Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Илм-фан ривожини жадаллаштириш, таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш тўғрисида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янги босқичга олиб чиқиш, илм-фан соҳасини ривожлантириш, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш орқали замонавий билимга эга малакали кадрлар тайёрлаш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Илм-фан соҳаси ва таълим тизимида долзарб бўлиб турган, аҳолини ўйлантириб келаётган масалаларни самарали ҳал этиш, шунингдек ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш борасидаги илғор халқаро тажрибани миллий амалиётга кенг жорий этишга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Хусусан, мамлакатимиз Президентининг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида билдирилган таклиф ҳамда ташаббуслар, шунингдек «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон янги тараққиёт даврида илм-фан ва таълим-тарбия соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Ўз навбатида, таълим соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида ўқитувчилар ҳамда илм-фан соҳалари вакилларининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш борасида мустаҳкам пойдевор яратилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда таълим-тарбия тизимини замон талаблари асосида модернизация қилиш, жумладан педагогларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, салоҳиятли педагог кадрлар етишмовчилиги муаммосини ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилмоқда.
Ушбу жараёнда соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича режалаштирилган тизимли ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан парламент ҳамда депутат назоратини ўрнатиш, шунингдек амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сиёсий партиялар фракцияларининг мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича ўз мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, доимий ташаббуслар билан чиқаётганлиги олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда қўмиталарнинг фикрлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи, таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга қаратилган фармон ва қарорлари ҳамда видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ташаббус, ғоя, таклиф ва вазифаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш юзасидан берган ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Илм-фан ривожини жадаллаштириш, таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш бўйича чора-тадбирлар дастури (бундан буён матнда Чора-тадбирлар дастури деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ (У. Иноятов) зиммасига:
Чора-тадбирлар дастурида белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва тегишли қўмиталарнинг Чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажаришлари учун мутасадди вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорлигини йўлга қўйишда улар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
Чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижросининг бориши устидан доимий назорат ўрнатиш мақсадида ҳар ойда Ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиш ва унда муддати кечикаётган бандлар юзасидан зарур чораларни белгилаш;
ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга қаратилган «Педагог ходимларнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Кадиров ва Девонининг раҳбари М. Миралимов илм-фан ривожини жадаллаштириш, таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар мазмун-моҳияти ҳақида депутатларнинг оммавий ахборот воситаларидаги мунтазам чиқишларини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари ва қўмита раислари Чора-тадбирлар дастурида ўзлари масъул бўлган тадбирларнинг ижросини ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ушбу Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 17 ноябрь,
567-IV-сон