Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси КЕНГАШИНИНГ
қарори
Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган вазифалар ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш тўғрисида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёш оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, ёшларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, уларда замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни ўз ичига олган беш муҳим ташаббус амалга оширилмоқда.
Қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга ошириш жараёнида ёшларнинг фаол иштирок этишини янада кенгайтириш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қонунлар қабул қилиниши жараёнини ҳамда фракциялараро рақобат ва тортишувлар асосида ўтадиган мажлисларни ўз кўзи билан кўриши, депутатлар билан мулоқот қилиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Ёшларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги ўрни ва таъсирини амалда таъминлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, замонавий дунёқараш, билим ва кўникмага эга ёшларнинг билимларини ва демократик кўникмаларини янада ошириш учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ташкил этилиб, унинг фаолият йўналишлари белгилаб олинди.
Шу билан бирга, бугунги кунда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий иммунитетини мустаҳкамлаш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Э. Салихов ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси А. Аслоновнинг «Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2019 йил 27 декабрь куни мамлакат ёшлари билан видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилиш Баёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тавсия этилган масалалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш юзасидан Чора-тадбирлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Э. Салихов ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси А. Аслонов зиммасига:
Ўзбекистон Республикасида 2020 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган Чора-тадбирлар дастурида белгиланган тегишли вазифаларнинг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш;
ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш;
ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги ишларни тизимли йўлга қўйиш ва амалга ошириладиган чора-тадбирларни мавофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот киритиб бориш вазифалари юклатилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар Чора-тадбирлар режасида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси А. Аслонов зиммасига:
ёшлар масалаларига оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш давомида соҳага оид қонун ҳужжатларида аниқланган бўшлиқ, камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
беш ташаббус доирасида ёшларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиши учун кўрилаётган чора тадбирларга кўмаклашиш;
ёшлар масалаларига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда бу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилишини таъминлашга кўмаклашиш вазифалари юклатилсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 18 май,
274-IV-сон