Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган 2019 йилги Бюджетномани муҳокама қилиб, шуни таъкидлайдики, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 96-моддаси қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва киритилган.
2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтиш учун фундаментал асосларни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Қабул қилинаётган чора-тадбирлар иқтисодиётни жадаллаштириш ва эркинлаштириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва интенсив ривожлантириш, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим бўлган янги платформани вужудга келтирди.
Тақдим этилган 2019 йилги Бюджетномада Ўзбекистон Республикасини 2017 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижросига баҳо берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган иқтисодиёт тармоқларини ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий юксалтиришнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтиш учун фундаментал асосларни шакллантиришга ҳамда ривожлантиришга қаратилган соҳаларни ривожлантириш бўйича муҳим дастурларни бажариш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2018 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши баҳолаш ҳисоб-китобларига кўра 5,2 фоизни, хусусан, саноат маҳсулотининг ўсиши 6,1 фоизни, қурилиш ишлари 8 фоизни, чакана товар айланмаси 4,2 фоизни ва капитал қўйилмалар 7,9 фоизни ташкил этади.
Валюта ва нарх сиёсатини эркинлаштириш, қишлоқ хўжалигида ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш ва капитал қўйилмаларнинг ўсиши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадларининг кўпайишига ижобий таъсир кўрсатди.
Ялпи ички маҳсулотнинг ўсишини таъминлашда ва аҳолининг бандлиги муаммоларини ҳал этишда, биринчи навбатда қишлоқ хўжалигида ҳал этишда хизматлар соҳаси (телекоммуникация хизматлари, уяли телефон алоқаси хизматлари, молиявий хизматлар, кўчмас мулк соҳасидаги хизматлар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар ҳамда бошқа хизматлар) алоҳида ўрин тутади.
Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, аҳоли даромадларини ошириш, шунингдек инфляцияни прогноз кўрсаткичлари даражасида сақлаб туриш мақсадида 2018 йилда икки марта (15 июлдан ва 1 ноябрдан эътиборан) иш ҳақи, стипендиялар, нафақалар ва пенсиялар тегишинча 7,0 ва 10 фоизга оширилди. Шу билан бирга тарбиячилар, ўқитувчилар, фан ва маданият ходимларининг иш ҳақи 30 фоиздан 100 фоизгача оширилди.
Бюджетномани тақдим этиш амалиётида биринчи марта 2019 — 2021 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози берилди. Унда фискал кўрсаткичларга таъсир кўрсатувчи асосий ташқи ва ички омиллар, 2019 — 2021 йилларга оид солиқ-бюджет сиёсатининг стратегияси, 2019 йилга мўлжалланган ва 2020-2021 йилларга прогноз қилинган фискал хавфлар, 2019 — 2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари параметрлари каби масалалар ўз аксини топган.
Тақдим этилган 2019 йилги Бюджетномада иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилишни таъминлашга, иқтисодиёт секторларининг макроиқтисодий кўрсаткичларнинг юқори суръатларда ўсишига эришишга ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган инвестициявий жозибадорлиги ва фаоллигини оширишга доир чора-тадбирларни изчил амалга ошириш назарда тутилган.
2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий динамикасини сақлаб қолган ҳолда 5,4 фоиз миқдорда (2020 йилда 6,0 фоиз, 2021 йилда 7,0 фоиз) бўлиши назарда тутилмоқда, хусусан, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 4,9 фоиз, қурилишда 8,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида 3,3 фоиз ва хизматлар соҳасида 6,2 фоиз кўпаяди, уй хўжаликларининг пировард истеъмоли 5,0 фоиз, асосий капиталга инвестициялар 17,0 фоиз, товарлар ва хизматлар экспорти 15,5 фоиз ҳамда импорт 6,3 фоиз ўсиши кутилмоқда.
2019 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг юқори ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш, шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириш; юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтириш; фуқароларнинг меҳнат ҳақи тарзидаги даромадларидан фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Умуман олганда, таклиф этилаётган чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳисобига солиқлар ва мажбурий тўловларнинг сони 19 та турдан 15 та тургача қисқаради.
2019 йилга мўлжалланган Бюджет сиёсати пухта ўйланган фискал сиёсатни амалга оширишга, иқтисодий кўрсаткичларнинг мутаносиб ўсишига ва мамлакат молиявий тизимининг барқарорлигига қаратилгандир.
Бюджет маблағларини режалаштириш самарадорлигини, улардан фойдаланиш натижадорлигини оширишга ва бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. Хусусан:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини режалаштириш ва ижро этиш жараёнини такомиллаштириш;
бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, тегишли вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг солиққа оид салоҳиятини кенгайтиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг манфаатдорлигини ошириш;
бюджетнинг барқарорлигини таъминлаш учун бюджет қоидаларини ва фискал чекловларни ўрнатиш;
бюджет тизимида бюджетларнинг молиявий оқимларини консолидациялаш;
бюджет соҳасидаги ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Бюджетни режалаштиришнинг барқарорлигини ошириш мақсадида прогноз йили учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини ва кейинги икки йил учун бюджет йўналишларини тасдиқлаш йўли билан ўртача муддатли бюджетни режалаштириш механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Ўрта муддатли бюджет доирасида асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозларини ва Ўзбекистон Республикасини ўрта муддатли даврда ривожлантириш сценарийларини замонавий макроиқтисодий моделлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.
2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадларининг тушуми 102,6 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,2 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда. Давлат бюджетига тушумларнинг кўпайиши жорий йил кўрсаткичига нисбатан 37,8 фоизни ташкил этади.
Давлат бюджети даромад қисмининг тушуми бевосита солиқлар бўйича даромадлар ҳисобига 20,7 трлн. сўм, билвосита солиқлар бўйича 55,5 трлн. сўм миқдорида, ресурс солиқлар ва мол-мулкка солинадиган солиқдан 14,6 трлн. сўм, ер ости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқдан 10,7 трлн. сўм, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан 0,3 трлн. сўм миқдорида бўлиши кутилмоқда.
2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатлари 107,1 трлн. сўмни ташкил этади, бу ўтган йилдагига нисбатан 1,4 баравар кўп бўлиб, бунда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатлари асосан ижтимоий ва иқтисодий соҳаларга йўналтирилгандир.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижтимоий соҳага харажатлари 57,8 трлн. сўмни ёки умумий харажатларга нисбатан 54,0 фоизни ташкил этади, бунда ушбу харажатларнинг ўсиши ўтган йилга нисбатан 34,4 фоиз кўпаяди.
Мактабгача таълим муассасаларини молиялаштиришга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 4,0 трлн. сўм, умумий таълимга 17,1 трлн. сўм, кадрлар тайёрлашга 3,8 трлн. сўм йўналтирилади.
Соғлиқни сақлашни молиялаштиришга Давлат бюджетидан 12,1 трлн. сўм йўналтирилади ёки ўтган йилга нисбатан 30,5 фоиз ўсиш билан умумий харажатларга нисбатан 11,3 фоизни ташкил этади.
Давлат бюджетида:
2016 — 2020 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш;
2018 — 2022 йиллардаги даврга мўлжалланган болаларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш (скрининг);
одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликлари тарқалишига қарши курашиш, ички касалхона инфекцияларининг профилактикаси;
ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш;
2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасида онкологик хизматни янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш;
шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш учун қўшимча равишда 606,5 млрд. сўм назарда тутилган.
Тез тиббий ёрдам хизматининг сифатини, ундан фойдаланилишини ва унинг тезкорлигини ошириш соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор йўналишлардан бири бўлиб, уни ўз вақтида молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида 643,9 млрд. сўм назарда тутилган.
Бундан ташқари, стационар даволаш-профилактика муассасаларида даволанаётган шахсларнинг (беморларнинг) имтиёзли контингенти учун шифобахш озиқ-овқат ташкил этилишини яхшилашга доир харажатларни оширишга 438,5 млрд. сўм ажратиш назарда тутилмоқда.
2019 йилда дори-дармонлар ва тиббий буюмлар олиш учун ажратиладиган маблағларни кўпайтиришга оид сиёсат давом эттирилади. Чунончи, дори-дармонлар учун мўлжалланган харажатлар 1,0 трлн. сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилдагига нисбатан 16 фоиз кўпдир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маданиятни молиялаштириш учун 1,0 трлн. сўм, илм-фанни ривожлантириш учун — 0,8 трлн. сўм йўналтирилади.
Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш ва компенсация тўловлари учун харажатлар ўтган йилдагига нисбатан 61,8 фоиз ошган ҳолда 5 267,2 млрд. сўмни ташкил этади.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурларини амалга ошириш учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 6,3 трлн. сўм йўналтирилади, бу эса 478 та аҳоли пунктида турмуш шароитлари яхшиланишини таъминлайди.
Давлат дастурларини амалга ошириш доирасида 2019 йилда 372 та объектда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини реконструкция қилиш ҳамда модернизациялаш, 1 916,1 км узунликдаги сув ўтказиш тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш назарда тутилмоқда.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида марказлашган сув таъминотига қамраб олиш 2019 йилда 77,0 фоизга етади.
Умуман олганда, 2019 йилда ва кейинги 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг давлат ташқи қарзи 11, 2 млрд. АҚШ доллари ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2017 йилдаги 17 фоизига нисбатан 22 фоиз миқдорида прогноз қилинмоқда.
2019 йилги Бюджетномада назарда тутилган даромадларнинг изчил ўсиши, солиқ сиёсатида жорий этилаётган туб ўзгаришлар аҳолининг турмуш шароитларини ва бизнеснинг фаолият кўрсатишини яхшилашга қаратилган.
Тақдим этилган Бюджетномани — Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджетини, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 97-моддасига мувофиқ ҳар томонлама кўриб чиқиб, сиёсий партиялар фракцияларининг, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг таклиф ва фикр-мулоҳазаларини, шунингдек аҳолининг Қонунчилик палатаси депутатлари билан жойларда ўтказилган учрашувлар чоғида билдирилган фикрлари ҳамда таклифларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тақчиллиги 2021 йилда 0,1 фоизгача изчил пасайтирилган ҳолда ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,06 фоиз миқдорида бўлган ҳолда қабул қилинсин.
Қуйидагилар тақчилликни қоплаш манбалари этиб белгилансин:
республика бюджетининг йил бошидаги бўш қолдиқлари;
халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банкининг) ташқи қарзлари;
ички ғазначилик облигацияларини ва суверен еврооблигацияларни чиқариш;
бошқа манбалар.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тасдиқланган прогнозлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари бажарилишини ҳамда 2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг параметрлари ижро этилишини таъминласин. Бунда қабул қилинган энг муҳим давлат иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастурларини амалга оширишга, бунинг учун четдан келтирилган маблағларни имтиёзли шартлар асосида жалб этишга, объектларининг, шу жумладан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида таъмирланиши лозим бўлган объектларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш ҳамда 2019 йилги Инвестиция дастурига киритишга алоҳида эътибор қаратилсин. Бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш талаб этилади.
3. Сиёсий партиялар фракцияларига, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси масалаларини кўриб чиқиш чоғида тегишли тармоқларда бюджет маблағларидан фойдаланилишини чуқурроқ таҳлил қилиш ҳамда уларнинг ижро этилиши устидан парламент назоратини такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар киритиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тасдиқланган прогнозлари ва Ўзбекистон Республикаси 2019 йилги Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг параметрлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари бажарилишига, турли тармоқлар ва ҳудудларда бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишига парламент назоратини амалга ошириш чоғида алоҳида эътибор қаратсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси бошқа қўмиталар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишларининг ижроси юзасидан мунтазам равишда назорат-таҳлил ишларини амалга оширсин.
6. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 17 ноябрь,
2119-III-сон