Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети харажатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йилги Давлат бюджетининг харажатлари тасдиқланган параметрлардан 10 фоиздан ошган қисмига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги тақдимнома белгиланган тартибда киритилганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджетининг даромадлар базаси кенгайтирилиши ва қўшимча даромад захиралари аниқланиши эвазига ҳосил бўлган қўшимча маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ижро этиш учун йўналтирилаётганлиги сабабли Давлат бюджетининг илгари тасдиқланган 107118,4 млрд. сўм миқдоридаги харажатлари 113040 млрд. сўмни ташкил этиши ёки 2019 йил учун тасдиқланган бюджет параметрлари 5,5 фоизга ошиши кутилмоқда.
Таъкидлаб ўтилсинки, Давлат бюджети харажатларининг 5409,4 млрд. сўми (10,9 фоизга ортиқ) ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга, 1100,0 млрд.сўми (36,9 фоизга ортиқ) уй-жойлар қуриш дастурини биргаликда молиялаштиришда иштирок этаётган банкларга кредит линиялари учун қўшимча маблағларни кўпайтиришга, 3437,7 млрд. сўми (24,4 фоизга ортиқ) иқтисодиётдаги харажатларга, 1082,8 млрд. сўми (27,3 фоизга ортиқ) марказлашган инвестицияларни молиялаштиришга, 512,6 млрд. сўми (13,7 фоизга ортиқ) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини, адлия ва прокуратура органларини сақлашга, 104,9 млрд.сўми (11,5 фоизга ортиқ) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг захира жамғармалари харажатларига қўшимча маблағлар йўналтирилган бўлса, 95,2 млрд. сўмлик маблағлар (12,6 фоизга кам) фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш харажатларининг камайтирилиши олиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 144-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети параметрларига тақдим этилган ўзгартишларни киритишга рухсат берилсин.
2. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 21 ноябрь,
2911-III-сон