Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасини тузиш тўғрисида» 1993 йил 23 апрелдаги Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг Низоми тасдиқлансин (1-илова).
2. Жамғарма ташкилот қўмитасининг таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*2-илова берилмайди.
Ташкилот қўмитасини ҳафта муддатда:
Жамғарма Уставини ишлаб чиқсин ва уни Жамғарма қатнашчилари конференциясида қабул қилсин;
Жамғарма бошқаруви ва дирекциясини тузсин.
3. Қуйидаги ишларга ҳар томонлама кўмаклашиш «Соғлом авлод учун» жамғармасининг асосий вазифалари деб ҳисоблансин:
туғруққа кўмаклашувчи ва болалар муассасаларининг моддий-техника негизини мустаҳкамлаш, уларни замонавий асбоблар билан жиҳозлаш, янги самарали муолажа воситалари билан таъминлаш;
жамоатчилик ва давлат тузилмаларининг Ўзбекистон аҳолиси келгуси авлодлари генетик фондини жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда яхшилашга қаратилган куч-ғайратларини мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикасида ёш авлодни соғломлаштириш миллий дастурининг она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш қисмини амалга ошириш;
оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳақида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Соғлом авлод учун» жамғармасининг ишини ташкил этишда фаол иштирок этсин. Шу йил 1 июлга қадар Жамғарма ҳамда унинг республика барча минтақаларидаги филиалларини ташкил этишда хамда уларнинг фаолиятида вилоят соғлиқни сақлаш бўлимлари, педиатрия илмий-тадқиқот институти, акушерлик ва гинекология илмий-тадқиқот институтининг иштирокига доир таклифларни ишлаб чиқсин.
5. «Соғлом авлод учун» хайрия жамғармасига Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 1 миллиард сўм ажратилсин. Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари, концернлари, корхоналари, хўжаликлари ва ташкилотлари Жамғарманинг Устав вазифаларини бажаришга доир фаолиятига молиявий ва амалий ёрдам берсинлар. Бу иш ҳар бир раҳбар ва ижрочининг ватанпарварлик бурчи деб ҳисоблансин.
6. Республикада оналик ва болаликни муҳофаза қилиш муаммоларига муҳим аҳамият бериб ва Жамғарманинг юксак ижтимоий мақомини эътиборга олиб, Жамғарма филиалларини ташкил этиш ва улар фаолиятига бевосита раҳбарликни амалга ошириш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарларининг фаҳрли вазифаси деб ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма ўз Устав мақсадлари ва вазифаларига қатъий мос келадиган фаолият йўналишлари бўйича:
ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланишга ҳақлидир;
солиқлар, давлат божи, божхона божлари ҳамда давлат бюджетига ўтказиладиган бошқа тўловларни тўлашдан озод этилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги халқаро алоқаларни амалга оширишда, хориждаги шундай жамғармалар ва бошқа турдош ташкилотлар билан алоқа ўрнатишда, ЮНИСЕФ, Қизил Хоч, БМТ миссияси ва бошқа халқаро ваколатхоналар билан битимлар тузишда «Соғлом авлод учун» жамғармасига ҳар томонлама ёрдам берсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 1 ой муддатда Жамғарма минтақа филиалларининг нормал фаолиятини таъминлаш учун шарт-шароит яратиб берсинлар. Тошкент шаҳар ҳокимлиги шу муддатда «Соғлом авлод учун» жамғармаси бошқарувини жойлаштириш учун бино ажратсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. «Тошкентшаҳартранскорхона» уюшмаси Жамғарма маъмуриятини шартнома асосида хизмат автотранспорти билан таъминласин. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги эса Жамғармани унинг буюртманомасига биноан шаҳар ва ҳукумат алоқа воситаси билан таъминласин.
11. «Ўзшартномасавдо» ва республиканинг бошқа ихтисослаштирилган савдо-таъминот ташкилотлари «Соғлом авлод учун» жамғармасига зарур инвентарь ва мебель ажратиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқсинлар.
12. Оммавий ахборот воситалари «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия Жамғармаси фаолиятини кенг ёритсин, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги ижобий тажрибани тарғиб қилсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари М.Қ. Қорабоев зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 3 июнь,
268-сон
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси, кейинги ўринларда «Жамғарма» деб юритилади, келажак авлоднинг саломатлигини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болаларнинг жисмоний, интеллектуал ва маънавий ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 23 апрелдаги Фармони билан ташкил этилган.
2. Жамғарма давлат рўйхатига олинган вақтдан бошлаб ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро жамоат ташкилоти сифатида юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади. Тўла хўжалик ҳисоби асосида фаолият кўрсатади, ўз мол-мулкига, мустақил балансга, банкларда, шу жумладан хорижий банкларда счётларга, мулкий ва мулкий бўлмаган ҳуқуқларга ўз номидан эга бўлади, тегишли мажбуриятларни бажаради.
3. Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамғармани таъсис этиш тўғрисидаги Фармонига ҳамда Жамғарма Уставига асос қилиб олинган қоидаларга амал қилади.
4. Жамғарма унга кириш учун ёки унга исталган шаклда баҳоли қудрат улуш қўшиш учун ҳам юридик, ҳам жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахслар учун очиқдир.
5. Жамғарманинг фаолияти хайрия тусидадир. Унинг маблағлари, уларнинг тушиш манбаларидан қатъи назар, устав вазифалари ва мақсадларини бажариш учун сарфланади.
6. Жамғарма Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ва унинг ташқарисида ягона ташкилот сифатида фаолият кўрсатади.
7. Жамғарманинг юридик манзили: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри.
II. Жамғарманинг вазифалари ва фаолият йўналишлари
8. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:
туғруққа кўмаклашувчи ва болалар муассасаларининг моддий-техника негизини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, уларни замонавий асбоблар билан жиҳозлаш, янги самарали муолажа воситалари билан таъминлаш;
жамоатчилик ва давлат тузилмаларининг Ўзбекистон аҳолиси келгуси авлодлари генетик фондини жаҳон тажрибасини ҳисобга олган холда яхшилашга қаратилган куч-ғайратларини мувофиқлаштириш;
республиканинг бутун ҳудудида ва айниқса экологик тенглик бузилган минтақаларда оналик ва болаликни тубдан соғломлаштириш ва уларни муҳофаза қилишнинг барқарор асосларини яратишга қаратилган илмий, техник ишлаб чиқариш, ташвиқот-тарғибот ва бошқа дастурлар комплекси ишлаб чиқилиши ва рўёбга чиқарилишини ташкил этишга кўмаклашиш.
Қайд этиб ўтилган вазифаларга эришиш учун Жамғарма қуйидаги йўналишлар бўйича фаолият кўрсатади:
тиббиёт, овқатланиш, экология соҳаларида ҳамда оналик ва болаликнинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш бўйича бошқа йўналишлар соҳасида янги технологиялар, техника ва асбоб-ускуналар жорий этилишини ташкил этиш;
она ва бола ҳаёт фаолиятининг ҳуқуқий, ахлоқий-этик, ижтимоий-руҳий шарт-шароитларини такомиллаштиришга кўмаклашиш;
республикада болалар озиқ-овқатини яхшилаш, унинг саноат йўли билан ишлаб чиқарилишини кўпайтириш;
туғруқхоналарга, фельдшерлик-акушерлик пунктларига, болалар уйларига, аёллар маслаҳатхоналарига ва оналик билан боғлиқ бўлган бошқа муассасаларга васийлик ва ғамхўрлик қилишни амалга ошириш;
оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш учун Жамғарма ҳузурида ихтисослаштирилган корхоналар ва ташкилотлар ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида, зарурат бўлганда эса чет элларда, Жамғарманинг филиалларини ва ваколатхоналарини ташкил этиш;
оналикни муҳофаза қилиш муаммоларини ўрганиш, генетик фондни мустаҳкамлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришга кўмаклашиш.
III. Жамғарманинг ҳуқуқлари ва бурчлари
9. Жамғарма қайд этиб ўтилган вазифаларни ва фаолият йўналишларини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикасида қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади:
ўз ваколати доирасида юридик ва жисмоний шахслар билан ҳуқуқий актларни мустақил амалга ошириш;
кенг тушунтириш ишлари ёрдамида ватандошлар ва хорижий фуқароларнинг, жамоат ташкилотларининг, муассасаларнинг, банкларнинг, корхоналар ва фирмаларнинг ҳам пул маблағлари кўринишида, ҳам адабиёт ва санъат асарлари, илмий ва лойиҳа ишланмалари, машиналар, асбоб-ускуналар, иншоотлар ва бошқа моддий бойликлар кўринишидаги кўнгилли улушларини жалб этиш;
давлат ташкилотлари билан ҳамда бошқа ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ва фирмалар билан ўз лойиҳа ва дастурларини амалга ошириш;
сўмларда ва эркин алмаштириладиган валютада кредитлар олиш ва бериш, ўз номидан шартномалар ва битимлар тузиш, мулкий ҳуқуқларга эга бўлиш, халқ судида, хўжалик ва холислик судида даъвогар ва жавобгар бўлиш;
ўз устав вазифаларини бажариш учун ишлаб чиқариш, илмий ва бошқа корхоналар, ташкилотлар ва фирмалар, инвестиция банклари, суғурта компаниялари, шу жумладан хорижий шериклар билан аралаш ва қўшма суғурта компаниялар, вақтинчалик таркибий бўлинмалар ташкил этиш;
инновация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
юридик ва жисмоний шахсларга инжиниринг, маслаҳат, ахборот хизматлари ва хизматларнинг бошқа турларини кўрсатиш;
ноширлик, ахборот, маданий-маърифий фаолиятни амалга ошириш;
кўргазмалар, савдо-сотиқ ярмаркалари, товарлар, маҳсулотлар (ишлар, хизматлар), санъат асарлари аукционлари, телемарафонлар, концертлар ва бошқа томоша тадбирлари ўтказиш;
лотереялар чиқаришни амалга ошириш;
жамғарма вазифаларига мувофиқ танловлар ўтказиш ҳамда мукофотлар таъсис этиш;
ўз мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, республикада валюта счётига эга бўлиш;
Жамғарма мақсадларини таъминлаш учун тиббиёт асбоб-ускуналари, анжомлар, дори-дармонлар, болалар овқати ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маблағ билан таъминлаш ва кредит бериш;
белгиланган тартибда халқаро жамоат ва ихтисослаштирилган ташкилотларга кириш, шунингдек амалий алоқаларга киришиш;
ўзига қарашли корхоналар ва ташкилотларнинг фаолияти ҳамда ўтказилаётган барча тадбирлар устидан мақсадга қаратилган раҳбарликни ва мунтазам назоратни амалга оширишни таъминлаш.
IV. Жамғарма қатнашчилари
10. Давлат, жамоат, илмий ва ижодий ташкилотлар, биржалар, банклар, акционерлик жамиятлари ва уюшмалар, бошқа жамғармалар, шу жумладан хорижий жамғармалар, шунингдек Жамғарманинг асосий вазифаларини рўёбга чиқаришда ихтиёрий асосда қатнашувчи бошқа жисмоний шахслар Жамғарманинг қатнашчилари ҳисобланадилар.
V. Бошқарув органлари
11. Жамғарма бошқарувининг юқори органи Жамғарма қатнашчиларининг конференцияси ҳисобланади. Конференция Жамғарма Уставига мувофиқ фаолиятнинг асосий йўналишларини белгилайди. Конференцияда Жамғарма бошқаруви, бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари, тафтиш комиссияси сайланади, ижроия орган (дирекция) бош директори тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Жамғарманинг ташкилий тузилмаси иловага мувофиқ белгиланади.
13. Жамғарма раиси ва бошқарув аъзолари Жамғарма қатнашчилари конференцияси томонидан сайланади. Жамғарма раиси ва бошқарув аъзолари жамоатчилик асосида ишлайдилар.
Бошқарув раис раҳбарлигида қуйидагиларни амалга оширади:
асосий йўналишлар бўйича Жамғарма фаолиятини мувофиқлаштириш;
дирекция, жамғарма филиаллари, ваколатхоналари фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш;
мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни ташкил этиш;
турли ташкилотларда, шу жумладан хорижий ташкилотларда, жамғарма манфаатларини ифодалаш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Тафтиш комиссияси жамғарма ва унга қарашли корхоналар ва ташкилотларнинг молиявий ва хўжалик фаолияти устидан назоратни амалга оширади.
15. Жамғарманинг бош директори жамғармага раҳбарликни амалга оширади ҳамда унинг жорий фаолияти учун жавоб беради, ишончномасиз жамғарма номидан иш кўради, бошқа юридик шахслар билан муносабатларда унинг номидан иш кўради, ўз ваколати доирасида буйруқлар чиқаради, меҳнат ҳақидаги қонунларга биноан ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади, белгиланган тартибда Жамғарма маблағларини тасарруф этади, юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузади.
16. Дирекция штат ходимларининг сони 7 нафардан иборат қилиб белгиланади, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VI. Жамғарманинг мол-мулки ва маблағлари
17. Жамғарманинг асосий воситалари ҳамда муассислар ва қатнашчиларнинг улушлари Жамғарманинг мол-мулки ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Қуйидагилар Жамғармани маблағ билан таъминлаш манбалари ҳисобланади:
Жамғарма муассислари ва қатнашчиларининг пул бадаллари;
корхоналар, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг, шу жумладан хорижий, текин бадаллари;
Жамғарма ва унинг корхоналари фаолиятидан олинган даромадлар;
қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Жамғарма солиқлар, давлат божи ва божхона божлари ҳамда бюджетга ундириладиган бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади. Жамғарманинг корхоналари ва ташкилотлари, шунингдек бошқа корхоналар ва ташкилотлар фойдасининг Жамғармага бериладиган қисми амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат бюджетига солиқ тўлашдан озод қилинадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Жамғарма ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли бутун мол-мулк билан жавоб беради.
Давлат Жамғарма мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, Жамғарма эса давлат мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21. Жамғарманинг мулкий ҳуқуқлари Ўзбекистоннинг жамоат ташкилотлари учун белгиланган амалдаги қонунчилигига мувофиқ ҳимоя қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VII. Жамғармани тугатиш
22. Жамғарма фаолияти Жамғарманинг умумий йиғилиши (конференцияси)нинг қарорига кўра ёки қонунчиликда белгиланган ҳолларда тўхтатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23. Тугатилган Жамғарманинг мол-мулки ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китоблардан кейин муассислар тасарруфига берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро жамғарманинг
ТУЗИЛМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.