Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети харажатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджетини ижро этиш жараёнида унинг харажатлари тасдиқланган параметрлардан 10 фоиздан зиёдга ортганлиги тўғрисида тақдимнома киритди. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатларини 2018 йилда тасдиқланган параметрларга нисбатан 10450,0 млрд. сўмга ёки 16,8 фоизга ошириш таклиф этилмоқда, жумладан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятларининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича харажатлар учун қўшимча равишда 2,8 млрд. сўм, марказий инвестицияларни молиялаштиришга 735,3 млрд. сўм, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини, адлия ва прокуратура органларини сақлашга 236,2 млрд. сўм, махсус органларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 2840,4 млрд. сўм миқдорида маблағ йўналтирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 144-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети параметрларига тақдим этилган ўзгартишларни киритишга рухсат берилсин.
2. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 30 ноябрь,
2183-III-сон