Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига юборилган «Аҳолини иш билан таъминлаш доирасида меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг чет элларда меҳнат қилишига доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек ташқи меҳнат миграцияси бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида вазирлик томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида»ги парламент сўрови ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан юборилган парламент сўровига бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ёзма жавобини кўриб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси шуни таъкидлайдики, мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш доирасида меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, фуқароларнинг чет элларда меҳнат фаолиятларини олиб бориш механизмини такомиллаштириш ҳамда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларининг мамлакат ҳудудидан ташқарида ишга жойлашиши Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари томонидан амалга оширилмоқда. Ўтган даврда 90 та юридик шахс хусусий бандлик агентлиги сифатида реестрда рўйхатдан ўтказилган бўлиб, улардан 66 тасига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берилган.
Хусусий бандлик агентликлари томонидан 1 655 нафар фуқаро чет элда, 77 нафар фуқаро республикамиз ҳудудида ишга жойлаштирилган, 33 838 нафар фуқарога маслаҳат ва ахборот хизмати кўрсатилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам кўп томонлама, ҳам икки томонлама асосда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш орқали ташқи меҳнат миграцияси соҳасини тартибга солиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йилда Ўзбекистон томонидан Халқаро миграция ташкилоти Конституцияси ратификация қилинди.
Меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Корея Республикаси, Россия Федерацияси ва Қозоғистон билан икки томонлама асосдаги битимлар имзоланди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасида ишчи кучи ҳаракатланиши жараёнини тартибга солиш бўйича бир қатор ҳукуматлараро битимлар имзоланган бўлиб, республика фуқароларини Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган тарзда ишга ёллаш ва жалб қилиш ишлари устувор аҳамиятга эга. Шу мақсадда 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Меҳнат ва бандлик федерал хизмати раҳбарияти бошчилигидаги Ўзбекистон — Россия ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда.
Эришилган келишувлар асосида Тошкент шаҳар, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида Россиянинг миграция марказлари томонидан очилган бўлимлари (фронт офислар) орқали Россияда ишлаш учун рухсатнома (патент)ни расмийлаштириш учун талаб этиладиган 9 та ҳужжатлардан 7 тасини расмийлаштириш тизими жорий этилган.
Қайд этиш жоизки, ўрганишларда фуқаролар билан ишлаш, меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш борасида айрим хусусий бандлик агентликлари томонидан ишлар етарли даражада ташкил этилмаётганлиги кузатилди. Шу сабабли вазирлик томонидан меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини тўлақонли таъминлаш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги нормаларни такомиллаштириш талаб этилади.
Шунингдек вазирлик томонидан хусусий бандлик агентликларнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарини очиш борасидаги ишлари ҳам етарли йўлга қўйилмаган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун бир марталик субсидиялар тақдим этиш тартибини ишлаб чиқиш ишлари ҳам якунига етказилмаган.
Хусусий бандлик агентликлари ўз фаолиятини қонун доирасида амалга ошираётганлигини назорат қилиб бориш ва уларга методик ёрдамлар кўрсатиш борасидаги ишлар ҳам талаб даражасида эмас.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг «Аҳолини иш билан таъминлаш доирасида меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг чет элларда меҳнат қилишига доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек ташқи меҳнат миграцияси бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида вазирлик томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида»ги парламент сўровига ёзма жавоби маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
«Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ҳамда соҳага оид бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш чораларини кўрсин;
«Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни тайёрласин ва белгиланган тартибда киритилишига эришсин;
хусусий бандлик агентликлари ўз фаолиятини қонун доирасида амалга ошираётганлигини назорат қилиб бориш ва уларга методик ёрдамлар кўрсатиш борасидаги ишларни янада кучайтирсин;
хусусий бандлик агентликларининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарини очиш борасидаги ишларни охирига етказиш чораларини кўрсин;
ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритсин;
ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ишларнинг аҳволини тизимли таҳлил ва мониторинг қилиш ҳамда унинг якунлари бўйича меҳнат мигрантларига ҳуқуқий, молиявий ва моддий кўмаклашиш воситаларининг самарадорлигини оширишга қаратилган чораларни кўрсин.
3. Мазкур Қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси (М. Ходжаева) зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 29 октябрь,
2858-III-сон