Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
АУДИТОРЛАР ВА АУДИТОРЛИК ФИРМАЛАРИНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИГА ОЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Mаҳкамасининг 2001 йил 22 августдаги 347-сон «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
«Аудиторлик фаолияти тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган аудиторларни ва аудиторлик фирмаларини давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги илова қилинаётган Низом тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган аудиторлар ва аудиторлик фирмалари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, 1993 йил 1 августгача Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтадилар.
Белгиланган муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтмаган аудиторлар ва аудиторлик фирмаларининг фаолияти ноқонуний ҳисобланади, уларнинг олган фойдаси эса республика бюджетига ўтказилади.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари туман ва шаҳар ҳокимликлари зиммасига фаолият кўрсатаётган барча аудиторлик фирмаларининг белгиланган муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтишини таъминлаш вазифасини юкласинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги аудиторлик фирмалари ўз таъсис ҳужжатларининг уларнинг фаолият мақсади ва вазифаларига тегишли бўлган қисмига риоя этишларини мунтазам равишда назорат қилиб боришни амалга оширсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 17 июнь,
293-сон
Аудиторларни ва аудиторлик фирмаларини давлат рўйхатига олиш тўғрисида
НИЗОМ
1. «Аудиторлик фаолияти тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига мувофиқ аудиторларни ва аудиторлик фирмаларини давлат рўйхатига олиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
2. Аудиторлар ва аудиторлик фирмаларини давлат рўйхатига олиш учун улар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
аудитор ва аудиторлик фирмасини давлат рўйхатига олиш ҳақида ариза;
аудиторлик фирмалари томонидан — таъсисчиларнинг уларни ташкил этиш тўғрисидаги шартномасининг нотариус тасдиқланган нусхаси;
аудитор ёки аудиторлик фирмасининг муассис (муассислар) томонидан тасдиқланган уставининг нотариус тасдиқлаган нусхаси, эмблемаси;
янги ташкил этиладиган аудиторлик фирмалари учун — уларда бинолар ва зарур асбоб-ускуналар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
аудитор ва аудиторлик фирмаларининг аудитни амалга оширувчи ходимлари учун — аудиторлик фаолияти билан шуғулланиш учун махсус маълумотга эга эканликни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари;
аудитор ёки аудиторлик фирмасини рўйхатдан ўтказиш учун йиғимлар тўланганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжати.
3. Аудиторларни ёки аудиторлик фирмаларини рўйхатга олиш учун тўртта энг кам иш ҳақи миқдорида йиғим олинади.
Олинган маблағларнинг 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг марказлаштирилган счётига, қолган қисми республика бюджетига ўтказилади.
Таъсис шартномаси ёки устави ўзгартирилганда ва уларга қўшимча қўшилганда, шунингдек, аудиторлик фирмаси қайта ташкил қилинганда у қайта рўйхатга олинади, бунинг учун рўйхатга олишда тўланган сумманинг ярми миқдорида йиғим тўланади.
4. Аудиторларни ва аудиторлик фирмаларини давлат рўйхатига олиш шу ҳақдаги барча зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза олинган кундан бошлаб кечи билан 30 кун мобайнида амалга оширилади. Аудиторларни ёки аудиторлик фирмасини давлат рўйхатига олиш белгиланган муддатда амалга оширилмаганда ёхуд рўйхатга олиш муассис асоссиз деб ҳисоблайдиган сабаблар билан рад этилганда улар судга мурожаат қилишлари мумкин.
Аудиторнинг ва аудиторлик фирмаларининг давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган аудиторлар ва аудиторлик фирмаларининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан юритиладиган Ягона давлат реестрига 10 кун муддат ичида ёзиб қўйилади.
5. Рўйхатга олинган аудиторга ёки аудиторлик фирмасига давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.
6. Фаолият кўрсатаётган аудиторни ёки аудиторлик фирмасини давлат рўйхатига олиш рад этилган тақдирда рўйхатга олувчи орган, бу ҳақида маблағ билан таъминловчи банкка ҳисоб-китоб операцияларини тўхтатиш учун хабар қилади. Аудиторлик фирмаларини тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Аудитор ёки аудиторлик фирмаси амалдаги қонунчиликни мунтазам равишда бузган ва ўзининг таъсис шартномаси ёки уставида белгиланган ваколатларидан четга чиққан тақдирда рўйхатга олган орган уларни тугатиш тўғрисида хўжалик судига даъво билан мурожаат қилишга ҳақлидир.
7. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатувчи аудиторлар ёки аудиторлик фирмалари қайта ташкил этилган ёки уларнинг тузилмасида, шунингдек, фаолият турида ўзгаришлар бўлган ҳолларда, қайта рўйхатга олишни ўтказиш учун, бу ҳақда ўзларини рўйхатга олган органга, шунингдек, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг республика классификаторини юритиш тўғрисидаги Низомда тасдиқланган тартибда уларнинг бирхиллаштирилган ва туркумланган белгиларини аниқлаш учун «Ўзистиқболстат» давлат қўмитасига бир ҳафта муддатда хабар қиладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.