Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигининг айрим муҳим жиҳатлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодиёт тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, ташки ишлар вазири ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг «Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигининг айрим муҳим жиҳатлари тўғрисида»ги ахборотларини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, мамлакатимизнинг иқтисодиётдаги рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини ошириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаши, пировард натижада мавжуд иқтисодий ва ижтимоий номутаносибликларни бартараф этишга хизмат қилиши учун ҳозирдан чуқур иқтисодий таҳлиллар асосида келинган хулосаларга асоаланиб йўл тутиш зарур бўлади. Шунингдек, ушбу ҳамкорлик юртимизда барча соҳаларда ривожланиш жараёнларини жадаллаштириш ва глобаллашув талабларига тезроқ мослашиш имконини яратади.
Бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг замонавий тамойиллари халқаро меҳнат тақсимоти ва ихтисослашув имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларини чуқур тадқиқ қилиш лозимлигини тақозо этмоқда.
Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масалаларини ўрганиш жадаллашиб бораётганлигини ҳисобга олиб, иқтисодиётнинг йирик соҳаларнинг, жумладан ташқи рақобатдан нисбатан ҳимояланган саноат тармоқларининг ўрта ва узоқ муддатдаги ривожланиши сценарийлари ҳамда уларнинг оқибатларини баҳолаш муҳим аҳамият касб этади.
Бунда, барча соҳаларда соғлом рақобатга кенг йўл очилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сегментлари ЕОИИнинг бошқа аъзо давлатлари корхоналари томонидан эгаллаб олиниши хавфи юқорилиги таъкидлаб ўтилди.
ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш жараёнида саноат корхоналарининг рақобатбардошликлигини таъминлаш учун саноатнинг 13 та етакчи тармоқлари, жумладан қисқа муддатли даврда — қора металлургия, нефть ва газ, кўмир, фармацевтика ёғ-мой, озиқ-овқат саноати корхоналари, ўрта муддатли даврда — тўқимачилик ва тикув трикотаж, чарм-пойабзал, электротехника, кимё, электр энергетика саноати корхоналари, узоқ муддатли даврда эса — автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари бўйича муайян чора-тадбирланинг ўз вақтида қўрилиши аҳамиятга эгадир.
Шу муносабат билан ушбу соҳаларга оид қонун ҳужжатларини янги шароитларда ишлашга уйғунлаштиришимиз, жумладан ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник регламентларни чуқур ўрганиш мақсадга мувофиқдир.
Ушбу халқаро ташкилотга аъзо давлатлар томонидан электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда давлатлараро ҳужжатлар алмашинуви, халқаро электрон савдо, ҳужжатларни электрон равишда тасдиқлаш ва халқаро банк операцияларини янада ривожлантириш имкониятлари мавжуд.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикалари «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодиёт тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж. Кучкаров, ташки ишлар вазири А. Камилов ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Садиковнинг «Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигининг айрим муҳим жиҳатлари тўғрисида»ги ахборотлари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи:
Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи юзасидан парламентдаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарнинг хулосаларини олсин ҳамда умумлаштирсин;
ахборотда келтирилган маълумотларни Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг хулосасини тайёрлашда инобатга олсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 16 апрель,
225-IV-сон