Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б. Сайфуллаевга «Республикамиздаги мавжуд моддий маданий меърос объектларини тиклаш, сақлаш ҳамда муҳофаза қилиш мақсадлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 12-моддасига ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б. Сайфуллаевга «Республикамиздаги мавжуд моддий маданий меърос объектларини тиклаш, сақлаш ҳамда муҳофаза қилиш мақсадлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Мазкур Қарор ва парламент сўрови Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б. Сайфуллаевга юборилсин.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 31 октябрь,
2861-III-сон
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири
Б. Сайфуллаевга
Б. Сайфуллаевга
Республикамиздаги мавжуд моддий маданий мерос объектларини тиклаш, сақлаш ҳамда муҳофаза қилиш мақсадлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
Ҳурматли Бахтиёр Сайфуллаевич,
Мамлакатимизда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтиришда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда бу борадаги ишларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳукумат томонидан моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш ишларига ажратилаётган маблағлар миқдори йил сайин ортиб бормоқда. Жумладан, ўтган йили моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишларига жами 47,5 млрд. сўм, жорий йилда эса жами 58 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Шу билан бирга, депутатлар томонидан ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар мазкур соҳада ўз ечимини кутиб турган бир қатор масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд бўлган 8 208 та моддий маданий мерос объектларининг маълум қисми таъмирлаш ва реконструкция қилишга муҳтождир. Уларнинг айримларида бундай ишлар бошлаб юборилган.
Шу билан бирга, олимлар, халқ усталари, реставраторлар, экспертлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, таъмиршуносликдаги ўзига хос услуб, анъана ва мактабларини ривожлантириш борасидаги ишларнинг етарли даражада ташкил этилмаганлиги натижасида моддий маданий мерос объектларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган муддат ва талаб даражасида бажарилмаяпти. Бу эса, табийки, мазкур йўналишдаги ишлар учун ажратилаётган бюджет маблағидан самарали фойдаланишга ўз таъсирини кўрсатади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Сиздан 10 кун муддатда қуйидаги масалалар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар беришингизни сўраймиз:
вазирлик томонидан моддий маданий мерос объектларини сақлаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари учун ажратилаётган бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида қандай амалий ишлар олиб борилмоқда?
мамлакатимиздаги мавжуд моддий маданий мерос объектларини паспортлаштириш, уларнинг чегара теграларини белгилаш ва кадастрлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар нималардан иборат?;
моддий маданий мерос объектларини бус-бутун ҳолда сақлаш ва уларни келажак авлодга етказиш бўйича олиб борилаётган ишлар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси