Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Қўшма қарори
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5729-сонли Фармонида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назорати самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сонли Фармони билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастурининг 30-бандига асосан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг тавсияларини бажариш бўйича «Йўл харитаси» маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси:
қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш, уларда коррупцияга шароит яратадиган қоида ва нормаларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф қилиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;
давлат органлари раҳбарларининг ахборотларини эшитишни ташкил қилсин;
давлат органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли равишда ўргансин;
коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат органлари томонидан амалга ошириладиган идоравий чоралар самарадорлигини баҳолаб борсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб комиссияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси 2019 йил 1 декабрга қадар илғор хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда парламент аъзолари фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳар бир давлат бошқаруви органларида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича идоравий дастурларни ишлаб чиқилишини таъминлаш;
коррупция ҳолатларига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай хизматларни рақамлаштириш, уларни «ягона дарча» тамойили асосида бериш ва давлат хизматлари марказларига ўтказиш;
фуқароларнинг мурожаатларидан кўтарилаётган масалалардан келиб чиқиб ва коррупцияга шароит яратувчи ҳолатларни ўрганган ҳолда, уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;
коррупция ҳолатларини аниқлашга ёрдам кўрсатувчи «холис фуқаро» тизимини жорий этиш, бунда жамоатчилик назорати ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини ошириш;
ҳуқуқбузарликлар ва уларга шароит яратувчи омиллар ҳақида хабар беришга имконият яратувчи ягона портални ташкил этиш ва ишга тушириш;
давлат ва хусусий сектор ўртасидаги муносабатларнинг шаффофлигини таъминлаш;
пора берилиши ҳақида хабар қилган давлат хизматчилари, шунингдек коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш, халқаро ташкилотлар, шу жумладан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг коррупциянинг олдини олишга оид тавсияларини ҳар томонлама кўриб чиқиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.
4. «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги раҳбарларининг ахборотини эшитсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳар бир эшитув якуни бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолиятидаги коррупция аломатларига барҳам бериш ҳамда уларга қарши кескин кураш олиб боришда қатъий чоралар кўришни назарда тутадиган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқсин.
6. Мазкур Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Н. Умаров ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари С. Артикова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2019 йил 30 сентябрь,
2782-III/КҚ-610-III-сон