Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Ходжаевнинг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга оширишга оид чора-тадбирлар дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Ходжаевнинг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга оширишга оид чора-тадбирлар дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга мўлжалланган мазкур Стратегия соҳани тубдан ислоҳ қилишга йўналтирилган, янги истиқболда амалга оширилиши режалаштирилган яхлит концептуал ҳужжатлиги билан аҳамиятлидир.
Стратегиядаги устувор йўналишларга мувофиқ қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғининг рақобатбардошлигини оширишга оид 9 та устувор йўналиш белгилаб олинган. Уларнинг амалга оширилиши асносида янги хўжалик юритувчи субъектлар иш бошлашига замин яратилди.
Хусусан, хўжалик юритишнинг замонавий услублари ва илғор шакллари, жумладан турли ихтисослашувдаги кластерлар, қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини (кооперация) ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилганлиги натижасида 77 та пахта-тўқимачилик кластери фаолияти йўлга қўйилди. Мева-сабзавотчилик кластерлари сони эса 66 тага етказилиб, уларга 19 минг гектар ер майдони ажратилди.
Республиканинг 8 та ихтисослашган туманида 41 та мева-сабзавотчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги кооперацияси ташкил этилди ва улар маҳсулот ишлаб чиқара бошлади. Биргина мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун 7 та лойиҳа доирасида қиймати 381,7 млн. долларга тенг хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг (бундан буён матнда — Чора-тадбирлар дастури деб юритилади) ижросини таъминлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди.
Жумладан, пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришда банд бўлмаган майдонларда тупроқ-иқлим шароитлари ва бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда туманларни босқичма-босқич ихтисослаштириш тизими жорий этилмоқда.
2020 йилда пахта хомашёси ва бошоқли дон ҳосили етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ажратиладиган кредит фоизи Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида (шундан 2,0 фоизи банк маржасини ташкил этади) белгиланди.
Тупроқни таҳлил қилишнинг мобиль лабораториялари фаолиятини кенгайтириш орқали тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда ўғитдан фойдаланишнинг самарали амалиётини жорий этиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш чоралари кўрилмоқда.
Экспорт бозорлари, савдо режимлари, савдони молиялаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори бўйича маълумотларни қамраб олган ташқи иқтисодий маълумотлар портали (ўзбек, рус ва инглиз тилларда) ишга туширилди.
Шу билан бирга, Чора-тадбирлар дастурига мувофиқ жорий йилнинг I чорагида амалга оширилиши белгиланган 14 та банддан 4 таси (28,5 фоиз) тўлиқ бажарилмаган. Шунингдек айрим бандлар муддатидан кечикиб ижро этилган.
Хусусан, Чора-тадбирлар дастурида белгиланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бугунги кунга қадар охирига етказилмаган (16-банд).
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ҳисобга олишнинг кадастр тизимини такомиллаштириш, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини ҳисобга олиш тизими билан ягона ахборотлаштирилган тизимга уланишни таъминлаш бўйича жорий йилнинг 1 апрелига қадар комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгиланган бўлиб, амалда у ҳам якунига етказилмай қолган (19-банд).
Шунингдек бошоқли дон экинлари билан банд бўлмаган ер майдонларида тупроқ-иқлим шароитлари ва бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда туманларни босқичма-босқич ихтисослаштириш тизимини жорий этиш бўйича бошланган ишларни якунига етказиш талаб этилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Ходжаевнинг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга оширишга оид чора-тадбирлар дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Ходжаев:
Чора-тадбирлар дастурида белгиланган муддатларда бажарилмаган бандларнинг кечикиш сабабларини таҳлил қилган ҳолда, уларнинг ижросини таъминлаш, хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишини тезлаштириш чораларини кўрсин;
бошоқли дон экинлари билан банд бўлмаган ер майдонларида тупроқ-иқлим шароитлари ва бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда туманларни босқичма-босқич ихтисослаштириш тизимини жорий этиш ишларини якунига етказсин;
Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиш ҳамда уларнинг белгиланган тартибда қабул қилиниши билан боғлиқ вазифаларнинг ижросини сўзсиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратсин;
ушбу Қарорнинг ижроси бўйича жорий йилнинг 20 июнь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси:
Чора-тадбирлар дастурида ижроси тўлиқ таъминланмаган бандларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини ўрнатсин;
Стратегия доирасида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш ишларини ташкил этсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 1 июнь,
294-IV-сон