Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги «Mening fikrim» веб-портали орқали келиб тушган электрон жамоавий мурожаатни кўриб чиқиш натижалари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига «Mening fikrim» веб-портали орқали «Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги электрон жамоавий мурожаат (бундан буён матнда электрон жамоавий мурожаат деб юритилади) келиб тушган. Электрон жамоавий мурожаатда «Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарликни кучайтириш, қаровсиз ҳайвонлар ва уй ҳайвонларини назорат қилиш бўйича ҳудудий чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш, қаровсиз ҳайвонларни вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ҳамда уларнинг мақомини белгилаш, давлат, ҳомийлик ва меценат кўмагини кўрсатиш тартибини белгилаш таклиф этилган.
Мазкур электрон жамоавий мурожаат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан тегишли вазирликлар, идоралар ва экспертларни, шунингдек кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда ўрганиб чиқилди.
Қайд этиш лозимки, аҳоли пунктларида ҳайвонларни сақлаш масалаларини тартибга солиш, шунингдек қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш хизматларининг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлда қабул қилинган «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 202-сонли Қарори билан «Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузурида қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари ташкил этиладиган шаҳар ва туманлар рўйхати», «Балансига шаҳар ва туман давлат ветеринария бўлимлари асосий воситаларининг бир қисми бериладиган шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари рўйхати», «2011 — 2013 йилларда шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимларининг моддий-техника базасини ривожлантириш дастури» ҳамда «Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидалари» тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2012 йил 29 мартда қабул қилинган Қўшма қарори билан «Қаровсиз қолган ҳайвонларни отиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги йўриқнома тасдиқланган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 22 майда 2368-сон билан рўйхатга олинган.
Шу билан бирга, халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатадики, жаҳон ҳамжамияти ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарликни қонун билан мустаҳкамлаб қўйишга интилмоқда.
Турли мамлакатларда кўп асрлар давомида қабул қилинган қоидалар ва маънавий-ахлоқий урф-одатлар мавжуд бўлиб, уларга кўра ҳайвонларга инсоннинг ҳомийлигига муҳтож бўлган ҳимоясиз мавжудот сифатида қаралган. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда ҳайвонларни ҳимоя қилишга қаратилган етарлича инсонпарварлик руҳидаги қонунлар қабул қилинган бўлиб, улар пухта ўйланган механизмлар асосида амалга оширилмоқда.
Юқорида баён этилганларни инобатга олган ҳолда ушбу таклиф эътиборга лойиқ ва келгусида «Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йилда қабул қилинган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик чорасини назарда тутади. Мазкур қилмишнинг маънавий ва ахлоқий жиҳатдан оғирлигини эътиборга олганда, ушбу модданинг санкцияси бундай қилмиш учун етарли даражадаги жазо бўла олмайди.
Хорижий давлатлар қонун ҳужжатларининг ва жамоатчилик фикрининг ҳар томонлама таҳлилини ҳисобга олган ҳолда, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш салбий ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, шахсларнинг бу соҳадаги жавобгарлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқдир.
Айни вақтда қаровсиз ҳайвонлар ва уй ҳайвонларини назорат қилиш бўйича умумдавлат ёки ҳудудий даражада мақсадли дастур мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда ҳудудий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарур.
Жойлардаги ишлар ҳақиқий ҳолатининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари, ветеринария бўлимлари, ички ишлар органлари ҳамда тегишли экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий хизматларининг фаолияти аниқ мувофиқлаштирилмаган, қаровсиз ҳайвонларни аниқлаш ва ушлаш, шунингдек аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши устидан доимий назорат ўрнатилмаган.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги «Май» қўрғонида жойлашган республикада ягона «Қаровсиз ҳайвонларни қутқариш жамияти» жамоатчилик бирлашмаси тасарруфидаги итларни сақлаб туриш бошпанасида 400 га яқин ҳайвон сақланади. Ҳозирги кунда бу бошпана қониқарсиз аҳволда бўлиб, ҳайвонлар учун озиқ-овқат етишмайди ва улар фақатгина фуқароларнинг ҳомийлиги ҳисобига сақланади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
қаровсиз ҳайвонларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг сонини назорат қилиш, қаровсиз ҳайвонлар учун бошпаналар ташкил этиш бўйича тегишли қарор ҳамда узоқ муддатли истиқболдаги умумдавлат мақсадли дастурини қабул қилиш;
мазкур муаммо юзасидан жамоатчиликнинг фикрини, шунингдек халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, келгусида «Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш тавсия этилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига:
аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш ҳамда ҳайвонлар орасида ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича ташкилий ва махсус ветеринария тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш;
республика бюджети, вилоят, шаҳар ва туман бюджетлари параметрларини шакллантиришда шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимларининг моддий-техника базасини ривожлантириш учун зарур бюджет маблағлари ажратилишини, ободонлаштиришга ажратилган маблағлар доирасида қаровсиз ҳайвонларни вақтинча сақлаш жойларини барпо этишни назарда тутиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасига:
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига шахсларнинг ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу Қарорни ижрочиларга етказиш ҳамда унинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламлари ўртасида тушунтириш вазифаси юклатилсин.
4. Ушбу Қарор «Mening fikrim» веб-порталига жойлаштирилсин.
5. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Х. КЕТМОНОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 5 март,
2406-III-сон