Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, шуни қайд этадики, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида ҳамда коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва глобал инқироз оқибатларини бартараф этиш юзасидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари, шунингдек Инқирозга қарши курашиш комиссиясининг қарорлари ижросини таъминлашга йўналтирилган.
2020 йилнинг тўққиз ойлиги якунига кўра мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ҳажми 408,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсган. Коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистоннинг йирик савдо ҳамкорлари ҳисобланган давлатлардаги карантин чоралари туфайли мамлакат ташқи савдо айланмаси 12 фоизга камайган. Жумладан, экспорт ҳажмининг 6 фоизга, импорт ҳажмининг 16,5 фоизга камайиши кузатилган, ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 млрд. АҚШ долларига камайган.
Давлат бюджетининг 2020 йилнинг тўққиз ойидаги даромадлари 94 457,2 млрд. сўмни ташкил этди. Бунда прогноз қилинган 91 795,9 млрд. сўмга нисбатан 102,9 фоизга ёки 2 661 млрд. сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар 2019 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 15 297,4 млрд. сўмга ўсган.
Давлат бюджетининг харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 102 164,8 млрд. сўмни ёки ЯИМ га нисбатан 25,0 фоизни ҳамда аниқланган харажатлар режасига нисбатан 94,5 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот давридаги бюджет тақчиллиги 7 707,6 млрд. сўмни ташкил этиб, юзага келган тақчиллик халқаро молия институтларидан жалб қилинган (4 106,4 млрд. сўм) ҳамда давлат ғазначилик облигацияларини жойлаштиришдан келиб тушган маблағлар (3 605,5 млрд. сўм) ҳисобидан қопланган.
Иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш учун жами молиялаштириш манбалари ҳисобидан 138,1 трлн. сўмлик (доллар эквивалентида 13,9 млрд. АҚШ долл.) ёки 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 8,7 фоиз кам инвестициялар ўзлаштирилган.
Ҳисобот даврида давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган ҳолда, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун 53 685,3 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 52,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси даромадлари ҳисобидан жами 10 трлн. 50 млрд.сўм маблағ ажратилган.
Амалга оширилган қатор ижобий ишлар билан бирга, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг маблағларидан мақсадли фойдаланиш борасида камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳам кузатилди. Давлат молиявий назорати тадбирлари ўтказилган 2 010 та бюджет ташкилотининг 1 632 тасида 81,7 млрд. сўм миқдоридаги молиявий хатоликлар, жумладан 18,2 млрд. сўм миқдоридаги пул маблағлари ва моддий бойликлар камомади, ўзлаштиришлар ҳамда 63,5 млрд. сўм миқдоридаги ҳуқуқбузарликларнинг бошқа турлари аниқланган. Масалан, Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 487 та назорат тадбирининг 389 тасида 40,7 млрд. сўм, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 465 та назорат тадбирининг 345 тасида 22 млрд. сўм, Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 200 та назорат тадбирининг 159 тасида 10,7 млрд. сўм миқдорида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот қонунда белгиланган тартибда парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракцияларида ва масъул қўмитада дастлабки тарзда муҳокама қилинганлигини ҳамда билдирилган таклифлар ва тавсиялар инобатга олинганлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида Давлат бюджети даромадлари 94,5 трлн. сўмни, харажатлари эса 102,2 трлн. сўмни ташкил этиб, 7,7 трлн. сўм тақчиллик билан бажарилганлиги қайд этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
йил якунига қадар иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг барқарор ишлаши, бюджетга даромадларнинг тушишини таъминлаш учун солиқ тушумларини тўлиқ жалб этиш борасида таъсирчан чоралар кўриш, макроиқтисодий ўсиш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш орқали аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тизимли чораларни давом эттириш;
давлат дастурларида кўзда тутилган, иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳаларнинг бюджет маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан ўз вақтида молиялаштирилиши ҳамда ушбу маблағлардан самарали фойдаланилиши устидан таъсирчан назоратни кучайтириш;
давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан йўналтирилаётган маблағларнинг тўғри сарфланиши ва улардан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланилишини, шунингдек ушбу маблағларнинг натижадорлигини таъминлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий этиш;
давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланилишига йўл қўйган вазирликлар ва идораларнинг ушбу ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар тўғрисидаги ахборотини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида кўриб чиқиш тавсия қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда жойларда ўтказилган молиявий назорат тадбирларида аниқланган бюджет интизомини бузиш, пул ва товар-моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатларни амалга ошириш ҳолатларининг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилсин, қонун бузилишларининг олдини олишга қаратилган таъсирчан чоралар кўрсин;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқ таътили ва имтиёзларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказган ҳолда уларнинг самарасизларини бекор қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамисига киритсин;
давлат бюджетида кўзда тутилган харажатларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича йил якунигача бўлган давр учун молиялаштиришга ва уларни мақсадли ўзлаштиришга оид режани ҳисобот даврида молиялаштириш даражасига кўра ортда қолаётган биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар билан биргаликда ишлаб чиқсин ҳамда амалга оширсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:
мамлакатда камбағалликни қисқартириш борасида бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда уларнинг натижалари бўйича Ҳукумат соати доирасида ҳисобот бериб борсин;
инвестиция дастури доирасида давлат бюджети ҳисобидан ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари йил якунигача тўлиқ амалга оширилишини таъминласин ва бу борадаги ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мунтазам равишда ахборот берсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
2020 йил учун қабул қилинган давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида иқтисодий ўсишнинг таъминланиши, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича аниқ ва амалий таклифлар киритиш;
фракция мажлисларида тадбиркорлик субъектларини, шунингдек аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджети ва мақсадли жамғармаларидан ажратилаётган маблағлардан пандемия шароитида самарали фойдаланилишига эътибор қаратиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари ўз назорат-таҳлил фаолиятида иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида йил якунигача амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳаларнинг ижросини назоратга олиш, ушбу мақсадларга йўналтирилган, давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа манбалар ҳисобидан ўзлаштирилаётган маблағлардан фойдаланиш натижадорлиги ва самарадорлигини таъминлаш бўйича тавсиялар киритиб борсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларига ўз сайлов округларида:
давлати бюджети даромадларининг базасини кенгайтириш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, харажатларнинг натижадорлигини таъминлаш бўйича назорат ишларини ташкил этиш;
камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, шунингдек қўшимча иш ўринларини яратишга доир лойиҳаларни амалга ошириш борасида мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш тавсия этилсин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 18 ноябрь,
571-IV-сон