Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-489-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 17 апрелда киритилган «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-489-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишдаги муҳокамасида ушбу лойиҳага бевосита тааллуқли бўлган тижорат банклари ва Ўзбекистон банклар ассоциацияси вакилларининг иштирок этмаганлиги муносабати билан ҳамда депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни ва тавсияларни инобатга олган ҳолда, шунингдек парламент қуйи палатасида мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасининг холислигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 17 апрелда киритилган «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҚЛ-489-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кун тартибидан чиқарилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси мазкур қонун лойиҳаси муҳокама қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакиллари қаторида тижорат банкларининг ва Ўзбекистон Банклар ассоциацияси вакилларининг иштирокини таъминласин.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 2 май,
2487-III-сон