Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директори Д. Саттаровнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси парламент сўровига жавоби ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрдаги «Миллий стандартларни халқаро талабларга мослаштириш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, синов лабораторияларини ривожлантириш ва ўлчаш воситаларини қиёслашда аҳолига қулайликлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида»ги 2817-III-сонли Қарорига асосан йўлланган парламент сўрови юзасидан Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директори Д. Саттаровнинг жавобини муҳокама этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси шуни таъкидлайдики, кейинги йилларда республикамизда миллий стандартларни халқаро талабларга мослаштириш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларидаги ишлар самарадорлигини тубдан яхшилаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бунда амалдаги миллий стандартларни халқаро талаблар билан уйғунлашганлик даражасини мақсадли кўрсаткичларга етказиш учун жорий йилда 2,1 мингта халқаро стандарт қабул қилинган.
Қурилиш ва қурилиш материаллари соҳасида 2019 йил учун белгиланган 340 та стандартдан ўтган даврда 173 таси қабул қилинган ва яна 167 тасининг йил якунига қадар қабул қилиниши белгиланган. Электротехника соҳасида режадаги 229 та халқаро стандарт (ISO, IEC, EN), озиқ-овқат саноати соҳасида режадаги 158 та халқаро стандарт (CODEX STAN, ISO, UNECE, EN) тўлиқ қабул қилинган.
Шунингдек миллий маҳсулотларимизнинг сифатини ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида енгил саноат маҳсулотларига оид 100 та, чарм маҳсулотларига оид 60 та, металлургия маҳсулотларига оид 33 та халқаро стандарт қабул қилиш ишлари олиб борилмоқда.
«Ўзстандарт» агентлиги тизимидаги мавжуд лабораторияларни модернизациялаш, синов базасини янгилаш учун 2019 йилнинг 9 ойида 4,1 млрд. сўмлик замонавий синов ускуналари харид қилиниб, лабораторияларда қўшимча 140 дан зиёд синов услуби жорий этилган. Йил охирига қадар жами 9,5 млрд. сўмлик 123 дона ускуна харид қилиш ҳамда лабораторияларда 300 га яқин синов услубини ўзлаштириш режалаштирилган.
«Ўзстандарт» агентлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги 698-сонли қарори қабул қилинган. Унга кўра, жорий йилнинг 1 ноябридан юридик ва жисмоний шахсларнинг энергия манбаларини ҳисобга олиш ускуналарини ечиш, қиёслаш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг янги шаффоф тизими жорий этилган. Натижада ҳисоблагичларнинг қиёслаш муддатлари даврийлиги 4 йилдан 8 йилгача узайтирилган, ҳисобга олиш ускуналарини ечиш, ўрнатиш ҳамда таъмирлашни таъминотчи корхона томонидан тўлиқ амалга ошириш, ҳисобга олиш ускуналарини ечиш, ўрнатиш ва қиёслаш учун фуқароларга республика бўйича ягона тўловни жорий қилиш каби муҳим масалалар белгилаб берилган.
Шу билан бирга, соҳадаги ўз ечимини кутаётган муаммолар парламент сўровида қайд этилган масалаларга эътиборни кучайтириш, халқаро талаблар асосида қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тегишли чора-тадбирларни белгилаш зарурлигини кўрсатмоқда.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 12-моддасига ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юзасидан Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директори Д. Саттаровнинг жавоби маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Ўзстандарт» агентлигига:
миллий стандартларни халқаро стандартларга мослаштириш, ўлчаш воситаларини қиёслашда аҳолига қулайликлар яратиш, бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўриш;
стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасини тизимли ўрганишлар асосида мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан комплекс тадбирлар белгилаш;
«Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига амалиётдан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда киритиш;
тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказиш хавфи мавжуд бўлган, республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга нисбатан хавфсизлик талабларини белгиловчи 42 та техник регламентни халқаро талаблар асосида қабул қилиш ишларини ташкил этиш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 24 октябрь,
2841-III-сон