Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ТАРМОҒИНИ 2010 ЙИЛГАЧА БЎЛГАН ДАВРДА РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ МИЛЛИЙ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар ва аҳолининг бозор иқтисодиёти шароитларида алоқа хизматларига нисбатан ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондиришни таъминлайдиган телефон алоқасини янада ривожлантириш, мавжуд телекоммуникация тизилмаларини замонавийлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоғини 2010 йилгача бўлган даврда реконструкция қилиш ва ривожлантириш миллий дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Алоқа вазирлиги ва «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг «Сименс» акционерлик жамияти, DАЕWОО компанияси ва бошқалар иштирокида юқори технологик алоқа асбоб-ускуналари ва толали-оптик кабель ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, импорт ўрнини босувчи телекоммуникация асбоб-ускуналари ва толали-оптик алоқа кабелини ишлаб чиқарувчи ва хизматлар кўрсатувчи янги ташкил этилаётган қўшма корхоналар ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўриш, уни ўзлаштириш даврида ҳамда маҳсулот (хизматлар) ишлаб чиқарилган вақтдан бошлаб дастлабки беш йилда даромад (фойда) солиғини тўлашдан озод этиладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги алоқа соҳасида вакил қилинган давлат бошқарув органи ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили капитал қўйилмалар прогнозларини тасдиқлашда Алоқа вазирлигига Миллий дастурда белгиланган топшириқларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағ билан таъминлаш манбаларини белгиласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Давлат мулки қўмитаси, Алоқа вазирлиги, «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 2 июлдаги 613-ХII-сон қарори 10-банди билан белгиланган давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш, сотиб олиш ва ижарага бериш мумкин бўлмаган алоқа корхоналари турлари ҳамда гуруҳлари бўйича чеклашларни бекор қилишга оид таклифлар киритсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 31 июлдаги 380-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
8. Умумдавлат телефон тармоғига чиқадиган ўз телефон станцияларига эга бўлган вазирликлар, идоралар ва корхоналар ўз АТСларини умумий фойдаланишдаги рақамли телефон станциялари билан биргаликда ишлаши учун зарур бўлган коммуникация асбоб-ускуналарини ва улаш линиялари асбоб-ускуналарини замонавийлаштиришни алоқа корхоналари билан келишилган муддатларда таъминласинлар.
9. Белгилаб қўйилсинки, турар жой, ижтимоий-маданий ва ишлаб чиқариш мақсадларидаги объектларни лойиҳалаштириш ҳамда қуришда Алоқа вазирлиги корхоналари техник шартларига кўра телефонлаштириш ва радиолаштириш ташқи тармоқларини қуриш ишларининг қиймати йиғма сметага мажбурий тартибда киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда телекоммуникация тармоғини реконструкция қилиш ва ривожлантириш вазифаларининг амалга оширилишини таъминловчи чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин;
мазкур қарорда белгиланган вазифаларни бажариш бўйича алоқа корхоналари фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин;
амалдаги қонунчилик ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисидаги таклиф белгиланган тартибда киритилсин.
11. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг «Ўзбекистон ССР Алоқа вазирлиги тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 1968 йил 22 августдаги 402-сон қарори (ЎзССР ҚТ, 1968 й., 6-сон, 49-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Р.Р. Юнусов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 1 август,
307-сон
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоғини 2010 йилгача бўлган даврда реконструкция қилиш ва ривожлантириш миллий
ДАСТУРИ
Миллий (маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро) телефон тармоғини, телеграф алоқаси тизимини, маълумотларни узатишни, факсимиль алоқани, телевидение дастурлари ва овозли эшиттириш дастурларини тақсимлашни ўз ичига олувчи телекоммуникация тармоқлари инфраструктуранинг энг муҳим элементи ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришни рағбатлантирувчи ахборотни тарқатишнинг энг мақбул муҳити ҳисобланадилар.
1. Дастурнинг мақсади ва вазифалари
Дастурнинг мақсади жаҳон телекоммуникация тизимига чуқурроқ интеграциялашни назарда тутувчи ҳамда мамлакат иқтисодиёти ва аҳолисининг алоқа хизматларига бўлган эҳтиёжларини ҳар томонлама қондиришни таъминловчи рақамли узатиш тизими ва рақамли коммуникация асбоб-ускуналари базасида миллий телекоммуникация тармоғини яратиш ҳисобланади.
Дастурнинг асосий вазифалари қуйидагилардир:
телекоммуникацияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;
телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш принципларини шакллантириш;
телекоммуникация тармоғини ривожлантиришга нодавлат манбалар маблағларини, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
коммуникацияларнинг халқаро талабларга жавоб берадиган моддий-техника базасини яратиш, хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда телекоммуникация асбоб-ускуналарини, толали-оптик кабель ишлаб чиқаришни ташкил қилиш;
телекоммуникациялар техник асосларини шакллантиришда республиканинг суверен ҳуқуқларига ва минтақавий тузилмалар манфаатларига риоя қилиш ҳамда телекоммуникация тизимларини яратиш ва ишлатиш жараёнида уларнинг ўзаро алоқаларини ташкил этиш.
2. Ривожлантиришнинг асосий йўналишлари
Телекоммуникация жаҳон иқтисодиётининг энг динамик ва даромадли тармоқлари қаторига киради.
Телефон билан таъминланганлик даражаси — ҳар қандай мамлакат алоқаси ривожланганлик даражасининг интеграл кўрсаткичи ҳисобланиб, у асосий абонент терминаллари ва линиялари сонини, монтаж қилинган АТС сиғимини ва шаҳарлараро алоқа линияларини акс эттиради. Айнан мана шунинг учун ҳам телефон билан таъминланганлик даражаси Халқаро валюта фонди томонидан давлатнинг иқтисодий даражасига таъриф беришда фойдаланиладиган иқтисодий кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Йил бошига телефон билан таъминланганлик даражаси (сони) республиканинг ҳар 100 аҳолисига 6,7 телефони ташкил қилади, у Халқаро электр алоқа уюшмаси қабул қилган ўртача нормативдан бир неча баравар кам бўлиб, Ҳиндистон, Покистон, Эрон каби мамлакатлар билан қиёсланиши мумкин. Таққослаш учун Германияда ҳар 100 аҳолига — 44,8 телефон, Францияда — 52,3, Англияда — 45,1, Туркияда — 16,2 телефон тўғри келади. Республикада ҳозирги кунда шаҳарда ҳар бир иккинчи оила, қишлоқ жойларда ҳар бир ўнинчи оила телефон билан таъминланган.
Тармоқнинг аҳволи моддий-техник базанинг ривожланган мамлакатлардагидан 20—30 йил орқада қолганлиги, алоқа воситалари билан жиҳозланмаганлик даражаси, кўрсатилаётган алоқа хизматлари сифатининг пастлиги, рақамли тармоқ ва сервис хизматларнинг ривожланмаганлиги, ахборот пакетини коммутация қилиб, маълумотларни замонавий юқори тезликда узатиш тармоғининг йўқлиги, алоқа воситалари эскириш даражасининг юқорилиги (50 фоиздан ортиқ) билан ифодаланади. Республика телекоммуникация тармоғининг жиддий нуқсони аналог тизимлардан фойдаланиш ҳисобланади, айни бир вақтда жаҳондаги барча ривожланган мамлакатлар 180 тагача хизмат турларини (аналог тизимники 15 тадан ортмайди) кўрсатадиган рақамли телефон станцияларидан фойдаланмоқдалар.
Жаҳон амалиёти алоқа хизмати рентабеллиги учта даражада бўлишини кўрсатади:
юқори рентабелли хизмат — халқаро ва шаҳарлараро телефон алоқаси;
шаҳар телефон алоқаси — рентабеллиги ўртача хизмат;
қишлоқ телефон алоқаси хизмати — асосан зарар келтирадиган хизмат тури ҳисобланади, айниқса қишлоқ жойларда реконструкция қилиш ва ривожлантиришнинг бошланғич ёки телефонларни кўпайтириш босқичида.
Алоқа хизматида юзага келган рентабелликнинг бу учта даражасидан келиб чиқиб, биринчи навбатда шаҳарлараро ва халқаро телефон алоқасини ривожлантириш ҳамда реконструкция қилиш чора-тадбирлари амалга оширилади, бунинг натижасида олинадиган фойдадан эса маҳаллий телефон алоқасини ривожлантиришда фойдаланилади.
Ўзбекистон алоқа воситаларини ривожлантириш уч босқичда амалга оширилади (1, 2, 6-жадваллар*).
* Жадваллар келтирилмайди.
Биринчи босқичда (1994 — 2000 йиллар) 1997 йилгача Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида халқаро ва 400 минг номерга эга бўлган янги авлод шаҳар телефон станцияларини ишга тушириш биринчи навбатдаги вазифалар сифатида белгиланган. Маънавий ва жисмоний эскирган, ишлаш муддатларини ўтаб бўлган асбоб-ускуналарни алмаштириш амалга оширилади.
I босқич охирига келиб телефон билан таъминланганлик даражаси (телефонлар сони) республиканинг 100 аҳолисига 10,1 ни ташкил қилади, бу 1994 йилдаги даражадан 1,5 баравар ортиқ бўлади, демакдир.
Давр охирига келиб алоқа тизимини рақамлаштириш даражаси 40 фоизни ташкил қилади.
Худди мана шу даврда, толали-оптик алоқа кабели асосида Хитойни Европа билан боғлайдиган Транс-Осиё-Европа кабель магистрали (ТАЕ)нинг республика ҳудудидан ўтадиган қисмининг қурилиши таъминланади. Тошкент, Нукус ва вилоятлар марказлари ўртасида рақамли толали-оптик ва радио релели алоқа линияларини қуриш амалга оширилади, бу шаҳарлараро ҳамда халқаро телефон каналлари сонини кескин кўпайтириш, маълумотларни пакетли коммутация билан узатиш республика тармоғини ва жаҳоннинг барча мамлакатларига чиқишни таъминлайдиган халқаро телекс станцияни яратиш имконини беради.
Иккинчи босқич (2001 — 2005 йиллар) республика шаҳарлари ва туманлар марказларида маҳаллий телефон тармоқларини рақамлаштириш ишининг жадал олиб борилиши билан ифодаланади, қишлоқ жойларда замонавий АТСларни жорий қилиш, шунингдек, қишлоқда радиотелефон алоқасини қўллаш кўлами кенгайтирилади. II босқич охирига келиб телефон билан таъминланганлик даражаси республиканинг 100 аҳолисига 10,9 телефонга етади, рақамлаштириш даражаси 70 фоизни ташкил қилади.
Учинчи босқич (2006 — 2010 йиллар) республика телекоммуникация тармоғини янги база — рақамли телефон станциялари ва узатиш тизимлари асосида яратиш бўйича техник ва ташкилий ишларни якунлашни назарда тутади. Қишлоқ жойларда эскирган асбоб-ускукаларни алмаштириш тугалланади. Республика 100 аҳолисига телефон билан таъминланганлик даражаси 13,4 ни ташкил қилади (6-жадвал).
Республика иқтисодиёти имкониятларининг чекланганлиги туфайли учинчи босқич охирига келиб режалаштирилаётган телефон билан таъминланганлик даражаси Халқаро электр алоқаси уюшмаси тавсия этаётган, мамлакат иқтисодиётини бозор шароитларида муваффақиятли ривожлантириш учун шарт-шароит яратадиган телефон билан таъминланганлик даражаси — 100 кишига 25 телефон таъминлай олмайди. Шу билан бирга, мазкур масала алоқа корхоналарини хусусийлаштиришда кўриб чиқилади, чунки бу хусусийлаштиришнинг шартларидан бири инвестицияларни телефон билан таъминланганлик даражаси 100 кишига 20 ва ундан ортиқ телефон бўлишига эришишни таъминлашга йўналтиришдир.
Дастурнинг энг муҳим йўналишларидан бири рақамли телекоммуникация алоқа тармоғини босқичма-босқич яратиб, уни кейинчалик хизматларни интеграциялаб рақамли тармоққа (ISDN) ўтказишдир.
Барча босқичларда муассаса телефон алоқаси секторини, радиотелефон ва мобиль (уяли) алоқани ривожлантириш ишлари жадаллаштирилган тарзда бажарилади, алоқанинг космик тизими янада ривожлантирилади ва такомиллаштирилади. «Уяли алоқа» радиотелефонлар сони 150 мингга (ҳозирги кунда — 1 мингта), қишлоқ радиотелефон тизимлари сиғими ҳозирги 181 минг ўрнига 360 мингтага, муассаса (идора) телефон алоқалари сиғими 530 минг телефон номерига етади, буларни, шунингдек, уларни уловчи линияларни қуриш алоқа корхоналарининг техник шартлари бўйича буюртмачи ҳисобига амалга оширилади.
Миллий алоқа тармоғини мўлжалланилаётган техник қайта жиҳозлаш вазирликлар, идоралар ва мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналарнинг алоқа хизматларига бўлган барча асосий эҳтиёжларини қондириш имконини беради. Идоралар линиялари қурилиши асосан технологик жараёнларни қондириш мақсадидагина амалга оширилади. Умумфойдаланишдаги бошланғич тармоқлар ва идоралар тармоқларини ўзаро боғлаш учун каналлар ва тармоқ трактларига бўладиган эҳтиёж коммуникациялашмайдиган каналлар ва трактларга бўлган умумий эҳтиёжда ҳисобга олинган.
Муассаса ва ташкилотда телефонга эҳтиёж 8 тадан ортиқ бўлганда, қоидага кўра, офисларни телефонлаштириш муассаса АТС ва коммутаторларни ўрнатиш орқали амалга оширилади.
Тармоқ учун мутахассисларни тайёрлашни Тошкент алоқа электр техника институти, Тошкент алоқа коллежи, Тошкент телекоммуникация кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашни Марказий Осиё минтақавий марказида, шунингдек, хорижий фирмалар билан тузилган контрактлар доирасида амалга ошириш мўлжалланган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Телекоммуникация асбоб-ускуналари ва толали-оптик алоқа кабелини саноатда ишлаб чиқариш
Ўзбекистон саноатининг ҳозирги кундаги имкониятлари телекоммуникация асбоб-ускуналарини, узатиш тизимлари ва толали-оптик кабелни зарур миқдорда ҳамда сифатли ишлаб чиқариш имконини бермайди. Мис сим қўлланиладиган кабель маҳсулоти кенг ассортиментда ва етарли миқдорда ҳозирги кунда «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси таркибига кирувчи учта бирлашмада ишлаб чиқарилмоқда. Толали-оптик кабелларни кичик серияда «Электросигнал» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ишлаб чиқармоқда. У бу маҳсулотни Россиядан олинадиган хом ашёни ўз ишлаб чиқаришига мослаб қайта ишлаб Россия технологияси бўйича чиқаришни ўзлаштирган. Оптик кабелларни ишлаб чиқаришда жаҳон даражасини таъминлаб кейинчалик Жаҳон бозорига чиқиш учун хорижий фирмалар технологиялари ва инвестицияларини қўшма корхоналар ташкил этиш шаклида жалб қилиш зарур бўлади.
Миллий дастурда 1995 — 1997 йилларда хорижий инвестицияларни жалб қилиб республикада толали-оптик алоқа кабелларини, узатиш ва коммутациянинг рақамли тизимларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш назарда тутилган.
Алоқа вазирлиги ва «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан SIЕМЕNS акционерлик жамияти (Германия) имзолаган Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоғини ривожлантириш ва модернизациялаш соҳасидаги ҳамкорлик дастурини ривожлантира бориб, шунингдек, хорижий компаниялар маблағларини жалб қилиш мақсадида республикада замонавий телекоммуникация асбоб-ускуналари ва толали-оптик алоқа кабелини саноатда ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга оширмоқда.
Ҳозирги кунда ижарадаги «Электросигнал» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва SIЕМЕNS ҳамда Тurk SIЕМЕNS (Туркия) фирмалари ўртасида толали-оптик алоқа кабелини ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бу жараёнда NОКIА (Финляндия), PIRELLI (Италия) фирмалари ва бошқа етакчи фирмаларнинг иштирок этишига оид таклифлар ўрганилмоқда, бу Ўзбекистонга мазкур маҳсулот билан фақат Марказий Осиё бозорларига эмас, балки бошқа мамлакатлар бозорларига чиқиш имконини беради.
SIEMENS фирмаси, унинг SIMKO (Туркия) шуъба фирмаси бир томондан ва «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси корхоналари — «Интегратор» заводи ва «Ўзбеккосмос» давлат агентлиги «Гранит» Марказий Осиё монтаж-технология бошқармаси иккинчи томондан, қишлоқ рақамли телефон станциялари, туманлар марказлари учун EWSD станциялари, EWSDни кенгайтириш учун асбоб-ускуналар, муассаса АТСлари, рақамли узатиш тизимлари, аналог-рақамли ўзгартиргичларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича таъсис ҳужжатлари ва техник иқтисодий асослашларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Алоқа вазирлиги Жанубий Кореянинг ДЭУ фирмаси билан Урганч шаҳрида қурилаётган алоқа воситалари заводи базасида қишлоқ рақамли телефон станцияларини ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. ДЭУ фирмаси технологик ускуналарни етказиб беришни таъминлайди ва кейинчалик ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун зарур кредитларни беради.
Грециянинг «Вардинояннис» ва «Цомбос» фирмалари билан ахборот-коммутация материалларини узатишнинг рақамли тизимларини ва шаҳар ҳамда қишлоқ телефон тармоқлари линия хўжалиги учун зарур компонентлар (кўплаб талаб этиладиган кросс асбоб-ускуналар, боксли тақсимлаш шкафлари, тақсимлаш коробкалари ва кабель муфталари)ни ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналарни ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Давлат фаолият учун тенг шарт-шароитлар яратиш ва рақобатни ривожлантириш мақсадида қўшма корхона ишлаб чиқарадиган маҳсулотни сотишда қандайдир имтиёзлар ёки устуворликлар беришдан ўзини тияди.
4. Миллий дастурни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва маблағ билан таъминлаш
Бозор иқтисодиётига ўтиш босқичи шарт-шароитларида иқтисодиётни ривожлантириш кўп жиҳатдан асосий вазифаси содир бўлаётган жараёнларни бозор муносабатлари ва тартибларини ҳақиқий иқтисодий вазият ҳамда иқтисодиётнинг айрим соҳаларини бозор механизмларининг ишлаш принципларни қабул қилишга тайёрлиги билан мувофиқлашиб изчил ва мақсадга мувофиқ шакллантиришдан иборат бўлган давлат томонидан тартибга солиниши билан белгиланади.
Телекоммуникацияни давлат томонидан тартибга солиш ва қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари қуйидагилардир:
алоқа тизимини ташкил этишнинг умумий ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини аниқлаш;
телекоммуникация воситаларига эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш ва бошқариш соҳасида юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгилаш;
телекоммуникация соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ва телекоммуникация идора воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш;
телекоммуникация воситалари устидан давлат техник назоратини амалга ошириш;
телекоммуникация воситалари орқали берилаётган ахборотда давлат хавфсизлиги манфаатларини ва ахборотнинг махфийлигини таъминлаш;
нодавлат телекоммуникация тизимлари ташкил этилишини рағбатлантириш, бу тизимларга хорижий инвестициялар жалб этилиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш, хорижий капиталнинг давлат телекоммуникация тармоғига кириб келишини тартибга солиш;
маҳаллий телефон тармоқларини реконструкция қилиш ва ривожлантиришга солиқ, бож, амортизация борасида ва бошқаларда имтиёзлар бериш, шунингдек, қисман давлат бюджети ҳисобидан маблағ билан таъминлаш.
Телекоммуникация тармоғини реконструкция қилиш ва ривожлантириш миллий дастурини маблағ билан таъминлашни асосан алоқа корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобига, шунингдек қуйидаги манбалар ҳисобига амалга ошириш назарда тутилади:
хорижий инвестициялар;
хорижий кредитлар;
бюджет маблағлари;
алоқа истеъмолчилари (аҳоли, ташкилотлар, муассасалар) маблағлари.
Алоқа корхоналарининг маблағлари шаҳарларда шаҳарлараро телефон тармоқларини, станциялараро ва магистрал алоқа линияли телефон станцияларини, туманлар марказларида радиотелефон алоқанинг комплекс асбоб-ускунали телефон станцияларини қуришга, шунингдек хорижий кредитларни қайтаришга йўналтирилади.
Алоқа корхоналари томонидан маблағ билан таъминловчи хорижий органларнинг асбоб-ускуналарни етказиб беришга берадиган кредитларини жалб қилиш янада ривожланади. Бунда Алоқа вазирлиги томонидан контрактда келишилган хорижий валютадаги тўловларни ўтказиш масаласини ҳал қилиш таъминланади.
Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Алоқа вазирлиги томонидан телекоммуникация тармоқларини ривожлантиришга хорижий давлатлар ҳукумат кредитларини KFW (Германия) ва ОДА (Япония) дастурларига ўхшаш имтиёзли асосда жалб қилиш иши давом эттирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маблағлари, ташкилотлар, муассасалар ва аҳоли маблағи ҳисобига АТС биноларини, тақсимлаш тармоқларини, телефонлаштириш ички тармоқлари ва радиотелефон тизимлари абонент станцияларини қуриш назарда тутилади.
Телефон алоқаси воситаларини ривожлантириш масалаларини ҳал қилишга аҳоли маблағларини жалб қилиш ҳам назарда тутилган. Бу биринчи навбатда, шаҳарлар ва қишлоқ туманларида уйлар якка тартибда қурилаётган жойларда тақсимлаш тармоқларини қуриш харажатларини қоплаш учун қилинади.
Эркин тарифларга босқичма-босқич ўтилиши билан Алоқа вазирлиги хизматлар қиймати асосий кўрсаткичларини фойдаланиш харажатларини ҳақиқий қоплашни таъминлаш ва корхоналарнинг барқарор ривожланишлари учун зарур бўладиган жамғарма фондларини шакллантиришга яқинлаштириш ишини амалга ошириб боради. Аммо хизматлар истеъмолининг шаклланган даражаси ҳамда кенг аҳоли қатламининг моддий таъминланганлик даражаси тарифларни жаҳон кўрсаткичларигача кўтариш имконини бермайди, бу айниқса маҳаллий телефон алоқасига тегишлидир. Бозор иқтисодиётига ўтиш даврининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири — аҳолининг барча қатламларини ижтимоий ҳимоялаш зарурлигини назарда тутиб, мазкур босқичда маҳаллий телефон алоқаси хизматлари тарифлари даражасини аҳолининг ҳақиқий даромадларига мувофиқ келадиган даражада сақлаш мақсадга мувофиқдир. Бу шароитларда телекоммуникация тармоқларини реконструкция қилиш ва ривожлантириш миллий дастурининг амалга оширилиши бюджет ҳисобидан тўғридан-тўғри маблағ билан таъминлаш, солиқ ва бошқа имтиёзларни бериш, алоқа корхоналарини хусусийлаштиришдан тушган маблағларни йўналтириш йўли билан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳисобига таъминланади,
Бунда бошланғич босқичда ҳар йили республика бюджетидан 150 млн сўм миқдорида бюджет маблағларини ажратиш, шунингдек алоқа корхоналарини қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилиш назарда тутилади. Алоқа корхоналарини хусусийлаштириш бошланишига кўра давлат томонидан қўллаб-қувватлаш хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларнинг 80 фоизини йўналтириш ҳисобига амалга оширилади.
Умуман давлат томонидан қўллаб-қувватлаш миқдори Миллий дастурни амалга ошириш учун зарур бўладиган инвестициялар умумий ҳажмининг 15 — 18 фоизи атрофида бўлади (3, 4-жадваллар*).
* Жадваллар келтирилмайди.
Бюджет маблағларини аҳоли, давлат бошқарув органлари, мудофаа ҳамда хавфсизлик манфаатларига хизмат қилувчи шаҳарлараро ва халқаро электр алоқани реконструкция қилиш ва ривожлантириш харажатларини маблағ билан таъминлашга йўналтириш назарда тутилади.
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоғини 2010 йилгача бўлган даврда реконструкция қилиш ва ривожлантириш миллий дастурининг амалга оширилиши:
телекоммуникацияларни жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи рақамли асбоб-ускуналарга тўлиқ ўтказишни;
телефон билан таъминланганлик даражасини Халқаро электр алоқа уюшмаси тавсия этаётган, бозор шарт-шароитларида иқтисодиётни муваффақиятли ривожлантириш учун шароитлар яратадиган 20 — 25 телефон даражасига етказишни;
кўрсатиладиган хизматлар турларини 180 тагача етказиб, хизматлар сифатининг юқори даражасини;
республика эҳтиёжини тўлиқ таъминлайдиган телекоммуникация асбоб-ускуналари ва толали-оптик кабелни ишлаб чиқарувчи республика саноатини яратишни;
миллий тармоқнинг жаҳон телекоммуникация ва ахборот тармоғига интеграциялашувини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги тўғрисида
НИЗОМ
Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги алоқа соҳасидаги давлат бошқарув органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга амал қилади.
2. Алоқа вазирлиги Электр алоқаси халқаро иттифоқида, Бутун жаҳон почта иттифоқи ҳамда ва телекоммуникация почта соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалашга вакил қилинган орган ҳисобланади.
3. Қуйидагилар Алоқа вазирлиги тизимига киради:
«Ўзбекистон почтаси» концернининг почта алоқаси ва матбуот тарқатиш корхоналари, «Ўзбектелеком» концернининг электр алоқаси корхоналари, радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение бирлашмалари ва корхоналари, ижтимоий-маданий-маиший объектлар қуриш ва фойдаланишга оид таъминот фаолияти, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, илмий-тадқиқот ва ахборот-ҳисоблаш марказлари, электромагнит мослик ва халқаро ҳисоб-китоблар ҳамда шартномалар маркази, махсус алоқа корхоналари, ҳарбий тузилмалар;
мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, республика ҳудудида барча корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан кўрсатилаётган алоқа хизматлари сифати амалдаги қонунчиликка, норматив ҳужжатларга мувофиқ таъминланиши устидан назорат қилиш бўйича давлат алоқа инспекцияси;
давлат ҳокимияти юқори органлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги хат-хабарларини ва дипломатик хат-хабарларни ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ҳам унинг ташқарисида қабул қилиб олувчи, етказиб берувчи, ўз фаолиятини тўла хўжалик ҳисоб-китоби ва бюджетдан ажратиладиган маблағ ҳисобига амалга оширувчи Давлат фельдъегерлик хизмати.
4. Почта тўловлари белгиларини нашр этиш ҳуқуқи истисносиз Алоқа вазирлигига тегишлидир.
Алоқа вазирлигининг асосий вазифалари
5. Қуйидагилар Алоқа вазирлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:
давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, мулкчиликнинг барча шаклларидаги бошқармалар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг, аҳолининг алоқанинг турли хил хизматларига, шу жумладан халқаро алоқа хизматларига бўлган талабларини янада тўлароқ қондириш мақсадида электр алоқаси умумдавлат тармоқларини* (шу жумладан радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение техника воситаларини), почта алоқасини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш, вақтли матбуотни тарқатиш бўйича фаолиятни ташкил этиш;
* электр алоқаси — сим, радио, оптика ёки бошқа электромагнит тизимлар орқали бериладиган белгилар, сигналлар, ёзма матн, тасвирлар ва товушларни ёки ҳар қандай турдаги хабарларни узатиш ва қабул қилиш.
идораларга қарашли алоқа тармоқлари ва воситаларини** техник жиҳатдан такомиллаштиришни ташкил этишга оид фаолиятни мувофиқлаштириш. Мулкчилик шакллари ва идоравий қарашлилигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасида қўлланилаётган алоқанинг техник воситаларини ишлаб чиқариш ва фойдаланишда лицензиялаш ва сертификациялаш соҳасида ягона техника сиёсати юритиш;
** идораларга қарашли алоқа тармоқлари ва воситалари — бу вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналарнинг Ўзбекистон Республикасининг умумдавлат алоқа тармоғига чиқадиган алоқа тармоқлари ва воситаларидир.
фавқулодда вазиятлар шароитларида умумдавлат ва идораларга қарашли алоқа воситалари ҳамда тармоқларини бошқариш. Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва миллий хавфсизлиги манфаатлари йўлида алоқа воситалари ва тармоқларидан устувор фойдаланишни таъминлаш. Алоқа вазирлигининг алоқанинг махсус турлари ва бўлинмаларини бошқариш;
тармоқда ишлаб чиқариш, молия ва хўжалик фаолиятини бозор муносабатларига ўтказишга оид комплекс фаолиятни ташкил этиш. Алоқа корхоналари ва объектларини белгиланган тартибда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ишларини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси алоқа воситалари ва тармоқларини модернизациялаш, реконструкция қилиш ва кенгайтириш мақсадида алоқа тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш учун инвестицияларни, шу жумладан хорижий сармояни жалб этишга доир шарт-шароитлар яратиш, фаолиятини ташкил этиш.
Алоқа вазирлигининг функциялари
6. Алоқа вазирлиги ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
электр, почта алоқаси ва матбуот тарқатишни ривожлантиришнинг давлат узоқ муддатли дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқади;
Ўзбекистон Ҳукумати томонидан иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг узоқ муддатли ва қисқа муддатли прогнозларини, мақсадли комплекс дастурларини ишлаб чиқишда қатнашади;
алоқа соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритади;
Алоқа вазирлиги тизимини бошқариш тузилмасини белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, уни янада такомиллаштиришни таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, бирлашмаларни ташкил этади, қайта ташкил этади, тугатади;
почта алоқаси, матбуот тарқатиш ва электр алоқа хизмати кўрсатувчи корхоналарга раҳбарлик қилиш ва бошқаришни тегишли равишда «Ўзбекистон почтаси» ва «Ўзбектелеком» корхоналари орқали таъминлайди;
молия, иқтисодиёт, техник фойдаланиш, алоқа тармоқлари ва воситаларини ривожлантириш, алоқа корхоналарининг ўзаро муносабатлари масалаларида фаолиятни тартибга солувчи тармоқ норматив ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ташкил этади, бунда техник фойдаланиш тартибини белгиловчи норматив ҳужжатлар (қоидалар, йўриқномалар, низом ва бошқалар), мулкчилик шакллари ва идоравий қарашлилигидан қатъи назар, алоқа тармоқлари, воситалари ва хизматларидан фойдаланувчилар учун мажбурий ҳисобланади;
умумреспублика аҳамиятига эга бўлган қурилишларни, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини, марказий аппаратни маблағ билан таъминлаш ва бошқа мақсадлар учун Вазирлик марказлаштирилган фондини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди;
почта, электр ва махсус алоқа корхоналари томонидан кўрсатиладиган умумреспублика, маҳаллий ва ижтимоий аҳамиятли алоқа хизмати рўйхатини тасдиқлайди;
алоқанинг асосий хизматларига тарифларни тасдиқлайди;
алоқа хизматига тарифларнинг тўғри қўлланилишини назорат қилади;
алоқа тармоқларидан биргаликда фойдаланилганда алоқа корхоналарига алоқа хизматлари учун даромадлардан олинадиган ҳисоб-китоб таксасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
алоқа тизимидаги таркибий тузилмалар ҳақидаги намунавий низомларни ишлаб чиқади, Вазирликнинг концернлари, бирлашмалари ва корхоналари уставларини тасдиқлайди;
давлат концернлари, Алоқа вазирлиги бирлашмалари, корхоналари, муассасалари ва ўқув юртлари молия-хўжалик фаолиятининг комплекс ва тўсатдан текширилишини, тафтиш қилинишини ташкил этади;
кўрсаткичларни ва алоқа воситаларининг иш сифати ва кўрсатилаётган алоқа хизмати ёмонлашганлиги учун жарималар миқдорини белгилайди;
бюджетдан маблағ билан таъминланадиган олий, ўрта махсус ўқув юртлари, махсус корхоналар, ҳарбий бўлинмаларнинг зарур эҳтиёжларини умумлаштиради ва бюджет маблағи билан таъминлашни ташкил этади;
алоқа воситалари ва тармоқларини ривожлантиришга, реконструкция қилишга, кенгайтиришга, давлат ва тармоқ ривожлантириш дастурларини амалга оширишга, сафарбарлик тусидаги тадбирларнинг бажарилишига, махсус объектлар қурилишига бўлган талабни аниқлайди ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни ташкил этади;
идораларга қарашли алоқа тармоқлари ва воситаларини барпо этиш, ривожлантириш ва техникавий такомиллаштиришга доир асосий техник талабларни тасдиқлайди;
идораларга қарашли алоқа тармоқлари ва воситаларини ривожлантиришнинг бош ва истиқболдаги режаларига розилик билдиради;
радиочастоталарнинг истеъмолчилар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Радиочастоталар бўйича давлат комиссиясининг қарорларига мувофиқ тақсимланишини ташкил этади ҳамда хўжалик аҳамиятига эга бўлган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни рўйхатга олиш, рухсатномалар бериш, текшириш ва техникавий радио назорати бўйича ишларни ташкил этади;
Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда алоқа соҳасидаги фаолиятнинг тегишли турларига лицензиялар бериш учун хулосалар тайёрлайди, уларнинг ҳисобини юритади, лицензия шартларига қандай риоя қилинаётганлигини назорат қилади;
алоқанинг техник воситалари ва хизматлари сертификацияси органини ташкил этади, сертификация синовлари ва метрологик таъминлаш лабораториялари (марказлари)ни аниқлайди. Алоқа хизматларига ва республикада ишлаб чиқариладиган алоқанинг техника воситаларига ва республикага келтириладиган алоқа асбоб-ускуналарига мувофиқлик сертификати берилишини ташкил этади, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ҳукумат алоқаси хизмати томонидан фойдаланиладиган радиоэлектрон воситалар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг умумдавлат тармоғига чиқмайдиган ички ишлаб чиқариш ва технология мақсадидаги электр-алоқа воситалари бундан мустаснодир;
Вазирлар Маҳкамасининг фавқулодда вазиятлар бўйича комиссияси топшириғига кўра Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ҳукумат алоқаси хизмати, вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик манфаатлари йўлида, идоравий қарашлилигидан қатъи назар, техник кучлар ва воситалардан фойдаланиб табиий офатлар оқибатларини тугатишда почта ва электр алоқаси, радио алоқа, радиоэшиттириш ва телевидениеда ҳамда алоқанинг махсус турларида чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
Вазирликнинг сафарбарлик режасини, давлат захирасида моддий воситалар тузилмасини, таркибини, нормаларини ва уларни тўплаш режаларини ишлаб чиқади, алоқа корхоналари базалари ва омборларида улар қандай сақланаётганлигини ва янгилаб турилишини назорат қилади;
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, телеграф хабарларининг сир сақланишини таъминлайди, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини тинчлик вақтида ва алоҳида даврда алоқа билан таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси алоҳида муҳим алоқа объектларида Алоқа вазирлигининг ҳарбий қисмлари кучлари ва воситалари билан авария оқибатларини тугатиш ишларининг бажарилишини ташкил этади;
амалдаги қонунчиликка мувофиқ Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда алоқа корхоналари ва объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бўйича ишлар режасини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси почта тўловлари белгиларини нашр этади ва муомалага чиқаради.
7. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган —Вазир бошчилик қилади. Вазирнинг унинг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосарлари бўлади.
8. Алоқа вазири бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Алоқа бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси ва Ўзбекистон Республикаси Радиочастоталар бўйича давлат комиссияси раиси ҳисобланади.
9. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазири:
Вазирликка юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, ўринбосарлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, ўринбосарларнинг, Вазирлик таркибий бўлинмалари раҳбарларининг Вазирлик фаолиятининг алоҳида соҳаларига раҳбарлик қилиш, концернлар, давлат корхоналари, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг Вазирлик тизимидаги корхоналар иши учун жавобгарлиги даражасини белгилайди;
хорижий давлатларнинг бунга вакил қилинган мансабдор шахслари билан алоқа хизматларини айирбошлашни ташкил этиш ҳақида тузилган битимлар ва шартномаларга белгиланган тартибда Ҳукумат номидан имзо чекишга вакил қилинган;
Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ходимлар сони доирасида Вазирлик марказий аппаратининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондини, штат жадвалини ва Вазирлик бўлинмалари тўғрисидаги қоидани, шунингдек Вазирлик марказий аппаратини маблағ билан таъминлаш учун сарф-харажатлар сметасини тасдиқлайди;
Вазирлик марказий аппарати ходимларини, давлат бирлашмалари, корхоналари ва ташкилотларининг раҳбарларини тасдиқланган кадрлар номенклатурасига мувофиқ лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлигида Вазир (ҳайъат раиси), лавозимлари бўйича вазир ўринбосарлари, шунингдек Алоқа вазирлиги тизимининг бошқа раҳбар ходимлари таркибида 11 кишидан иборат ҳайъат ташкил этилади. Ҳайъат аъзолари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
11. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги ҳайъати ўз мажлисларида алоқа тармоғини ривожлантиришнинг, фан-техника ютуқларидан кенг кўламда фойдаланишнинг, тармоқнинг ишлаб чиқариш базаси ва тузилмасини сифат жиҳатдан қайта ўзгартиришнинг, идоралараро ва давлатлараро алоқаларни ривожлантиришнинг асосий масалаларини ҳамда Вазирлик фаолиятининг бошқа масалаларини кўриб чиқади, Вазирликка қарашли концернлар, ишлаб чиқариш бирлашмалари ва корхоналарига амалий раҳбарлик қилиш, ижрони текшириш, кадрлар сиёсати масалаларини, муҳим буйруқлар ва йўриқномалар лойиҳаларини муҳокама қилади, концернлар, ишлаб чиқариш бирлашмалари, алоқа корхоналарининг ҳисоботларини эшитади, тармоқнинг иши учун жавоб беради.
12. Ҳайъатнинг қарори, одатда, Вазирликнинг буйруғи билан ҳаётга жорий этилади. Вазир билан ҳайъат ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, Вазир келиб чиққан келишмовчиликлар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда ўз қарорини ҳаётга жорий этади, ҳайъат аъзолари эса ўз навбатида ўз фикрларини Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.
13. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳрга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва валюта счётларига эга бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.