Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати олиб борилишини таъминлаш борасида адлия органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Н.Т. Йўлдошевнинг ахбороти ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан келиб чиқадиган талабларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг чора-тадбирлар дастурини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2011 йил 25 августда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Н.Т. Йўлдошевга «Фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати олиб борилишини таъминлаш борасида адлия органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида» парламент сўрови юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Н.Т. Йўлдошевнинг парламент сўрови юзасидан ахборотини тинглаб, шуни қайд этадики, фуқаролар ҳуқуқий онгини ошириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалалари бўйича давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида адлия органлари томонидан муайян ишлар қилинган. Чунончи, ҳуқуқий тарғибот бўйича 2011 йилнинг 9 ойи давомида давлат органлари томонидан 166 691 та тадбир, бевосита адлия органлари томонидан эса 39 286 та тадбир ўтказилган.
Ҳуқуқий тарғибот соҳасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда ишлаши йўлга қўйилган. Хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида адлия органлари ва муассасалари томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда 4 954 та тадбир ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ташаббуси билан ўрта махсус ўқув юртлари ўқувчилари ўртасида танловлар ўтказилмоқда, шунингдек ижтимоий аудиороликлар, тарқатма материаллар тайёрланмоқда. Адлия органлари ва муассасаларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилмоқда. Ҳуқуқий тарғибот соҳасида жумладан «Халқ сўзи», «Народное слово», «Жамият», «Адолат» газеталарининг таҳририятлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда «Ахборот», «Давр», «Пойтахт» ва «Ҳудуд» ахборот дастурларининг намойиши доирасида долзарб ҳуқуқий мавзулар бўйича чиқишлар ташкил этилган. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг аҳоли ўртасидаги тарғиботига алоҳида эътибор берилган. Турли ҳуқуқий мавзуларда ойлик тадбирлар ўтказишни ташкил этиш каби ҳуқуқий тарғибот шакли такомиллаштирилмоқда.
Норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 14 та давлат органининг фаолияти ўрганилган, натижада уч мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Жумладан, давлат органлари фаолиятида ички назоратни амалга оширишда камчиликлар, қонун ҳужжатларида ҳуқуқий бўшлиқ, ҳаволаки норма ва зиддиятлар мавжуд, давлат органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилиш масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмаётир.
Парламент сўрови юзасидан ахборотда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига мувофиқ ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қайтарилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сони 256 тани ёки жами тақдим этилган лойиҳаларнинг 30,6 фоизини ташкил этган.
2011 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонун ҳужжатларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш ҳақида 37 та тақдимнома, шунингдек белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмаган ҳужжатларни бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш ҳақида 7 та тақдимнома киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1602-сонли Қарорида Давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишини мувофиқлаштирувчи идоралараро кенгашни тузиш назарда тутилган. Ушбу топшириқни қисқа муддат ичида рўёбга чиқариш давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишини мувофиқлаштириш борасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятининг самарадорлигини оширишга имкон беради.
Шу билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати олиб борилишини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятида айрим камчиликлар мавжудлигини қайд этиш лозим.
Чунончи, ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълимнинг ҳолатини, адлия органлари ва муассасалари учун ҳуқуқий ахборотни тўплаш, қайта ишлашнинг дастурий-техник воситалари ҳамда технологияларини жорий этиш, давлатлараро ҳуқуқий ахборот алмашинувини амалга ошириш якунларини таҳлил қилиш бўйича ишларни фаоллаштириш мақсадга мувофиқдир.
Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатини яхшилаш мақсадида вазирлик ва идораларнинг лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун масъул бўлган ходимлари малакасини ошириш бўйича қилинаётган ишнинг самарадорлиги янада юқори бўлиши талаб қилинади, бу эса тегишинча ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишини таъминлашга имкон беради.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги иш амалиётининг таҳлили шуни кўрсатадики, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгилаб қўйилган тартибига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш борасида адлия органлари фаолиятини кучайтириш зарур.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Н.Т. Йўлдошевнинг фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати олиб борилишини таъминлаш борасида адлия органлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотини тинглаб ва муҳокама этиб, адлия органларининг ушбу йўналишдаги фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида қуйидагилар белгилансин:
давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот бўйича ишларини самарали мувофиқлаштириш доирасида олиб борилаётган тадбирларнинг таъсирчанлиги ва натижалари мониторинг қилинишини таъминлаш;
адлия органларига ҳуқуқий экспертизага тақдим этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатини ошириш бўйича комплекс тадбирларни рўёбга чиқариш;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, эълон қилиш ҳамда манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгилаб қўйилган тартибига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш юзасидан чора-тадбирлар кўриш;
норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил рўёбга чиқариш борасидаги фаолият самарадорлигини ошириш, давлат органларининг мазкур соҳада йўл қўйилаётган қонун бузилиши ҳолатларини тизимли асосда таҳлил этиб бориш.
2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазири (Н.Т. Йўлдошев) муҳокама қилинган масала юзасидан қайд этиб ўтилган камчиликларнинг келиб чиқишига имконият яратган сабабларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрсин ва шу тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига 2012 йил 10 январга қадар тақдим этсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (С.Б. Артикова) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 6 декабрь,
274-II-сон