Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2009 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари А.А. Аҳмедовнинг 2009 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати шуни қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишини таъминлаш борасида муайян ишлар қилинган.
Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини, шунингдек, давлат органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашга масъул бўлган юридик хизматлари ходимларининг касбий тайёргарлик даражасини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилган. Фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан кенг фойдаланишини, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари ёрдамида фойдаланишини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш чоралари кўрилмоқда. Ҳуқуқий тарғибот бўйича 48 мингдан зиёд тадбир ташкил этилган.
Ҳукуматнинг қонун лойиҳаларига доир иш режалари бажарилиши мониторинг қилиб борилмоқда. Ушбу мониторинг қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиб олиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш ишларининг аҳволини баҳолашга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги «Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги ПФ-4058-сонли Фармонида кўзда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидаларига, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, келишиб олиш, ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибига амал қилиниши борасидаги ишларнинг аҳволи мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари янги таҳрирда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиб, бу қоидалар 2009 йил 1 июндан кучга кирган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисобига олинишини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилган. Чунончи, ўтган даврда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан 2001 — 2009 йиллар мобайнида қабул қилинган 3 468 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат аниқланган ва давлат ҳисобига олинган.
2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг фаолияти, шунингдек, жиноят ишлари бўйича судларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш борасидаги фаолияти ўрганиб чиқилган. Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, мамлакатда бозор принципларига жавоб берадиган солиқ тизими шакллантирилган, солиқларни бошқаришнинг замонавий усул ва механизмлари жорий қилинган, ерлардан оқилона фойдаланилишини ва улар муҳофаза қилинишини таъминлаш борасида анча иш олиб борилмоқда. Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш, одил судлов сифатини ошириш, шунингдек, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари қайта тикланишини таъминлашга, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабабларини бартараф қилишга ёрдам бермоқда.
Шу билан бирга ҳуқуқни қўллаш амалиётининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган мониторинги жараёнида давлат органлари фаолиятидаги айрим камчилик ва нуқсонлар аниқланган.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказмасдан қабул қилиш ҳоллари давом этмоқда. Чунончи, ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тақдимномасига биноан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг 23 та ноқонуний норматив-ҳуқуқий ҳужжати бекор қилинган ва ижродан чақириб олинган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг лойиҳаларини ҳудудий адлия органларига ҳуқуқий экспертизага тақдим этишни таъминлаш масаласига етарли эътибор бермаётирлар. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳудудий адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари сони ҳамон жуда камлигича қолмоқда. Бунинг оқибатида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонун ҳужжатларига зид қарорлар қабул қилинишига ёки ўз кучини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ёхуд ўз ваколатларидан четга чиққан ҳолда қарорлар қабул қилинишига йўл қўйилмоқда.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий нашрларда эълон қилишга доир қисми талабларини бажармаслик ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида сақланиб қолаётган жиддий муаммолар жумласидан бўлиб, бу талабларни бажариш норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кучга киришининг мажбурий шартидир.
Қайд этиб ўтилган камчиликлар ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлитлиги ва тизимлилигини таъминлашда муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатига, жойларда қонунийликни мустаҳкамлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган мониторинг натижасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлиги аниқланди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларини текшириш бўйича йиллик режа-жадвалларини тузиш амалиёти тегишли даражада йўлга қўйилмаган. Назорат қилувчи органлар 114 та тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш зарурлиги ҳақида таклиф бермаган бўлса-да, бу субъектлар мазкур режа-жадвалларга киритиш ҳолатлари аниқланган. Шу билан бир қаторда, солиқ текширувларига оид материалларни кўриб чиқишда ягона ёндашув ва амалиёт шаклланмаган, тадбиркорлик субъектларига молиявий санкциялар қўллаш амалиёти қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бермайди, уларни суд томонидан қўллаш тартиби бузилмоқда. Амалиётда айрим солиқ инспекциялари тегишли ишлар белгиланган тартибда кўриб чиқилишидан ва қарор қабул қилинишидан олдин жарима ундираётган ҳоллар мавжуд. Бундан ташқари, текширувларни камайтириш бўйича чоралар кўрилаётган бир шароитда айрим минтақаларда қисқа муддатли текширувлар сони кескин кўпайган.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг фаолияти янада такомиллаштиришга муҳтож. Чунончи, ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни иқтисодий рағбатлантиришга ҳамда қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этишда қатор камчиликлар кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда тубдан қайта кўриб чиқиш талаб этилади.
Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасидаги ишлар етарли даражада ташкил этилмаган. Хусусан, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлганларни маъмурий жавобгарликка тортиш билан чекланилиб, етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва унинг ўрнини қоплаш бўйича чоралар кўриш масалалари эътиборсиз қолдирилган.
Жиноят ишлари бўйича судларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларни кўриш соҳасидаги фаолияти, хусусан, ҳуқуқни қўллаш амалиётини, маъмурий ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган сабаблар ва шароитларни умумлаштириш ҳамда таҳлил қилиш янада такомиллаштиришга муҳтож. Қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган айрим хато ва камчиликлар маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқишда ҳуқуқни ҳар хил қўллаш амалиёти шаклланишига олиб келган.
Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб ва давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат тузилмаларининг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари А.А. Аҳмедовнинг 2009 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралардаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга масъул бўлган ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишга қаратилган тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;
қарор лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тартиб-таомилини белгилаб берадиган, ҳуқуқий экспертизани тўсиқларсиз амалга ошириш учун реал шарт-шароитлар яратадиган Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда улар томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мос бўлишини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар кўриш;
суд-ҳуқуқ ислоҳотини чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини қуришга қаратилган чораларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг (янги таҳрирда) ҳамда тегишли давлат органлари томонидан маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг процессуал механизмини очиб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий-процессуал кодексининг лойиҳаларини тайёрлаш зарурлиги масаласини кўриб чиқиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий судига Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари А.А. Аҳмедовнинг 2009 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг йиғилишида муҳокама қилиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиётини умумлаштиришга йўналтирилган чораларни кўриш ва зарур бўлса, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг маъмурий ишларни кўриш бўйича суд амалиётини тушунтириш юзасидан тегишли қарорини қабул қилиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикасининг Давлат солиқ қўмитаси:
тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари оғишмай бажарилишини таъминласин;
қайд этиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик юзасидан амалий чоралар кўрсин;
ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли асосда таҳлил қилсин ва умумлаштирсин, ходимларнинг касбий тайёргарлигини оширсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси:
ер фондидан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини кучайтирсин;
кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар юзага келишига йўл очиб бераётган сабаблар ва шароитларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўрсин;
ер билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун киритилаётган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш, шунингдек қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш чоғида уларнинг аввал қабул қилинган ҳужжатлардан фарқланишига, уларни такрорлашига йўл қўймасликка, улардаги ҳаволаки нормаларни камайтиришга ва уларни амалга оширишнинг процессуал механизмлари аниқ баён этилишига алоҳида эътиборни қаратсин;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва кучга киритиш юзасидан белгиланган тартибга риоя қилиниши устидан таъсирчан назоратни таъминласин;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив хусусиятга эга бўлган ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт бўлган қарорларни қабул қилиш амалиётини умумлаштириш бўйича ишларни режали асосда давом эттирсин, шунингдек бу соҳадаги мавжуд камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш учун тегишли чоралар кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг:
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўзлари томонидан қабул қилинаётган норматив хусусиятга эга бўлган қарорларнинг лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига тақдим қилиш ҳақидаги нормалари талаблари ижро этилиши устидан назоратни кучайтирсин.
Мазкур Қонуннинг талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда ўз вақтида прокурор назорати чораларини кўрсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8 ва 9-бандлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 28 мартдаги КҚ-704-IV-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)
10. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (С.Б. Артикова) ушбу Қарорнинг ижроси ҳақидаги ахборотни умумлаштирсин.
11. Ушбу Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари М.А. Раджабова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 8 май,
59-II-сон