Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКА ВАЗИРЛИКЛАРИ, ИДОРАЛАРИ, КОРПОРАЦИЯЛАРИ, КОНЦЕРНЛАРИ, УЮШМАЛАРИ ВА БИРЛАШМАЛАРИНИНГ ИШЧИЛАР ТАЪМИНОТИ БОШҚАРМАЛАРИ ҲАМДА БЎЛИМЛАРИНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ВА ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН ЧИҚАРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилаётган, товар ресурсларини марказлашган ҳолда тақсимлаш тўлиқ бекор қилинган, истеъмол бозорини товар билан тўлдириш жиддий яхшиланган шароитда тармоқ вазирликлари, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар ва бирлашмалар таркибида савдо ташкилотлари ҳамда корхоналари мавжуд бўлишига эҳтиёж қолмади.
Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш, вазирликлар ва идоралар ишчилар таъминоти бошқармалари ҳамда бўлимлари савдо ва умумий овқатланиш корхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўз таркибида ишчилар таъминоти бошқармалари ва бўлимларига эга бўлган республика вазирликлари, идоралари, корпорациялари, концернлари, уюшмалари, бирлашмалари:
икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасига ишчилар таъминоти бошқармалари ва бўлимлари савдо корхоналарининг тўлиқ рўйхатини ва уларни 1995 йилда давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда хусусийлаштириш тўғрисида таклифлар тақдим этсинлар;
савдо корхоналари давлат тасарруфидан чиқарилишига кўра ишчилар таъминоти бошқармалари ва бўлимларини ортиқча бошқарув бўғини сифатида тўлиқ тугатсинлар.
2. Иловага мувофиқ республика вазирликлари ва идоралари корхоналарида оғир ва махсус меҳнат шароитларини назарда тутган ҳолда умумий овқатланиш ва ишчилар ошхоналари тизимининг амалдаги иш тартиби сақлаб қолинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси (Ғафуров) вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар ва бирлашмалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда 1995 йилда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тармоқ ва ҳудудий дастурларига тегишли ўзгартиришлар киритсин, бунда уларда ишчилар таъминоти бошқармалари ҳамда бўлимлари савдо корхоналарини қайта ўзгартиришнинг аниқ шаклларини назарда тутсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари М.3. Усмонов ва В.А. Чжен зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 30 июнь,
247-сон
Умумий овқатланиш ва ишчилар ошхоналарининг амалдаги тизими сақлаб қолинадиган корхоналар
РЎЙХАТИ
1. «Қизилқумнодирметаллолтин» давлат концерни корхоналари
2. «Ўзолмосолтин» уюшмаси корхоналари
3. «Кўмир» акционерлик бирлашмаси корхоналари
4. Олмалиқ кон-металлургия комбинати корхоналари
5. «Ўзбекнефтгаз» миллий корпорацияси корхоналари
6. Давлат геология қўмитаси корхоналари
7. «Ўзбектрансқурилиш» давлат уюшмаси корхоналари
8. В.П. Чкалов номидаги «Тошавиабирлашма» корхоналари
Кейинги таҳрирга қаранг.