Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, Ҳукумат томонидан юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичини яхшилаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 фоизга ўсиши таъминланди ва давлат бюджетининг даромадлари 1,5 бараварга ортди.
Таъкидланганидек, ўтган даврда Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат дастурининг бажарилишида бир қатор жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 январдаги Фармони билан белгиланган устувор йўналишларни сифатли, самарали амалга ошириш, ҳисобот даврида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий-ижтимоий соҳанинг бардавом ривожланишини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестиция муҳитини яратиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чораларни кўришга устувор аҳамият берилди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган ғоянинг амалга оширилиши ва шу орқали маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мустақиллигининг кучайтирилиши, натижада даромад тушумлари кўрсаткичларининг ортиғи билан бажарилиши ҳисобига маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида қўшимча 4,0 трлн. сўм ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоиз кўп маблағ қолдирилди. Бу эса фақат марказлашган маблағларгагина қарам бўлмай, маҳаллий бюджетлар ҳисобига ҳам инвестициявий муҳитни яхшилаш, туризм учун қулайликлар яратиш, аҳолини иш билан таъминлаш каби муҳим йўналишларга эътиборни кучайтириш имконини берди.
Жумладан, мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити натижасида уларнинг ўзлаштирилиши жадаллаштирилиб, жалб этилаётган жами инвестициялар ҳажми 46 фоизга ўсди. Бунда Президентимиз томонидан тасдиқланган Инвестиция дастурининг алоҳида аҳамияти бор.
Ўтган даврда Вазирлар Маҳкамаси томонидан давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳасини ривожлантириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Давлат дастури доирасида 260 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар, жумладан Ўзбекистон Республикасининг 13 та Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23 та фармони, 71 та қарори, 3 та фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 71 та қарори ва фармойишлари қабул қилинди ҳамда 51 та чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, изчил амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга Давлат дастуридаги айрим бандларнинг бажарилиш муддатлари кечикмоқда. Жумладан, давлат бошқарувининг замонавий усулларини кенг жорий этиш орқали давлат-хусусий шериклик механизмларини қўллаган ҳолда вазирлик ва идораларнинг штат бирликларини мақбуллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат (13-банд) охирига етказилмаган.
Давлат унитар корхоналарини хатловдан ўтказиш асосида рақобат мавжуд соҳаларда фаолият юритувчи ва самарадорлиги паст давлат унитар корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни ҳамда аутсорсинг механизмларини қўллаш орқали уларни тугатишни назарда тутувчи давлат унитар корхоналари сонини мақбуллаштириш (24-банд) бўйича бошланган ишлар ўз ниҳоясига етмаган.
Мамлакатимизда 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш концепциясини қабул қилиш (102-банд), мажбурий тиббий суғурта тизимига босқичма-босқич ўтиш, соғлиқни сақлаш эҳтиёжи учун ажратилаётган пул маблағларини жамлаш ва тақсимлаш механизмларини такомиллаштириш (160-банд) борасидаги вазифаларнинг бажарилиши етарли даражасида эмас.
Шулар билан бир қаторда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига депутатлар томонидан алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, депутатлар томонидан жойларда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлиги ўрганилганда кейинги йилларда аҳоли ўртасида оториноларингологик, яъни томоқ, бурун ва қулоқ (ЛОР) касалликларининг ўсиш тенденцияси юқорилигича сақланиб турганлиги, бу касаллик, айниқса, гўдак ва болаларда кўпроқ кузатилаётганлиги сабабли республикада бу соҳада ихтисослаштирилган тиббиёт марказини тузиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддаси ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 322-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларни ўз муддатида ва пухта бажарилишини таъминлаш юзасидан Ҳукумат аъзолари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш;
Давлат дастуридаги ижроси таъминланмаган бандларнинг бажарилишини, хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминлаш;
куз-қиш мавсумида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини энергоресурслар (электр энергияси, кўмир, табиий ва суюлтирилган газ) билан узлуксиз таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш;
Давлат дастурининг ўтган чораклардаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботлари бўйича Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш;
аҳолига юқори даражада ихтисослашган тиббий оториноларингологик ёрдам кўрсатиш ва ушбу хизматни вертикал тизимини йўлга қўйиш бўйича ихтисослаштирилган тиббиёт марказини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш;
Давлат дастурида ижро муддати узайтирилган 11 та бандда белгиланган вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулиятини янада ошириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмаларига:
Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш чораларини кўриш;
ўз партиявий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишларнинг самарали ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда Давлат дастурида ижроси тўлиқ таъминланмаган бандларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини ўрнатсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси бўйича жорий йилнинг 20 ноябрь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 31 октябрь,
2860-III-сон