Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида
Мамлакатимизда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг ишлаб чиқилиши келгусидаги кенг қамровли режалар учун дастуриламал бўлди.
Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ўрнатиш, коррупцияга қарши курашиш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан қатор ташкилий-ҳуқуқий, амалий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ўтган даврда Давлат дастури доирасида «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги, «Жамоат назорати тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари томонидан ўтказиб келинаётган назорат-таҳлил тадбирларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида парламент қуйи палатаси томонидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Ш. Полвановнинг «2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмаларига мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирларини янада кучайтириш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз фаолият йўналишлари доирасида парламент назорати тартибида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга қаратилган аниқ мақсадли чоралар кўриб борилишига ҳамда 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганишларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси (Д. Файзиева) ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси (К. Тожиев) мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши муросасиз бўлишни таъминлаш юзасидан тарғибот-ташвиқот тадбирларини мунтазам ўтказиб борсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 30 ноябрь,
2181-III-сон