Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р.Ҳ. Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда профилактикаси юзасидан ҳисобот даврида прокуратура органлари томонидан муайян ишлар қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини назорат қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақидаги Қарорини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган.
Прокуратура органлари олдига қўйилган вазифаларни ижро этиш юзасидан қонунларнинг ижроси бўйича 28363 та текширув ўтказилиб, уларнинг натижалари бўйича 350 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжати қабул қилинган, 43247 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Протестлар киритиш натижасида 27866 та ноқонуний ҳуқуқий ҳужжат қонунга мувофиқ ҳолга келтирилган, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан 38789 та тақдимнома киритиш йўли билан чора-тадбирлар кўрилган, 112396 нафар мансабдор шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган, 142630 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган. Судларга 233 млрд. сўмдан ортиқ миқдорда келтирилган моддий зарарни ундириш ҳақида 89032 та ариза юборилган. Қонунларни қўпол равишда бузиш ҳолатлари бўйича 6523 та жиноят иши қўзғатилган.
Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини, унда назарда тутилган ижтимоий-иқтисодий соҳанинг изчил ривожланишини ва мамлакатда барқарорликни таъминлашга доир барча тадбирлар мажмуини рўёбга чиқариш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан тасдиқланган 2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тармоқлар ва мамлакат ҳудудлари бўйича ижро этилиши, шунингдек маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ҳамда вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг ҳудудий органлари томонидан тегишли соҳалардаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан тизимли назоратни амалга оширмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва бошқа ваколатли идораларнинг биргаликдаги иши якунлари бўйича 658 минг нафардан ортиқ ишламайдиган, ишга жойлаштириш масалалари бўйича меҳнат органларига мурожаат қилмаган фуқаро аниқланган ва ҳисобга олинган.
Иш ўринлари яратиш ва ишсизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш вазифалари зиммаларига юклатилган ваколатли органлар фаолиятини текшириш ҳамда прокурор назорати ҳужжатларини киритиш натижасида тегишли мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортилган, шунингдек қонунлар қўпол равишда бузилганлиги аниқланган ҳолларда жиноят ишлари қўзғатилган.
Вазирликлар, идоралар ва корхоналар томонидан иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар ўз вақтида тўланишини назорат қилишга алоҳида эътибор берилган. Прокуратура органларининг аралашуви натижасида 21 млрд. сўм миқдоридаги иш ҳақининг тўланиши таъминланган, 10,6 млрд. сўм миқдоридаги моддий зарар ихтиёрий равишда қопланган. Қонунларни қўпол равишда бузиш ҳолатлари юзасидан 268 та жиноят иши қўзғатилган. Бундан ташқари, иш ҳақи ва биринчи навбатдаги бошқа тўловлар ҳисобига нақд пул маблағлари тўланишини таъминламаган тижорат банкларининг 231 нафар мансабдор шахси интизомий ва маъмурий жавобгарликка, 27 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Мамлакатда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини камайтириш мақсадида прокурор назорати биринчи навбатда банклар фаолиятини назорат қилишга, шартнома интизомига риоя этилишига, нақд пул маблағларининг банкдан ташқарида айланишини камайтиришга қаратилган. Ушбу соҳадаги иш жараёнида 13006 та прокурор назорати ҳужжати қабул қилинган, қонунларни қўпол равишда бузиш ҳолатлари бўйича 238 та жиноят иши қўзғатилган.
Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга ва уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш фактларига барҳам беришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларининг ижроси устидан назоратни таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилган. Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини камситувчи 32 та ноқонуний қарори ва назорат органларининг 41 та қарори бекор қилинган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва лицензия берувчи органлар, тижорат банклари ходимлари томонидан содир этилган тамагирлик ва суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича 69 та жиноят иши қўзғатилган. Прокуратура органларининг аралашуви билан 879 нафар тадбиркорда туғилган муаммоли масалалар қонун доирасида ҳал қилинган.
Прокурор назоратини амалга ошириш жараёнида «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларига риоя этилишига ҳам алоҳида эътибор берилган. Хусусан, тегишли вазирликлар ва идораларга ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш учун 1407 та тақдимнома юборилган, ноқонуний ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан 173 та протест келтирилган, 764 нафар мансабдор шахс қонунлар бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган, 2559 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган. Фуқароларнинг мурожаатлари ҳақидаги қонун ҳужжатлари қўпол равишда бузилганлиги аниқланган ҳолатлар бўйича 28 та жиноят иши қўзғатилган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қонунга мувофиқлиги нуқтаи назаридан мунтазам ўрганиб борилмоқда. 2010 йилда ҳаммаси бўлиб вилоят ҳокимларининг 87 та қарори, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг 3146 та қарори ноқонуний ҳуқуқий ҳужжатлар сифатида бекор қилиш ва қонунга мувофиқлаштириш бўйича протестлар келтирилган.
Фермерликни жадал ривожлантириш йўлидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этишга, деҳқон ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга, ердан фойдаланишни бузишга барҳам беришга, шунингдек суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган қонун ҳужжатларининг талабларини бажариш бўйича назорат тадбирлари изчиллик билан амалга оширилган. Қонунларни қўпол равишда бузиш ҳолатлари бўйича ўтказилган текширувлар натижасида жиноят ишлари қўзғатилган, тегишли мансабдор шахслар белгиланган жавобгарликка тортилган, судларга 94,8 млрд. сўмни ундириш ҳақида 18921 та ариза юборилган.
Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан ҳамкорликда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳамда бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш, «Баркамол авлод йили» Давлат дастурини ижро этиш устидан назорат амалга оширилган. Ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида назоратни амалга ошириш натижалари бўйича 2361 та тақдимнома қабул қилинган, 1270 та ноқонуний ҳуқуқий ҳужжат бекор қилинган, ваколатли шахслар белгиланган жавобгарликка тортилган ёки қонунларни бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган, 252 млн. сўм ихтиёрий равишда қопланган, 289 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган.
Бу соҳада ўтказилган тадбирлар вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик даражаси олдинги йилдагига нисбатан 3,9 фоизга пасайишига имкон берди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек уларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан чора-тадбирлар кўрилган. Натижада содир этилган жиноятларнинг, хусусан қасддан одам ўлдириш, баданга оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, босқинчилик ва ўғирлик, безорилик ҳамда ўқотар қуролдан фойдаланиб, жиноятлар содир этиш каби оғир турдаги жиноятлар умумий сонининг пасайиши тамойили қайд этилган.
Суд қарорларини ижро этиш борасидаги назорат фаолияти кучайган. Чунончи, ушбу соҳадаги прокурор назорати натижалари бўйича 5751 та прокурор назорати ҳужжати келтирилган, 1777 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, қонунларни қўпол тарзда бузиш ҳолатлари бўйича 950 та жиноят иши қўзғатилган.
Фуқароларнинг мурожаатларини прокуратура органларида кўриб чиқиш ва ҳал қилишда қонунийликни таъминлаш бўйича чоралар кўрилган. Ҳисобот даврида прокуратура органларининг ходимлари томонидан фуқароларнинг 49 мингдан ортиқ аризаси бевосита ҳал қилинган, 93974 нафар фуқаро қабули амалга оширилган ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилган.
Прокуратура органларининг жамиятда ҳуқуқий маданиятни янада ошириш борасидаги фаолияти такомиллашиб бормоқда. Қонун ҳужжатларини тарғиб қилиш ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, шунингдек прокуратура органларининг фаолияти ҳақида аҳолига ахборот бериш мақсадида 119 мингдан ортиқ тушунтириш тадбирлари, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида 22 мингдан ортиқ тадбир ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига тўққизта қонун лойиҳаси киритилган бўлиб, шуларнинг иккитаси янги қонун лойиҳаси, еттитаси амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларидир.
Прокуратура органларининг кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларни тарбиялаш ва малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хизмат вазифаларини ҳалол ва намунали бажарганликлари учун ходимларни рағбатлантириш бўйича чоралар кўрилган. Айни вақтда вазифаларини лозим даражада бажармасликка йўл қўйган ёки прокуратура ходими деган номга доғ туширадиган қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан прокуратура органларидан бўшатиб юборишгача интизомий жазо чоралари қўлланилган ва тегишли ҳолларда жиноят ишлари қўзғатилган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини таҳлил қилиш прокуратура органлари фаолиятида айрим камчилик ва нуқсонлар мавжудлигидан далолат беради.
Ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш янада чуқурроқ ўрганишни ва мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек жиноятчиликка қарши курашишни амалга оширувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ишни такомиллаштириш ва бу йўналишда жамоатчилик имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чоралар кўришни талаб қилади.
Фуқароларнинг, айниқса аҳолининг ижтимоий ночор қатламлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш борасидаги иш кучайтирилиши керак.
Тадбиркорларнинг фаолиятига мавжуд ноқонуний аралашиш фактлари, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида сунъий маъмурий тўсиқларни вужудга келтириш уларни аниқлаш ва бартараф этишни таъминлаш соҳасида нуқсонлар борлигидан далолат беради.
Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини рўёбга чиқариш юзасидан прокурор назоратини янада кучайтириш талаб этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан тасдиқланган 2011 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижро этилиши устидан назоратнинг самарадорлигини ошириш зарур.
Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг фуқаролар соғлиғини сақлашга қаратилган қонунларни ижро этиш борасидаги фаолияти, иқтисодиёт тармоқларини ҳар томонлама ривожлантириш, тўлов ва шартнома интизомини мустаҳкамлаш, инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир қонунларга риоя этилиши устидан назоратни янада кучайтириш бўйича таъсирчан чоралар кўриш керак.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг фаолиятини янада кучайтириш «яширин» иқтисодий фаолиятга қарши курашишга ёрдам беради, бу эса иқтисодиётни барқарорлаштиришда ижобий натижаларни таъминлаши керак.
«Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» принципини амалда ҳаётга татбиқ этиш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишни ва болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни ташкил этиш соҳасида назоратни кучайтириш керак.
Вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларни профилактика қилишга қаратилган қонун ҳужжатларини вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар томонидан, ички ишлар ва таълим органлари тизимида ижро этиш амалиётини, шунингдек хўжалик судлари томонидан ишларни кўриб чиқишда прокурорларнинг иштирок этиши ва улар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши амалиётини ўрганиш мақсадга мувофиқ.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р.Ҳ. Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори (Р.Ҳ. Қодиров):
қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасида назарда тутилган қонун лойиҳалари ўз вақтида ва сифатли тайёрланишини таъминласин;
прокуратура органларининг 2010 йилда мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда профилактика қилиш борасидаги фаолиятини танқидий ўрганиб чиқсин, ишдаги аниқланган хатоларни бартараф этиш бўйича вазифаларни белгиласин;
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни рўёбга чиқариш бўйича ишининг самарадорлигини оширсин, бунда аҳолининг ижтимоий ночор қатламларига устувор аҳамият берсин;
2010 йилда айрим жиноят турларининг ўсишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни чуқур таҳлил қилсин, жиноятчиликка қарши курашни амалга оширувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш, улар ўртасида ҳамкорликни таъминлаш борасидаги ишни такомиллаштиришга, бу йўналишда жамоатчиликнинг имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча чораларни кўрсин;
тадбиркорларнинг фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашишни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги маъмурий тўсиқлар ва бюрократия ҳолатлари аниқланиши ва бартараф этилишини таъминласин, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашишни иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш борасидаги давлат сиёсатига қарши ҳаракат деб қарасин, қоидабузарларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чораларини қўлласин;
Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурини, унда назарда тутилган ижтимоий-иқтисодий соҳанинг изчил ривожланишини ва мамлакатда барқарорликни таъминлашга доир барча тадбирлар мажмуини рўёбга чиқариш устидан назоратни кучайтирсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан тасдиқланган 2011 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тармоқлар ва мамлакат ҳудудлари бўйича ижро этилиши устидан тизимли назорат самарали амалга оширилишини ташкил этсин;
вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишни, уларнинг соғлиғини сақлашни кафолатлашга қаратилган қонунларни ижро этиш борасидаги фаолияти устидан назоратни янада кучайтириш бўйича зарур чораларни кўрсин;
иқтисодиёт тармоқларига, тўлов ва шартнома интизомини мустаҳкамлашга, инвестицияларни кенг жалб этишга ҳамда инвесторлар учун энг қулай шарт-шароитлар яратишга доир қонунларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтирсин;
умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида таълим олишга тўла жалб этиш, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш устидан назоратни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор берсин;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг «яширин» иқтисодий фаолиятга қарши курашиш борасидаги фаолиятини кучайтирсин;
маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминласин;
кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишни ташкил этиш ҳамда болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш масалалари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ўз вақтида ва адолатли ҳал қилиниши устидан назоратни кучайтирсин;
вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар томонидан, ички ишлар ва таълим органлари тизимида ижро этилиши амалиётини ўрганиш бўйича ишни фаоллаштирсин;
хўжалик судларида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд-прокурорлик амалиётини ўргансин ва натижалари юзасидан тегишли чоралар кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори (Р.Ҳ. Қодиров) ушбу Қарорни ижро этишнинг бориши тўғрисида 2012 йилнинг 10 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ахборот тақдим этсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (С.Б. Артикова) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 26 март,
179-II-сон