Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Навоий вилоятида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Қайта тикланадиган энергияни жадал ривожлантиришни таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш манбаларини диверсификациялаш, электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтириш, шунингдек, электр энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида 2019 йил 20 мартда «Abu Dhabi Future Energy Company PJSC — Masdar» (БАА) компанияси (кейинги ўринларда — Инвестор) билан Ўзбекистон Республикасида умумий қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини (кейинги ўринларда — ШЭС) лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш лойиҳасини биргаликда амалга ошириш бўйича битим имзоланганлиги (кейинги ўринларда — инвестиция лойиҳаси);
б) инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Инвестор томонидан Ўзбекистон Республикасида масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Shamol Zarafshan Energy» хорижий корхонаси (кейинги ўринларда — Лойиҳа компанияси) ташкил этилганлиги;
в) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси (кейинчалик шартномага қўшилишини ҳисобга олган ҳолда) ўртасида 2020 йил 10 июнда инвестиция шартномаси имзоланганлиги (кейинги ўринларда — Инвестиция шартномаси) ҳамда унга мувофиқ Инвестор ва Лойиҳа компанияси:
инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида Навоий вилоятида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш;
хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда, 600 млн АҚШ долларидан ортиқ миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш;
улар томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона харидор бўлган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олишлари назарда тутилганлиги;
г) «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Инвестор ўртасида 2020 йил 10 июнда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида битим (кейинги ўринларда — Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим) имзоланганлиги ҳамда унга мувофиқ:
Инвестор ушбу битим бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан Лойиҳа компанияси фойдасига воз кечиши;
Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона харидор бўлган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олиши;
Лойиҳа компанияси ўз мажбуриятларининг лозим даражада бажарилиши бўйича 35 млн АҚШ доллари миқдорида банк кафолатини тақдим этиши;
Лойиҳа компанияси ШЭСнинг оширувчи подстанциясини қуриш ва у ишга туширилгандан сўнг «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» AЖга бепул топшириш мажбуриятини ўз зиммасига олиши;
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш мажбуриятини ўз зиммасига олиши ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга ошириши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасидаги Инвестиция шартномаси тасдиқлансин.
Белгилансинки, Инвестиция шартномаси у имзоланган кундан эътиборан кучга киради.
3. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар натижасида имзоланган Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқуллансин.
4. Инвестиция шартномаси ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ уларнинг амал қилиш муддати давомида электр энергиясини сотиб олиш учун хорижий валютада деноминацияланган қатъий тариф ўрнатилганлиги белгилаб қўйилсин.
5. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Навоий вилояти ҳокимлигига Инвестор, Лойиҳа компанияси ва инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этаётган кредиторлар билан Лойиҳа компанияси томонидан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда Лойиҳа компанияси ва Инвестор ҳуқуқларини кредиторларга бериш юзасидан битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга:
Лойиҳа компанияси билан биргаликда Лойиҳа компанияси томонидан белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун халқаро мустақил инжиниринг компаниясини танлаб олишга;
мажбурий экспертиза ва рўйхатдан ўтказмаган ҳолда халқаро мустақил инжиниринг компанияси билан шартнома тузишга;
ШЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига хорижий валютада тасдиқланган тикланадиган аккредитивни очишга рухсат берилсин.
7. Инвестиция шартномасига мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига қуйидагиларга рухсат берилсин:
кредитлаш, хорижий валютадаги маблағларни олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан бошқалардан ташқари хорижий валютада кредит маблағлари тушумлари) учун чет эллардаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очиш;
чет элдаги банк ҳисобварақларидан хорижий валютада кредит олиш;
устав капитали учун фақат қурилиш даврида Лойиҳа компанияси иштирокчилари билан тузилган қарз шартномалари ва оралиқ қарз битимлари бўйича хорижий валютада пул маблағларини қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг ташқарисидаги хорижий пудратчилар, етказиб берувчилар ёки хорижий кредиторларга тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан тўғридан-тўғри амалга ошириш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Навоий вилояти ҳокимлиги (К.Б. Турсунов) инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция шартномасида белгиланган ер участкасини ажратиб берсин ва Инвестиция шартномаси шартларига мувофиқ Лойиҳа компанияси билан ерни ижарага бериш тўғрисидаги шартномани имзоласин.
Бунда, Лойиҳа компанияси инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланганлик учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплашдан (компенсация тўловларидан) озод қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Адлия вазирлиги (Р.К. Давлетов) инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция шартномаси қоидаларига мувофиқ имзоланган битимлар юзасидан юридик хулоса берсин.
10. Энергетика вазирлиги (А.С. Султанов) лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат экология экспертизасидан ўтказилишини ҳамда инвестиция лойиҳасини амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликка риоя этилишини таъминласин.
11. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.А. Вафаев) инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши, шунингдек, томонларнинг Инвестиция шартномаси ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим доирасидаги мажбуриятларини бажариши устидан доимий назорат ўрнатсин.
12. Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х. Комилов) Лойиҳа компаниясининг буюртманомаларига асосан инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига кириш визалари расмийлаштирилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.
13. Ички ишлар вазирлиги (П.Р. Бобожонов) Лойиҳа компанияси буюртманомаларига асосан инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига кўп марталик визалар расмийлаштирилишини, берилишини (муддати узайтирилишини) ҳамда вақтинча яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтишини ва унинг муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
14. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б. Хусанов) Лойиҳа компанияси буюртманомаларига асосан Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаганлар орасидан) жалб этишга рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири А.С. Султанов белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чорак якунида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2020 йил 22 декабрь,
ПҚ-4933-сон
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.12.2020 й., 07/20/4933/1654-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2022 й., 07/22/314/0616-сон)