Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, Давлат дастурига мувофиқ мамлакатимизда халқ билан мулоқот, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани мамлакат тараққиёти ҳамда халқ фаровонлиги юксалишини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўтган даврда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларига ва макроиқтисодий барқарорликка эришилди. Хусусан, ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,3 фоизга ўсди.
«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари доирасида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. «Ҳар бир оила — тадбиркор», «Ёшлар — келажагимиз», деҳқон хўжаликлари ва шахсий томорқа ерларини ривожлантириш дастурлари ижроси доирасида жами 552,8 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, 13,5 мингдан ортиқ аҳолининг иш билан бандлиги таъминланди. Ўзбекистоннинг халқаро евро облигациялари илк бор Лондон биржасида жойлаштирилди, мамлакатимизнинг «Бизнес юритиш» йиллик рейтингидаги ўрни янада яхшиланди.
Давлат дастурининг биринчи чорак учун белгиланган устувор вазифалари ўз вақтида, сифатли ижро этилишига кўп жиҳатдан Вазирлар Маҳкамаси ташкилий тузилмасининг такомиллаштирилгани, бунда унинг иши янги мазмун билан бойитилгани, йирик хўжалик бошқарув субъектларида корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилгани ёрдам берди. Шунингдек, Давлат дастурининг ижросини таъминлашда Ҳукумат ва парламент қуйи палатаси ўртасида яқин ҳамкорликда фаолият олиб борилганлиги муҳим омил бўлди.
Ҳукумат фаолиятида ижтимоий масалаларнинг устуворлиги таъминланиб, аҳолининг бандлиги, соғлиқни сақлаш, таълим тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, умумий қиймати 341,2 млн. доллар бўлган 32 та ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектлари ишга туширилиб, 1 806 та янги иш ўринлари яратилди.
Республикада яратилган қулай инвестиция муҳити натижасида инвестицияларнинг ўзлаштирилиши жадаллаштирилди. Хорижий инвестициялар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича 15 трлн. сўм, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида эса 750 млн. доллар маблағлар ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 3 баробар ўсиш таъминланди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилиши билан бирга, жорий йилнинг биринчи чорагида Давлат дастурида бажарилиши лозим бўлган 63 та банддан 46 таси бажарилган бўлиб, 17 таси тўлиқ бажарилмаган.
Хусусан, санитария-эпидемиология хизматини янада такомиллаштириш (153-банд), касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, таълим дастурлари муддатини табақалаштирган ҳолда касбий таълимни ташкил этиш, мақсадли кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш (211-банд), таълим муассасаларини аккредитациялаш тизимини такомиллаштириш (214-банд) каби бандларда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар вақтида қабул қилинмаган.
Ҳукумат томонидан Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлаш ва парламент муҳокамасига киритиш бўйича қўшимча чоралар белгилаш лозим.
Давлат дастурида белгиланган соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ҳамда кадрлар таъминотини мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларни амалга ошириш борасидаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш талаб этилади.
Тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш асоси бўлмиш даволаш-профилактика муассасаларини жиҳозлаш ҳамда тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти бугунги кун талабига жавоб бермайди. Жумладан, 5,5 мингдан зиёд умумий амалиёт шифокори ва тор соҳа мутахассис штат бирлиги вакант бўлиб қолмоқда.
Аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш, онкологик касалликларга ташхис қўйиш ҳамда даволашнинг илғор усулларини жорий этиш борасида ўз ечимини кутаётган қатор масалалар мавжуд. Жумладан, умидсиз оғир беморлар учун ҳудудларда, хусусан, Тошкент шаҳрида ҳудудлараро хоспис бўлимларини ташкил қилиш билан боғлиқ ишлар ҳанузгача якунига етказилмаган.
Жумладан, Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиникаларда 10 дан зиёд тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилган. Лекин, вилоятлар марказларидаги оилавий поликлиникаларда тор соҳа мутахассислик штат бирлиги ажратилмаган бўлиб, уларга шаҳарлардаги кўп тармоқли марказий поликлиниканинг тор соҳа мутахассислари бириктирилган. Бу эса тиббий хизмат сифатига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, оилавий поликлиникаларда кундузги шифохоналарга хизмат кўрсатувчи шифокор ва ҳамшираларнинг штат бирликларини қайта кўриб чиқилиши зарур.
Давлат дастуридаги 30 дан зиёд бандлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги турли лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан боғлиқ. Мазкур лойиҳаларнинг ўз муддатларида ижро этилмаганлиги кўп ҳолларда уларни амалга оширишнинг дастлабки босқичларида оддий ташкилий масалаларнинг ҳал этилмаганлиги сабабли келиб чиқмоқда.
Давлат дастурига мувофиқ, ҳокимият вакиллик органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган «Электрон парламент» тизими лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори қабул қилинган эди. Бироқ, лойиҳа ижросини молиялаштириш масаласи бугунги кунга қадар ўз ечимини топмаганлиги натижасида бу борадаги ишлар охирига етказилмасдан қолмоқда.
«Mening fikrim» веб-портали орқали электрон жамоавий мурожаатларни Олий Мажлис палаталари билан бир қаторда Вазирлар Маҳкамаси ҳам кўриб чиқишини назарда тутадиган тегишли қарор қабул қилинган. Лекин веб-порталда Вазирлар Маҳкамасини жамоавий мурожаатларни кўриб чиқувчи орган сифатида қайд этилмаган ва бу йўналишдаги ишлар ҳам якунига етказилмаган.
Таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида ҳали кўп ишлар қилиниши лозим.
Жумладан, таълим муассасаларида таълим олиш учун етарли шароитлар яратилмаган, уларда олий малакали ўқитувчилар ва тарбиячилар етишмайди, ичимлик суви ва электр энергияси таъминоти, иситиш тизими ҳамда моддий-техника базаси талаб даражасида эмас, аксариятларининг бинолари таъмирга муҳтож.
Касбий таълимни ташкил этиш ва кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Шунингдек, ўқувчиларни олий таълим билан қамраб олиш, олий таълим муассасаларидаги ўқитувчиларнинг илмий даражаси пастлигича қолмоқда.
Бундан ташқари, Давлат дастуридаги қатор бандларнинг ижро муддатлари йил давомида этиб белгиланган бўлсада, ушбу бандларнинг бажарилиши юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар берилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-2-моддаси ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-1-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Абдуҳакимовнинг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз муддатида ва сифатли бажарилиши учун Ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини янада ошириш;
белгиланган муддатларда ижроси таъминланмаган бандларнинг қисқа муддатларда бажарилишини, хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишини таъминлаш;
Давлат дастурида белгиланган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш;
соғлиқни сақлаш тизимидаги вакант шифокорлик ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш чораларини кўриш;
умидсиз оғир беморлар учун ҳудудлараро хоспис бўлимларини ташкил қилиш билан боғлиқ ишларни якунига етказиш ҳамда уларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;
ҳудудлардаги барча шаҳар оилавий поликлиникаларига тор соҳа мутахассис шифокори штат бирлигини ажратиш масалаларини кўриб чиқиш;
оилавий поликлиникаларда кундузги шифохоналарга хизмат кўрсатувчи шифокор ва ҳамшираларнинг штат бирликларини қайта кўриб чиқиш;
санитария-эпидемиология хизматини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар кўриш, жумладан, самарасиз санитария-гигиена лабораторияларини оптималлаштириб, улар негизида замонавий туманлараро лабораториялар ташкил этиш, ДСЭНМларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, штатлар меъёрларини танқидий қайта кўриб чиқиш борасидаги ишларни охирига етказиш;
«Электрон парламент» тизимини ривожлантириш юзасидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ишларни молиялаштириш манбаларини аниқ белгилаш;
«Mening fikrim» веб-портали орқали келиб тушадиган фуқароларнинг жамоавий электрон мурожаатларини кўриб чиқадиган органлар рўйхатига Вазирлар Маҳкамасининг киритилишини таъминлаш;
касблар ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, тоифаланган касб-ҳунар таълим муассасаларини ташкил этиш борасидаги ишларни тезлаштириш;
ўқувчиларни олий таълим билан қамраб олиш ва олий таълим муассасаларидаги ўқитувчиларнинг илмий даражасини ошириш юзасидан қўшимча чораларни кўриш;
вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали аҳолини, айниқса, ёшларни Давлат дастури ижросининг боришидан хабардор қилиб бориш самарадорлигини ошириш;
Давлат дастурида муддатлари йил давомида этиб белгиланган бандларнинг ижроси юзасидан амалда бажарилган ишлар тўғрисида маълумот тақдим этиш;
жорий йилнинг II чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича ҳамда Давлат дастури доирасида амалга оширилиши назарда тутилган чора-тадбирларнинг ижроси юзасидан тизимли ва таъсирчан мониторинг ўрнатиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари (А. Абдуҳакимов) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари (Н. Умаров) билан биргаликда Давлат дастуридаги ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бандларнинг мониторингини олиб бориш, бу борада бажарилган ишлар юзасидан ахборот тақдим этиш асосий вазифалари бўлган ишчи гуруҳни ташкил этиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
Давлат дастурининг аҳамиятини аҳолининг кенг қатламлари орасида тарғиб қилиш, 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан амалга оширилган ишларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш чораларини кўрсин;
ўз фаолият йўналишидан келиб чиқиб, Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг самарали ижро этилиши устидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатсин;
Давлат дастури доирасида қабул қилинаётган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси устидан амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси бўйича жорий йилнинг 10 июнь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
6. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 18 май,
2501-III-сон