Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
АКЦИОНЕРЛИК-ТИЖОРАТ «ПАХТА-БАНК»НИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 январдаги 5-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2001 й., 1-2-сон, 2-модда)
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 20 майдаги 142-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Қишлоқда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, пахтачиликка ва у билан боғлиқ тармоқларга банк хизмати кўрсатишни яхшилаш, ушбу соҳада ҳисоб-китобларни такомиллаштириш ва унинг янги шаклларини ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. «Ўздеҳқончиликсаноатбанк» республика акционерлик-тижорат банки муассисларининг ушбу банк негизида акционерлик-тижорат «Пахта-банк»ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
(1-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 январдаги 5-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2001 й., 1-2-сон, 2-модда)
Белгилаб қўйилсинки, «Пахта-банк» молиявий, мулкий ва бошқа мажбуриятлар ва талаблар бўйича «Ўздеҳқончиликсаноатбанк»нинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
2. Қуйидагилар «Пахта-банк»нинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
пахта етиштирувчи хўжаликларни ва пахта етиштириш ҳамда уни қайта ишлаш билан боғлиқ ташкилотларни ривожлантириш учун молиявий маблағларни жамлаш;
пахта етиштирувчи хўжаликларга, пахта заводларига, пахтачиликка хизмат кўрсатувчи ўзаро боғлиқ тармоқларнинг бошқа корхоналари ва ташкилотларига комплекс банк ва валюта-инвестиция хизмати кўрсатиш;
пахта етиштириш, уни қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш билан боғлиқ хўжаликлар ва ташкилотларга улар билан фьючерс битимлар тузиш орқали бўлғуси ҳосил ҳисобидан аванс бериш;
ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш, шунингдек, хўжаликлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиниши ва берилган кредитларнинг қайтарилиши устидан амалий назоратни таъминлаш;
векселлар, давлат қисқа муддатли облигациялари, акциялар ва бошқа қийматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш;
хўжаликларда белгиланган тартибда «Пахта-банк»нинг бўлинмаларини ташкил этиш йўли билан банк хизмати кўрсатишни мижозларга яқинлаштириш;
кредит карточкалари жорий этиш ва электрон банк хизматлари кўрсатиш.
3. «Пахта-банк» акционерларига ўн кун муддатда белгиланган тартибда таъсис йиғилиши ўтказиш ва банк Уставини тасдиқлаш таклиф этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки «Пахта-банк»ни давлат рўйхатидан ўтказсин ва унга белгиланган тартибда тегишли лицензия берсин.
Марказий банкка «Ўздеҳқончиликсаноатбанк» томонидан ижарага олинган хизмат биноларини қолдиқ қиймат бўйича ҳақ тўлаш асосида «Пахта-банкка бериш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Б.С. Ҳамидов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 27 июль,
294-сон