Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб таъкидлайдики, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳасини тубдан такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, 2018 йилги «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастурини бажара бориб, иқтисодиётнинг барқарор, юқори суръатлар билан ривожланиши ва ўсиши таъминланди. Асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиш суръатлари сақланиб қолди, мамлакат иқтисодиёти соҳалари ва тармоқларининг янада мутаносиб ривожланиши учун мустаҳкам замин яратилди.
Жорий йилнинг тўққиз ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5,2 фоизни ташкил этди, хусусан, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми — 6,3 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари маҳсулоти ишлаб чиқариш — 1,3 фоиз, қурилиш ишлари ҳажми — 7,4 фоиз, ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқа — 6,9 фоиз, бошқа хизматлар ҳажми — 6,4 фоиз ўсди.
Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жадал жалб қилишга, экспортни қўллаб-қувватлашга, импорт ўрнини босувчи товарлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга, шунингдек тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш чоғида улар учун тенг шароитлар яратилишига имкон берди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақланиб қолди, ижтимоий соҳани молиялаштиришга харажатлар умумий ҳажмининг 53,4 фоизи миқдорида маблағ ажратилди. Ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга ажратилган маблағларнинг 65,8 фоизи иш ҳақи, пенсиялар ва уларга тенглаштирилган тўловлар тўланишини молиялаштириш учун йўналтирилди.
2018 йилнинг тўққиз ойида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини оширишга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини такомиллаштиришга, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давом эттиришга биринчи даражали эътибор қаратилди. Хусусан, халқ таълими муассасаларини сақлаш ва ривожлантириш харажатларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 13,6 трлн. сўмдан ортиқ ёки ижтимоий соҳага ажратилган умумий маблағларнинг 47,2 фоизи миқдорида маблағ ажратилди.
2018 йилнинг тўққиз ойида илм-фанни ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган 213,3 млрд. сўм миқдоридаги маблағларнинг 23,2 млрд. сўми ёки 60 фоизи Давлат илмий-техника дастури доирасидаги илмий-техника лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилди.
Олий таълим муассасалари раҳбар ходимларининг ва профессор-ўқитувчилар таркибининг, фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларга оид илмий-техника дастурларини амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари илмий ходимларининг иш ҳақи ўртача 25 фоизга ошди. Ушбу мақсадлар учун жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча равишда 41,5 млрд. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилди.
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг фаровонлигини оширишга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 2,1 трлн. сўм ажратилди, шундан болаликдан ногирон бўлганларга нафақалар тўлаш учун 787,6 млрд. сўм сарфланди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари фондидан ҳисобот даврида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган ишсиз шахсларга ва банд бўлмаган аҳолига иш ҳақи бўйича тўловларни амалга ошириш учун 194,2 млрд. сўм йўналтирилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат дастурларини бажариш бўйича тадбирларни амалга ошириш доирасида Давлат бюджетидан 6,5 трлн. сўм ёки ижтимоий соҳа умумий харажатларининг 22,7 фоизи ажратилди. Ушбу маблағлардан 2,1 трлн. сўми амбулатория (профилактика) хизматлари учун ҳамда 2,9 трлн. сўми касалхоналар ва ихтисослаштирилган клиникалар хизматлари учун ажратилди.
Кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш мақсадида санаторийлар ва интернат уйлари, ногирон болалар интернат уйлари, уй шароитида ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлинмалари, ногиронларни реабилитация қилиш марказлари учун, шунингдек соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа хизматлар учун Давлат бюджетидан 1 767,2 млрд. сўм ажратилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақиллигини ошириш, марказдан бюджетлаштиришга бўлган боғлиқликни камайтириш жараёнини чуқурлаштириш, Минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини кафолатланган молиялаштириш манбалари билан таъминлаш, бюджетни шакллантириш ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланишда ҳокимларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш борасида ҳукумат томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2018 йилнинг тўққиз ойида маҳаллий бюджетларда 2 857,3 млрд. сўм миқдорида ёки 2017 йилнинг худди шу даврига нисбатан 5,8 баравар кўп қўшимча манбалари шакллантирилди.
Шу билан бирга ҳисобот даврида таълим муассасалари тизимини сақлаш ва ривожлантиришга ажратилган 92,0 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилмай қолди.
Маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми базасини кўпайтириш учун мавжуд бўлган потенциал ресурслар ва имкониятлар тўлиқ ишга солинмади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни атрофлича муҳокама қилиб ҳамда сиёсий партиялар фракцияларининг, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, шунингдек парламент қуйи палатаси қўмиталарининг таклиф ва фикр-мулоҳазалари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси саъй-ҳаракатларни асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг асосий параметрларини сўзсиз ижро этишга, иқтисодиётнинг янада барқарор ва мутаносиб ривожланишини таъминлашга йўналтирсин.
3. Сиёсий партиялар фракцияларига, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳисобот давридаги ижроси билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш чоғида бюджет маблағларидан тегишли тармоқлар ва соҳаларда мақсадли ҳамда самарали фойдаланилишига доир аниқ таклифлар киритиш, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўзининг назорат-таҳлил фаолиятида, хусусан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижро этилиши билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш чоғида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишга доир тавсиялар киритсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 17 ноябрь,
2120-III-сон