Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида
Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сон Фармонига мувофиқ қуйидагилар:
бинолари умумий ўрта таълим муассасалари сифатида фойдаланиладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати (кейинги ўринларда — рўйхат) тасдиқланганлиги;
Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида жойлашган Сариосиё агросаноат касб-ҳунар коллежи рўйхатга киритилганлиги;
Вазирлар Маҳкамасига зарур ҳолларда рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани, Хуфар ҚФЙ, Гулобод маҳалласида жойлашган собиқ Сариосиё агросаноат касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини (кейинги ўринларда — объект) оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институтига (кейинги ўринларда — Институт) бепул бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
Институт томонидан бир ой муддатда объект қабул қилиб олинишини ҳамда ундан мақсадли ва самарали фойдаланилишини;
Термиз давлат университетининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўм миқдоридаги маблағ Институт ҳудудида замонавий типдаги ахборот-ресурс марказини қуриш учун ажратилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сон Фармони билан тасдиқланган Бинолари умумий ўрта таълим муассасалари сифатида фойдаланиладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхатидан 281-позицияси чиқариб ташлансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 31 декабрь,
823-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 09/20/823/1688-сон)