Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Ф. Муллажоновнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати шуни қайд этадики, 2005 йилда юритилган қаттиқ пул-кредит сиёсати, шунингдек банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш биринчи навбатда, реал иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва инфляцияни жиловлаб туришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги «Бизнинг бош мақсадимиз — жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир» номли маърузасида илгари сурилган вазифаларни бажаришга йўналтирилган.
Ҳисобот даврида макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, инфляциянинг паст даражада бўлишини таъминлаш, пул бозорини жадал ривожлантириш ва эркинлаштиришга йўналтирилган пул-кредит сиёсатини юритишга алоҳида эътибор берилган.
Замонавий воситалардан фойдаланган ҳолда пул агрегатларини бошқариш операциялари фаол амалга оширилганлиги ҳамда юритилаётган пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатлари янада мувофиқлаштирилиши пул массаси ҳажми ўртача йиллик ҳисобда ялпи ички маҳсулотнинг 14,2 фоизи даражасида сақланишини таъминлаган (у 14,5 фоиз бўлиши белгиланган эди).
Кўрилган чора-тадбирлар мамлакатда нарх-наволар даражаси барқарор бўлишини таъминлаган. 2005 йил якунлари бўйича инфляция кўрсаткичи 7,8 фоиздан ошмаган.
Ташқи савдода ижобий тамойилларнинг сақланиб қолинганлиги, экспортнинг ва савдо балансида ижобий сальдонинг ўсиши мамлакат олтин-валюта захираларининг 35 фоиз кўпайишига олиб келган.
Нақд пул муомаласи соҳасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тижорат банклари ва бошқа идоралар билан биргаликда нақд пул маблағларининг банкдан ташқарида айланишини қисқартириш, бўш турган маблағларни тижорат банкларидаги депозитларга жалб қилиш ва пластик карточкалардан фойдаланиб нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини кенгайтириш чоралари кўрилган.
2005 йил мобайнида эмиссия қилинган пластик карточкаларнинг умумий сони беш баравар кўпайиб, 2006 йил 1 январь ҳолатига кўра 2 млн. донадан ошиб кетган. Тўловларни пластик карточкалар воситасида қабул қилиш инфратузилмасини кенгайтириш учун мамлакат минтақаларида 11 мингдан ортиқ терминал ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 5 августда қабул қилинган «Банклардаги депозит ҳисобварақлардан нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида»ги ПҚ-147-сонли Қарорини бажариш учун кўрилган чора-тадбирлар аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини оширишда муҳим роль ўйнади ва банкларнинг кассаларига нақд пул тушумлари сезиларли даражада кўпайишига олиб келган.
Тижорат банкларининг ҳар бир филиалида етарли даражада нақд пул захиралари яратилиб, аҳоли ва хўжалик субъектларининг нақд пулга бўлган талаби уларнинг депозит ҳисобварақларидаги маблағлари доирасида ўз вақтида қондирилиши таъминланган.
Ҳозирги пайтда мамлакат тижорат банклари томонидан миллий валютада 146 ва хорижий валютада 50 дан ортиқ турда янги омонатлар жорий этилган. Бу эса банклардаги аҳоли омонатларининг 39 фоиз ўсишини таъминлаган. Уларнинг ҳажми 2006 йил 1 январь ҳолатига кўра 449,5 млрд. сўмни ташкил этди.
2005 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 50-моддасига мувофиқ банк тизими барқарорлигини қўллаб-қувватлаш, банк омонатчилари ва кредиторлари манфаатларини ҳимоя қилиш йўли билан аҳолининг унга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилган.
Хусусан, янги ташкил этилаётган банклар устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан янги талаблар қўйилган, шунга кўра устав капиталининг энг кам миқдори 2007 йил 1 январгача босқичма-босқич равишда хусусий банклар учун 2,5 млн. АҚШ долларига ва қолган банклар учун 5 млн. АҚШ долларига етказилади.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида тижорат банклари капиталининг умумий ҳажми 2005 йил 1 январга нисбатан 106,8 млрд. сўмга ортган ва 2006 йил 1 январь ҳолатига кўра 930,9 млрд. сўмга етган.
Коммунал ва бошқа тўловларни тўлашда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек қишлоқ жойларда фермер ва деҳқон хўжаликлари, бошқа кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорларга банк хизматлари кўрсатиш учун тижорат банклари томонидан 1450 та мини-банк ташкил этилган, уларнинг 328 таси 2005 йилда очилган.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун берилаётган имтиёзли кредитлар ҳамда микрокредитлар ҳажмининг ўсишидан иборат жуда муҳим тамойил сақланиб қолмоқда.
Банклар томонидан амалда барча ишлаб чиқариш ва хизмат турларига микрокредитлар берилмоқда. Ўтган йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш ҳажми 19 фоиз кўпайган.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни сотиб олиш учун тижорат банклари томонидан аҳолига берилган кредитлар миқдори ҳисобот даврида икки баравар ошиб, 217 млрд. сўмни ташкил қилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 5 майдаги «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-3750-сонли Фармонига мувофиқ мамлакатнинг барча ҳудудларидаги 74 та филиал ва 165 та мини-банкни ўз ичига олувчи кенг тармоқли ва ривожланган инфратузилмага эга бўлган «Тадбиркор» акциядорлик-тижорат банки негизида «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки ташкил этилган.
Шу билан бир қаторда, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ҳамда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг талабларидан келиб чиққан ҳолда банклар фаолиятида:
мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни сотиб олиш учун аҳолига кредитлар бериш имкониятидан тўлиқ фойдаланиш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар, микрокредитлар бериш, микролизинг хизматлари кўрсатиш механизмини такомиллаштириш;
савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳисоб-китобларни амалга оширишда пластик карточкалардан фойдаланишни янада кенгайтириш, уларни замонавий ва ишончли тўлов воситаси сифатида аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш соҳасида амалга оширилаётган тадбирларни янада фаоллаштириш лозимлиги қайд этилсин.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Ф.Муллажоновнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2005 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига:
2006 йилда миллий валютанинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган монетар сиёсат юритишни давом эттириш, пул агрегатларини тартибга солишнинг замонавий бозор воситаларидан кенг фойдаланиш;
қайта молиялаш ставкаларининг инфляция даражасига таъсирини ошириш, шунингдек пул бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда шаклланадиган фоиз ставкаларининг иқтисодий жиҳатдан оқилона ва мослашувчан бўлишини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;
банкларнинг капиталлашув даражаси ва молиявий барқарорлигини оширишга, уларнинг ресурс базасини кўпайтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни назарда тутиш;
банклараро бозорда рақобат муҳити ривожланишини рағбатлантириш, банк хизматлари бозорини ривожлантириш учун барча мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш;
аҳолининг, айниқса қишлоқ жойларда, харид қобилиятини ошириш учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни сотиб олишга ажратилаётган кредитлар сонини кўпайтириш чораларини назарда тутиш;
кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорларга, шунингдек, деҳқон ва фермер хўжаликларига микрокредитлар ажратиш ва микролизинг хизматлари кўрсатишни кенгайтириш;
пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб қилиш тизимини такомиллаштириш;
минтақаларда кредит уюшмалари ва ломбардлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш топширилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 10 июнь,
196-I-сон