Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Қўшма қарори
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси»ни нашр этиш ишларини янада такомиллаштириш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси» «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва бошқа муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалардан бири сифатида белгиланган. Шу сабабли давлат органларининг ўз ваколатларини ва зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришида ушбу манба муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ бугунги кунда Интернет тармоғи ривожланганлиги, кўплаб ахборот тарқатувчи норасмий манбалар кўпайганлиги мамлакатимиздаги бошқа даврий нашрлар каби «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси»га бўлган эътиборни сусайтирди.
Бундан ташқари, қоғоз нархи ошганлиги, босмахона харажатлари ўсганлиги оқибатида уни нашр этиш билан боғлиқ молиявий қийинчиликлар ва нашрни ўз вақтида чоп этиш ҳамда обуначиларга етказиб беришда муаммолар юзага келди.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ҳамда мамлакатимизнинг норма ижодкорлиги соҳасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар туфайли қонун ҳужжатларига нисбатан барча давлат идораларининг эътибори ва халқимизнинг қизиқиши кучайиб бораётганлиги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси»ни чоп этиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш заруриятини юзага келтираётганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг девонлари (М. Миралимов, А. Зияев) «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси»ни ўз вақтида чоп этиш ва обуначиларга етказиш ҳамда 2021 йил учун обунани самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чоралар кўрсин.
2. «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида давлат органларида ўз фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисоби мажбурий тартибда юритилиши белгиланганлигига эътибор қаратган ҳолда, давлат органларига, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бўлган эҳтиёжни, шунингдек мазкур ҳужжатларнинг назорат ҳолатида юритилишини таъминлаш мақсадида расмий манба — «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси»га келгуси йил учун обуна масаласини кўриб чиқиш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2020 йил 23 ноябрь,
585-IV/КҚ-159-IV-сон