Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш тўғрисида
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсатининг Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган мурожаатномасини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Қайд этиш жоизки, дон маҳсулотларини қайта ишлаш, шунингдек ғаллани харид қилиш, ун ва нон маҳсулотларини реализация қилиш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш ва бунда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2018 йилнинг 15 сентябридан бошлаб республикада олий навли ун ва қолипли нон бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланган эркин бозор нархларида сотилиши учун ҳуқуқий асослар белгилаб берилганлиги ун ва қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналар молиявий аҳволининг нисбатан яхшиланишига олиб келган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилда 1 тонна буғдойнинг кафолатланган харид нархи 1 млн. 200 минг сўм миқдорида белгиланиши ҳамда олинган ҳосилдорликка қараб 25 фоизгача устама белгиланиши натижасида жорий йилда 1 тонна буғдойнинг ўртача харид нархи 1 млн. 420 минг сўмни ташкил этган.
Шу тариқа фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги ҳамда фаолиятининг самарадорлиги оширилишига имкон яратилган.
Жорий йилда бошоқли дон ҳосилдорлиги ўртача 65 центнерни ташкил қилиб, ялпи ҳосил 7 млн. тоннани ташкил этган ҳамда давлатга 3 млн. 555 минг тонна ёки режадагига нисбатан 532 минг тонна ортиқча дон топширилган.
Бундан ташқари, донни қайта ишлаш корхоналари ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда нарх-навонинг ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 30 сентябрдаги «Донни қайта ишлаш корхоналари ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 829-сонли Қарорига асосан маҳаллий дондан ишлаб чиқарилган ун маҳсулотига қўшилган қиймат солиғи бўйича мавжуд имтиёз 2020 йилнинг 1 июлигача узайтирилган. Бундан ташқари маҳаллий ундан тайёрланган қолипли нонни ишлаб чиқариш ва сотиш 2020 йилнинг 1 июлигача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.
Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсатининг Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан мурожаатномасида кўтарилган масалалар ва таклифлар жойларга чиққан ҳолда ўрганилганда, бу борада қатор ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги маълум бўлди.
Хусусан, ғалла етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасининг асосан давлат томонидан бошқарилиши, харид нархларининг белгиланиши дон корхоналари ва фермер хўжаликлари ўртасидаги ғалла ҳисоб-китобини якунига етказишда муайян қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Натижада маблағлар ўз вақтида тўлаб берилмаётганлиги фермер хўжаликларининг иқтисодий ҳолатига салбий таъсир этмоқда.
Шу билан бирга, дон корхоналари ҳам ун ишлаб чиқаришда маълум миқдорда зарар кўриб, уларнинг фермер хўжаликлари олдидаги кредиторлик қарздорлиги ошмоқда.
Дон корхоналарида ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришда бозор иқтисодиёти механизми йўлга қўйилмаганлиги, маҳсулот етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва истеъмол қилувчи ўртасида самарали тизим яратилмаган. Бу эса турли хил суиистеъмолчиликларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Энг муҳими, ғалла етиштирувчи фермерларнинг ўз меҳнатлари маҳсули бўлган доннинг нархини белгилаш ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини сотиш тизими бозор механизмлари асосида шакллантирилмаганлиги фермер хўжаликларининг ғалла ҳосилдорлигини оширишга имконият бермаяпти.
Жойлардаги ўрганишлар яна шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда аҳоли томонидан нон маҳсулотлари исроф этилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсатининг 2019 йил 2 октябрдаги Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан мурожаатномаси, ушбу мурожаатнома юзасидан депутатлар томонидан ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар якунлари, шунингдек мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
дон сотиб олиш, ун ва қолипли нон маҳсулотларини сотиш, шунингдек ушбу маҳсулотларга нарх белгилашнинг амалдаги механизмини қайта кўриб чиққан ҳолда фермер хўжаликлари, дон корхоналари ва истеъмолчилар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни бозор механизмларига ўтказиш бўйича тегишли чоралар кўриш;
фермер хўжаликларида ғалла етиштириш учун талаб этиладиган ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини, минерал ўғитларни, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ҳамда бошқа ресурсларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш;
ривожланган давлатлар тажрибасини чуқур таҳлил қилган ҳолда, республикада ғалланинг харид нархини белгилаш амалиётидан босқичма-босқич воз кечиб, ғаллани бозорда шаклланган талаб ва таклиф асосида эркин нархларда сотиш тизимини яратиш чора-тадбирларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги дон, ун ва нон маҳсулотлари нархлари тўлиқ эркинлаштирилиши натижасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ҳимоя қилишга қаратилган тизимли чораларни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклифлар киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда давлат томонидан ғалла етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратиш тизимини янада такомиллаштириб бориш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан жорий йилнинг 1 ноябрь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ушбу Қарорнинг ижроси устидан доимий мониторинг олиб борилишини ташкил этсин ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашига маълумот тақдим этиб борсин.
7. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 9 октябрь,
2787-III-сон