Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганини қайд этади.
Жумладан, давлат органларининг норма ижодкорлиги фаолиятида 2020 йилнинг ўн бир ой давомида вазирликка ҳуқуқий экспертизадан 2 478 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси келиб тушган. Улардан 2 310 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва 168 та лойиҳа ўтказилмасдан қайтарилган.
Жорий йилда мамлакатимиз тарихида илк бор амалдаги қонуности ҳужжатлари ялпи хатловдан ўтказилди. Ҳукуматнинг 2,5 мингдан ортиқ ўз аҳамиятини йўқотган қарорлари танқидий қайта қўриб чиқилиб, тегишли ҳужжатларни бекор қилиш бўйича таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Бироқ, бугунги кунда Миллий базада 30 мингдан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари жамланган бўлса, уларнинг 95 фоизини қонуности ҳужжатлари ташкил этади. Ўз навбатида, миллий қонунчиликда қонуности ҳужжатларининг кўплиги қонунларнинг юридик кучини қадрсизланишига сабаб бўлмоқда.
Ўтказилган таҳлиллар натижаларига кўра, ҳар бир соҳа бўйича ўртача 4-5 та қонун, 40 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари қабул қилинганлиги аниқланди. Айрим қонуности ҳужжатлари матнларининг аксарият қисми қонунлардаги нормаларни айнан такрорлайди. Давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларнинг кўплиги, қонуности ҳужжатлари сонининг сунъий ошишига сабаб бўлмоқда. Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўйича 93 та, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўйича 82 та, Халқ таълими вазирлиги бўйича 83 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти борасида 2020 йилнинг ўн бир ойи давомида 19 та соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилган. Натижада 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва 13 та таҳлилий маълумотнома тегишли тартибда Ҳукуматга киритилган.
Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ўз ечимини кутаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш зарур. Жумладан:
энг муҳим ижтимоий муносабатларнинг қонун ҳужжатлари билан эмас, балки қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиш амалиёти мавжудлигига;
қонунларда амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари билан таъминланмаган қатор ҳаволаки нормалар киритилишига;
қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатлари сақланиб қолаётганлигига;
давлат органлари ўз ваколатлари доирасига кирадиган масалаларни ҳам Ҳукумат даражасида ҳал қилишга интилишларига;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш ва уларни молиявий, иқтисодий ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда жиддий камчиликларга йўл қўйилаётганлигига;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, шунингдек уларнинг ижросини мониторинг қилиш жараёнларига етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Юқорида баён этилганларга ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 321-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р. Давлетов):
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепциясида белгиланган вазифалар бажарилишини таҳлил қилиш, давлат идоралари томонидан ушбу йўналишда қабул қилинаётган меъёрлар барқарорлигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишларини давом эттирсин;
давлат органларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳудудлар ва соҳалар кесимида комплекс таҳлил қилсин, бунда услубий кўмак кўрсатиш орқали самарадорликни ошириш чораларига алоҳида эътибор қаратсин;
амалдаги қонунчилик ҳужжатларини ялпи хатловдан ўтказиб, уларнинг сонини қисқартириш, умумий тусдаги ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инкорпорация ва консолидация қилиш орқали комплекс тизимлаштириш ишларини жадаллаштирсин;
бир ой муддатда аҳоли томонидан энг кўп келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилидан келиб чиқиб, аниқ соҳалар бўйича ўрганишларни ўтказиш учун алоҳида манзилли режа ишлаб чиқсин;
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш ҳамда нормалари ва қоидаларини аҳолига тушунтириш схемасининг вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалда ижроси таъминланаётганлиги ҳолатини таҳлил қилсин;
бир ой муддатда ҳудудлардаги адлия органлари ижро ҳокимияти томонидан қонунга зид хатти-ҳаракатлар бўлмаслиги ва 2021 йилда ҳокимлар томонидан барча ҳудудларда ерни олиб қўйишга буткул барҳам бериш мақсадида аниқ манзилли чора-тадбирларни амалга оширсин;
икки ой муддатда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишда илмий экспертиза институтини кенг жорий этиш масаласини ўрганиб чиқсин. Бу борада танловлар ва илмий грантлар асосида академик доира вакилларини ҳамда олимларни жалб этишни назарда тутсин;
икки ой муддатда мамлакатимизда қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳасини коррупциясиз соҳага айлантиришда соҳаларга оид қонунчиликни чуқур таҳлил қилиб, коррупцияга оид нормаларни бартараф этиш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларининг тартибга солувчи таъсирини баҳолаш ҳамда қонун ҳужжатларидаги тизимли камчиликларни аниқлаш мақсадида суд, ҳуқуқни қўллаш ва назорат амалиётининг статистик ҳисоби ҳамда таҳлили натижалари бўйича идоралараро ахборот алмашиш механизмларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш учун Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича комиссияга киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти икки ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига киритилган қонун лойиҳалари юзасидан илмий хулоса бериш амалиётини жорий қилсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг норма ижодкорлиги жараёнидаги ролини кучайтириш мақсадида илғор хорижий мамлакатлар тажрибасининг таҳлили асосида аниқ таклифларни киритсин;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси мониторингини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р. Давлетов) 2021 йилнинг 20 мартига қадар ушбу Қарорнинг ижро этилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ахборот тақдим этсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Н. Умаров) зиммасига юклансин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2020 йил 18 декабрь,
СҚ-194-IV-сон