Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар устидан парламент назоратини янада кучайтириш тўғрисида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг тиббиёт соҳасининг бирламчи тизимини ислоҳ қилиш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, «электрон соғлиқни сақлаш» тизимини татбиқ этишга қаратилган қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Бунда соғлиқни сақлаш тизимини бугунги босқичда ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари этиб бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тиббий профилактика тизимининг мутлақо янги механизмларини татбиқ этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрнини кучайтириш, соҳага замонавий менежментни жорий этиш белгиланди.
Айни пайтда бутун дунёда эпидемиологик хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётгани касалликларга қарши курашиш фаолиятидаги ёндашувларни ҳозирги мураккаб шароит ва орттирилган тажрибалар асосида ўзгартиришни тақозо этмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш ва тизимни тубдан ривожлантириш учун соҳага оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида белгиланган вазифаларнинг ўз муддатида ва сифатли бажарилиши ҳолатини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек бу борада ҳудудларда қатъий парламент назоратини амалга ошириш талаб этилмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ва аҳолига яратилаётган қулайликларни кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек бу борада олиб борилаётган ишларнинг ҳолатини маҳаллий Кенгашларда доимий равишда муҳокама қилиб бориш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини янада ошириш устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини янада ошириш устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси (Е. Борисова) зиммасига:
«Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирлар амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш;
соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, аҳоли саломатлиги, ҳудудларда касалликларнинг кўпайиши ёки камайиши, уларнинг профилактикасини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда бу борада олиб борилаётган ишларни маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинишини ташкил этиш чораларини кўриш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашига бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан мунтазам равишда ахборот киритиб бориш вазифалари юклатилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Кадиров ва Девони раҳбари М. Миралимов зиммасига аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ҳамда оммабоплигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтиришга қаратилган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини, соғлиқни сақлаш соҳасида фуқароларга яратилаётган қулайликларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бориш чораларини кўриш вазифаси юклатилсин.
4. Ушбу Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 17 ноябрь,
568-IV-сон