Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
«Меning fikrim» веб-портали орқали келиб тушган «Туманлар ва шаҳарлар кўчаларида вақт ўтишини тескари ҳисобловчи светофорлар ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида»ги электрон жамоавий мурожаатни кўриб чиқиш натижалари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига «Меning fikrim» веб-портали орқали «Туманлар ва шаҳарлар кўчаларида вақт ўтишини тескари ҳисобловчи светофорлар ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида»ги электрон жамоавий мурожаат (бундан буён матнда жамоавий мурожаат деб юритилади) келиб тушди. 10 000 дан зиёд овоз тўплаган ушбу жамоавий мурожаатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўрнатилган амалдаги транспорт ва пиёдалар светофорларини вақт ўтишини тескари ҳисобловчи индикаторлар билан жиҳозланган транспорт ва пиёдалар светофорларига босқичма-босқич алмаштириш ҳақидаги таклиф баён этилган.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устуворликларидан биридир. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари, шу жумладан «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ўзбекистон йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенцияга (Вена, 1968 йил 8 ноябрь), Йўл белгилари ва сигналлари тўғрисидаги конвенцияга (Вена, 1968 йил 8 ноябрь), Юкларни халқаро йўлларда ташиш шартномаси тўғрисидаги конвенцияга (ЮТШК) (Женева, 1956 йил 19 май) ва бошқа шу каби муҳим халқаро шартномаларга қўшилди.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида йўл ҳаракати хавфсизлигини ишончли таъминлаш соҳасида комплекс ташкилий-амалий чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда. 2017 йил 11 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3127-сонли Қарори қабул қилинди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майда қабул қилинган 377-сонли Қарори билан «2018 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси» ҳамда ушбу Концепцияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир ишларини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тартиби белгиланди, йўл-транспорт ҳодисаларини профилактика қилиш тизими такомиллаштирилди, йўл ҳаракатини назорат қилишнинг юқори самарадорлигини, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш имкониятини таъминловчи йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тарзда тартибга солиш тизими кенгайтирилди.
Йўл ҳаракати қоидалари бузилишларининг видеокузатуви ва уларни қайд этиш тизимидан кенг фойдаланилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ва транспорт воситалари ҳамда йўлларнинг техник ҳолатини яхшилашнинг барқарор ҳуқуқий асосларини яратиш, йўл инфратузилмаларини ривожлантириш ва янги иншоотлар қуриш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг малакаси ҳамда маданиятини юксалтириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир профилактика ишларининг таъсирчанлигини ошириш бўйича тизимли ва изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, мамлакатимизда ҳар йили 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси рўй бериб, улар натижасида икки мингдан ортиқ киши ҳалок бўлмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларининг ярмидан кўпи пиёдаларни уриб кетиш билан боғлиқ. Йўл ҳаракати иштирокчилари томонидан ҳаракат қоидаларини қўпол равишда менсимаслик, ҳайдовчиларнинг ҳайдаш малакаси ва маданияти пастлиги йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабабларидир.
Халқаро тажриба таҳлили шуни кўрсатадики, кўпгина мамлакатларда (Германия, Россия, Буюк Британия, Дания, Польша, Чехия, Швейцария, Финляндия, Таиланд ва ҳоказо) вақт ўтишини тескари ҳисобловчи индикаторлар билан жиҳозланган светофорлар кенг қўлланилади. Хорижий мамлакатларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, вақт ўтишини тескари ҳисобловчи индикаторлар билан жиҳозланган светофорлар чорраҳалар хавфсизлигини оширади, авариялар содир бўлишини ҳамда тирбандликлар юзага келиши эҳтимолини камайтиради.
Ўзбекистонда оддий светофорларни вақт ўтишини тескари ҳисобловчи индикаторлар билан жиҳозланган светофорларга босқичма-босқич алмаштириш юзасидан чора-тадбирлар кўрилмоқда. Чунончи, ҳозирги пайтда мавжуд 1943 та светофордан 563 таси (28%) вақт ўтишини тескари ҳисобловчи индикаторлар билан таъминланган. Бу йил мамлакатимиз бўйича 85 та шундай светофор ўрнатиш, шу жумладан 20 тасини пойтахтда ўрнатиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, 1986 ва 1991 йилларда қабул қилинган амалдаги «Йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари», «Светофорлар» давлат стандартлари анча эскирган ҳамда йўл ҳаракатининг тегишли тарзда тартибга солинишини таъминламайди. Шу сабабли илғор халқаро ва хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳада янги давлат стандартларини қабул қилиш зарурати мавжуд.
Юқорида баён этилганларни инобатга олган ҳолда электрон жамоавий мурожаатни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ойлик муддатда:
Серқатнов чорраҳалардаги амалдаги транспорт ва пиёдалар светофорларини вақт ўтишини тескари ҳисобловчи индикаторлар билан жиҳозланган транспорт ва пиёдалар светофорларига босқичма-босқич алмаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини;
янгиланган «Йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари», «Светофорлар» стандартлари тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан илғор халқаро ва хорижий тажриба ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилиши ҳамда тасдиқланишини таъминласин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ушбу Қарорнинг моҳияти ижрочиларга етказилишини ҳамда аҳамияти аҳолининг кенг қатламлари ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3. Ушбу Қарор «Меning fikrim» веб-порталига жойлаштирилсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 24 октябрь,
2081-III-сон