Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг изчил амалга оширилиши, давлат бюджети даромадларининг самарали шакллантирилиши ва харажатларининг оқилона сарфланиши натижасида иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ривожланишига эришилиб, макроиқтисодий барқарорлик таъминланган.
Ҳисобот даврида асосий эътибор бюджет харажатларининг самарадорлигини таъминлаш, биринчи даражали тўловлар бўйича харажатларни тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш ҳамда бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг белгиланган параметрлар доирасида ижро этилишида муҳим омил бўлди.
Солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, нархнинг белгиланишини либераллаштириш, бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, инновацион ғояларга асосланган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шунингдек кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг имкониятлар берилиши Давлат бюджетининг мутаносиб ижросини таъминлаш имконини берди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиши 5,3 фоизни ташкил этди, хусусан, хизматлар кўрсатиш 2,1 фоизга, саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари 0,7 фоизга ҳамда қурилиш ишлари ҳажми 0,3 фоизга ўсиши таъминланган.
Давлат бюджети даромадлари 23 трлн. 65,9 млрд. сўмни ташкил қилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62,9 фоизга ўсган ҳамда белгиланган 21,1 трлн. сўм режа 1,9 трлн. сўмга ортиғи билан ёки 109,2 фоизга бажарилган.
Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,2 фоизга ошиб, экспорт ҳажми 4,1 млрд. АҚШ долларни ва импорт ҳажми 5,3 млрд. АҚШ долларни ташкил этган.
Шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон тарихида илк маротаба давлат халқаро облигациялари жаҳон молия бозорида муомалага чиқарилди. Шу тариқа Ўзбекистон дунё валюта бозорида жами 1 млрд. АҚШ долларлик евробондларни жойлаштирди.
Жорий йилдан янги солиқ сиёсатининг амалга оширилиши натижасида иқтисодиётда ташқи ва ички савдо айланмасининг ўсиши, валюта бозори эркинлашувининг жадал давом эттирилиши, камерал назоратни кучайтирилиши ҳисобига билвосита солиқлардан тушумлар 10,6 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 41,9 фоизга ўсган.
Хусусан, қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумлар миқдори 7 663,2 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 63,3 фоизга кўпайган.
Давлат бюджетининг харажатлари 24,1 трлн. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 26,5 фоизни ташкил этган. Жумладан, тушумларнинг бир маромда таъминланиши ҳисобига бюджет ташкилотларининг қарийб 8,5 трлн. сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 1,8 трлн. сўмдан ортиқ иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиши таъминланган.
Харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолиниб, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 13,1 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 54,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланган.
Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари учун ажратилган маблағларнинг 7,4 трлн. сўми ёки қарийб 61,9 фоизи иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар молиялаштирилган.
Шу билан бирга, ҳисобот даврида Давлат бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланиш борасида қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Чунончи, давлат молиявий назорат тадбирлари ўтказилган 1 348 та бюджет ташкилотларининг 1 189 тасида 23 403,9 млн. сўм миқдорида молиявий хатоликлар, жумладан 5 896,2 млн. сўм миқдорида пул маблағлари ҳамда моддий бойликлар камомади ва ўзлаштиришлар ҳамда 17 507,8 млн. сўм миқдорда ноқонуний харажатлар аниқланган.
Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришга ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга кўпаймоқда. Хусусан, соҳага Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар миқдори 2,8 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50,1 фоизга ўсган.
Тиббиёт ходимларининг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида уларнинг иш ҳақига 2,2 трлн. сўм ажратилиб, жами маблағларнинг 77,2 фоизини ташкил этган. Бундан ташқари, дори воситалари ва тиббий буюмлар учун 215,0 млрд. сўм, озиқ-овқат харажатларига 54,3 млрд. сўм, 13 турдаги юқумли касалликларга қарши болаларни эмлаш бўйича вакцина харажатларига 72,1 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Депутатлар томонидан ўтган даврда ҳудудларда аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган бюджет маблағлари йилдан-йилга ортишига қарамай, ҳозирда ушбу маблағлардан мақсадли фойдаланиш, тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасида тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.
Ажратилган бюджет маблағларидан самарали фойдаланилишини мониторинг қилиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси томонидан жами 85 та ташкилот ҳамда муассасаларда ўрганишлар ўтказилиб, натижада жами 2,3 млрд. сўмга тенг камчиликлар аниқланган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4067-сонли Қарори бўйича тиббиёт муассасаларини замонавий ўқув-лаборатория, илмий, ишлаб чиқариш, диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш харажатларига ажратилган 64,0 млрд. сўм ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир устувор чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ ажратилган 217,7 млрд. сўм маблағлар ўзлаштирилмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан марказлашган тартибда харид қилинадиган дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналарга доир тендер савдолари ўтказилиши қоидаларига риоя этилмаганлиги натижасида ажратилган бюджет маблағлари ўзлаштирилмай қолган.
Ҳудудлар кесимида муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилиб, уларни молиялаштириш учун республика бюджети ҳамда маҳаллий бюджетларнинг эркин қолдиқлари ва ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан маблағлар ажратиш белгиланган. Бироқ, чора-тадбирлар режаларининг бажарилиш ҳолати мониторинг қилинганда, маҳаллий бюджетлардан берилиши лозим бўлган маблағлар бугунги кунга қадар ажратилмаган.
Ҳудудлардаги ўрганишларда айрим тиббиёт муассасаларида замонавий рентген, флюрография ва УТТ аппаратлари мавжуд эмаслиги, тиббиёт муассасаларига марказлашган ҳолда етказиб берилган юқори технологик тиббий асбоб-ускуналарни ўрнатиш ва улардан самарали фойдаланиш борасида қатор муаммолар борлиги аниқланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмалари ва қўмиталарда дастлабки тарзда муҳокама қилиш давомида билдирилган таклиф ҳамда мулоҳазаларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Жорий йилнинг биринчи чорагида Давлат бюджети даромадлари 23 065,9 млрд. сўмни, харажатлари эса 24 145,9 млрд. сўмни ташкил этиб, 1 080 млрд. сўм ёки ЯИМга нисбатан 1,1 фоиз тақчиллик билан бажарилгани қайд этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва ялпи ички маҳсулотнинг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда самарали инвестиция сиёсатини юритиш мақсадида Давлат бюджетининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш;
иқтисодиётни модернизация қилиш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда ҳудудларнинг хомашё ресурслари ва салоҳиятидан оқилона фойдаланиш ҳисобига товарлар ҳамда хизматлар экспорти ҳажмларини кўпайтириш;
маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга қаратилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш;
ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш;
соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ажратилган маблағларнинг ўз вақтида мақсадли сарфланиши ва натижадорлигини таъминлаш;
соғлиқни сақлаш тизимида марказлашган тартибда харид қилинадиган дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналарга доир тендер савдолари ўтказилиши қоидаларига риоя этилишини таъминлаш;
тиббиёт соҳасига маҳаллий бюджетларнинг эркин қолдиқлари ва ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан ажратилиши назарда тутилган маблағларни ажратиш;
маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатлари, шунингдек қўшимча тушумлардан фойдаланишга доир режалаштирилган тадбирлар тўғрисидаги ахборотни маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларига жойлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
молия йили давомида ўзлаштирилмаган маблағлардан келгусида мақсадли фойдаланиш чораларини кўрсин;
марказлашган маблағлар ҳисобидан сотиб олиниб, тиббиёт муассасаларида ўрнатилган юқори технологик тиббиёт асбоб-ускуналар ва жиҳозларнинг фойдаланишга топширилганлигини хатловдан ўтказсин;
тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;
бугунги кун эҳтиёжидан келиб чиқиб, шифо-ўринлари ва штатлар ажратиш нормативларини қайта кўриб чиқсин ва янги нормативлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси:
даромад солиқларини йиғиш даражасини оширишга ва уларнинг тўлиқ тўланишини таъминлашга қаратилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш йўли билан молия ва солиқ органларининг ҳудудий бўлинмалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтирсин;
бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилари томонидан бюджет маблағларининг асоссиз сарфланишининг олдини олиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратган ҳолда бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан молиявий назорат ўрнатсин;
қўшимча имкониятларни аниқлаш орқали маҳаллий бюджетларга солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар тушумининг бажарилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмаларига:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли ҳисобот давридаги ижроси масалалари кўриб чиқилаётганда солиқ имтиёзларини оқилона қўллаган ҳолда солиқ тушуми ҳажмини кўпайтириш ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар киритиш;
қўшимча тушумлар ҳисобига ўз тасарруфида қолаётган маҳаллий бюджетлар маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишига эътибор қаратиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз йўналишларига кўра назорат-таҳлил фаолияти давомида, хусусан, бюджетларнинг ижроси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилаётганда қонун ҳужжатларини янги талабларга мос тарзда такомиллаштириш масалаларини ўргансин, улар юзасидан таклифлар ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланиш натижадорлиги ва самарадорлигини таъминлаш бўйича тавсиялар киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, солиқ ва молия органлари раҳбарларининг маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга доир қарздорликка йўл қўймаслик юзасидан амалга ошираётган ишлари, шунингдек қўшимча иш ўринларини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида кўрилишини таъминласинлар ҳамда уларда иштирок этсинлар.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 28 май,
2521-III-сон