Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ҳукумат томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, шуни қайд этадики, Давлат бюджетининг ижроси «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунда белгиланган бюджет параметрлари доирасида ҳамда коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва глобал инқирознинг мамлакатимиз иқтисодига кўрсатиши мумкин бўлган оқибатларини бартараф этиш юзасидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари, шунингдек Инқирозга қарши курашиш комиссиясининг қарорлари ижросини таъминлашга йўналтирилган.
2020 йилнинг биринчи ярим йили якунига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 255,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 фоизга ўсган. Аҳолининг умумий даромадлари 176,0 трлн. сўмни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан реал ўсиш 101,5 фоизни ташкил этган.
Аҳоли жон бошига ҳисобланган умумий даромадлар 5,2 млн. сўмни ташкил этиб, номинал ўсиш суръати 113,5 фоизга, реал ўсиш суръати эса қарийб 100,0 фоизга етган.
Давлат бюджети даромадлари 58 трлн. 157,0 млрд. сўмга ёки тасдиқланган йиллик параметрларга нисбатан 45,3 фоизга ижро этилган. Ўз навбатида Давлат бюджети даромадларининг ЯИМдаги улуши 22,8 фоизни ташкил этмоқда.
Давлат бюджетининг харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 64 трлн. 878,9 млрд. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 25,4 фоизни ҳамда аниқланган харажатлар режасига нисбатан 90,3 фоизни ташкил этган.
Иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш учун жами молиялаштириш манбалари ҳисобидан 84,8 трлн. сўмлик (8,6 млрд. АҚШ доллари) инвестициялар ўзлаштирилган.
Ҳисобот даврида Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлик тамойили сақлаб қолинган ҳолда, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун 34 трлн. 665,5 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланган.
Ҳисобот даврида ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам, компенсация тўловлари учун ҳамда аҳоли бандлик даражасини оширишга Давлат бюджетидан 3 трлн. 726,7 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврида нисбатан 847,1 млрд. сўм кўпроқ маблағ ажратилган ва ўсиш 29,4 фоизни ташкил этган.
Инқирозга қарши курашиш жамғармаси даромадлари 1 июль ҳолатига кўра жами 7 трлн. 442 млрд. сўмни ташкил этган. Жамғарма маблағлари ҳисобидан коронавирусга қарши курашиш тадбирларини молиялаштириш, соғлиқни сақлаш муассасалари, ичимлик суви, ирригация ва мелиорация объектларини, умумтаълим мактаблари ва ижтимоий соҳанинг бошқа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун жами 5 трлн. 553 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижросини таъминлаш йўлида амалга оширилган қатор ижобий ишлар билан бирга, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг маблағларидан мақсадли фойдаланиш борасида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган.
Инвестиция дастури доирасида Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг паст даражада ўзлаштирилиши, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларининг турли вазирлик ва идоралар томонидан 50 фоиздан ҳам камроқ қисми ишлатилганлиги мазкур йўналишдаги вазифаларнинг ижросини мувофиқлаштириш, улар устидан назорат суст олиб борилганлигини кўрсатади.
Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича ўтказилган назорат тадбирлари давомида 2 359 та ҳолатда 23,0 млрд. сўм миқдоридаги молиявий хатоликлар, жумладан 9,3 млрд. сўм миқдоридаги рағбатлантириш пуллари нотўғри ва ортиқча сарфланганлиги, 2,6 млрд. сўм миқдоридаги маҳсулотлар қиммат нархларда харид қилинганлиги ҳамда 11,1 млрд. сўм миқдоридаги ишларда бошқа турлардаги ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги аниқланди.
2020 йил январь — июнь ойлари давомида фойда солиғи бўйича тушум 11,8 трлн.сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,2 трлн.сўмга ортгани ҳолда қатор кўрсаткичлар бўйича, жумладан қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумлар ўтган йилдагига нисбатан паст бўлди. Бунга эса солиқ таътили ва имтиёзларнинг айрим ҳолларда солиқ тўловчиларга нисбатан бир хилда қўлланилишини яхши ташкил этмаслик сабаб бўлди.
Давлат молиявий назорати тадбирлари ўтказилган 2 010 та бюджет ташкилотининг 1 632 тасида 81,7 млрд. сўм миқдоридаги молиявий хатоликлар, жумладан 18,2 млрд. сўм миқдорида пул маблағлари ва моддий бойликлар камомади, ўзлаштиришлар ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг 63,5 млрд. сўм миқдоридаги бошқа турлари аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот қонунда белгиланган тартибда парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракцияларида ва масъул қўмитада дастлабки тарзда муҳокама қилинганлигини, улар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олинганлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
коронавирус пандемияси шароитида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг барқарор ишлаши, тадбиркорлик фаоллигини ошириш борасида таъсирчан чораларни кўрган ҳолда, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш;
аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан қабул қилинган чора-тадбирлар мақсадли ва тўғри бажарилиши устидан назоратни янада кучайтириш;
давлат дастурларида бюджет маблағлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага оид лойиҳаларни амалга оширишга ажратилган маблағлардан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланилиши устидан таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш;
коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этиш учун давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан йўналтирилаётган маблағларнинг тўғри тақсимланишини, мақсадли ҳамда оқилона сарфланишини таъминлашга қаратилган тизимли чоралар кўриш тавсия қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
давлат бюджетида кўзда тутилган харажатлар бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар томонидан ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласин;
тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ҳозирги мураккаб пандемия шароитида Давлат бюджети ижросини таъминлаш учун маблағларнинг ўз ўрнида, мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратсин, хусусан, жойларда ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ҳамда асоссиз харажатларни амалга ошириш ҳолатларининг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилсин, қонун бузилишларининг олдини олишга қаратилган таъсирчан чоралар кўрсин;
Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш учун тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда замонавий ахборот технологияларини жорий этган ҳолда, таъсирчан назорат механизмини ўрнатиш ишларини ташкил этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқ таътили ва имтиёзларининг солиқ тўловчиларга нисбатан бир хилда қўлланилишини ташкил этган ҳолда, бюджет даромадлари тушумини таъминлаш чораларини кўрсин.
5. Сиёсий партиялар фракцияларига:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли ҳисобот давридаги ижроси масалаларини кўриб чиқаётганда «яширин» иқтисодиёт улушини қисқартириш, иқтисодиётнинг реал секторида тадбиркорлик фаоллигини ошириш, аҳолининг ишсиз, камбағал қатлами учун қўшимча даромад манбаларини шакллантириш юзасидан аниқ ва амалий таклифлар киритиш;
иқтисодий инқироз шароитида тадбиркорлик субъектларини, шунингдек аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланилишига эътибор қаратиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари ўз назорат-таҳлил фаолиятида, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқаётганда иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида жозибадор инвестиция муҳитини шакллантириш, Ўзбекистоннинг халқаро индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш концепцияси асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифалар ижросини таъминлаш учун мутасадди вазирлик ҳамда идоралар томонидан амалга оширилаётган ишларни танқидий кўриб чиқиб, ушбу мақсадларга Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа манбалар ҳисобидан йўналтирилган ҳамда ўзлаштирилаётган маблағлардан фойдаланиш натижадорлиги ва самарадорлигини таъминлаш бўйича тавсиялар киритиб борсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари жойларга чиқилганда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг маҳаллий бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, унинг натижадорлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, шунингдек фаолият кўрсатмаётган корхоналарни қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида тиклаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитишга бағишлаб халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ўтказиладиган сессияларда иштирок этиш тавсия этилсин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 26 август,
432-IV-сон