Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-6000-сон Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-4730-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги ПФ-6000-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Маданий мерос илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этилганлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги ПҚ-4730-сон қарори билан қуйидагилар уни молиялаштириш манбалари этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг давлат илмий-техникавий дастурларида назарда тутилган маблағлар;
ўз фаолиятидан олган маблағлари;
халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг грантлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
моддий маданий мерос, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни уларнинг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигини сақлаган ҳолда консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари кадастр ҳужжатлари ва унинг қўриқланадиган тегралари лойиҳаларини, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, шу жумладан, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларни бошқариш режалари ва меросга бўлган таъсирини баҳолаш ҳисоботларини ишлаб чиқиш;
моддий маданий мерос объектларини асрашга доир ишлар учун уларнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган янги усул, материал ва технологияларни ишлаб чиқиш, бу борадаги хорижий илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш, ёдгорликларни музейлаштириш, музейлар экспозицияларини яратиш;
маданий меросни, шу жумладан, номоддий маданий меросни ва алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни илмий ўрганиш, ҳужжатлаштиришда иштирок этиш, шунингдек, уларни муҳофаза қилиш, оммалаштириш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича илмий-методик тавсиялар ишлаб чиқиш, соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш.
3. Белгилаб қўйилсинки, Институт директори Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бир ой муддатда Институтнинг уставини, Институт даромадларини инобатга олган ҳолда унинг тузилмаси ҳамда ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин.
5. Институтга унинг ўз даромадлари ҳисобидан 1 та енгил автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилсин.
6. Институт Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Ўзгариш кўчаси, 18-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 29 декабрь,
814-сон