришининг аниқ механизмларини ишлаб чиқсин;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан мунтазам туркум тадбирлар (конференциялар, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ва бошқа тадбирлар) ўтказиб боришга алоҳида эътибор қаратсин.
4. Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси (С. Сафоев):
Сенатнинг халқаро ва парламентлараро алоқалар борасидаги фаолиятида самарадорликни янада оширишга доир ишларни яхшилаш чораларини кўрсин;
ривожланган хорижий давлатлар парламентлари, нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш учун улар билан тегишли меморандумлар, битимлар имзолаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин.
5. Олий Мажлис палаталарининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга:
Олий Мажлис палаталари қўмиталарининг назорат-таҳлил ва бошқа тадбирларни ўтказишга доир фаолиятида такрорланишларнинг олдини олиш ва улар иш режаларидаги тадбирларни мақбуллаштиришга доир иш самарадорлигини ошириш чораларини кўриш;
Олий Мажлис палаталари ўртасида қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти масалаларига доир ахборот-таҳлилий ва бошқа материалларни ўзаро алмашишни ташкил этишга оид ишни яхшилаш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига тегишли ҳудудларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан сўров юборишга доир ҳуқуқдан самарали фойдалансин;
оммавий ахборот воситалари, айниқса, маҳаллий нашрлар ва телерадиоканаллар билан ҳамкорликни кучайтирсин;
ҳудудлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар таҳлилидан келиб чиқиб, Сенат қўмиталари иш режаларига киритиладиган тадбирлар юзасидан таклифларни мунтазам тақдим этиб борсин.
7. Сенат девони (А. Тамиқаев):
қисқа муддатларда Сенат девони бўлимларининг иш амалиётини танқидий ўрганиб чиқсин, бўлимлар иши самарадорлигини ошириш мақсадида Сенат девони низомининг янги таҳририни ишлаб чиқсин;
Сенат фаолиятини интернет орқали ёритиб бориш ишларини тубдан яхшилаш учун Сенат веб-сайтини такомиллаштириш чораларини кўрсин.
8. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари С.Б. Артикова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 24 август,
СҚ-94-III-сон