Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, Ҳукумат томонидан Давлат дастури асосида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга эришиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестицион муҳитни яратиш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришда сезиларли натижаларга эришилган.
2019 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсган.
Мамлакатда яратилган қулай инвестиция муҳити натижасида инвестициялар ҳажми 1,6 бараварга, қурилиш ишлари ҳажми эса 20,0 фоизга ошди. Давлат бюджетининг 2019 йил январь — июнь ойларида даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 мартага кўпайди.
Маҳаллий ҳокимият органларининг маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги эркинлиги сезиларли даражада оширилди.
«Обод қишлоқ» дастури доирасида жами 1 166 млрд. сўмлик иш ҳажмлари бажарилди.
Тадбиркорликка оид ижтимоий дастурлар доирасида 5,1 трлн. сўм, имтиёзли кредитлар ажратилди. Бу «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида минглаб оилаларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши, янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида бажарилиши белгиланган Давлат дастуридаги жами 139 та банддан 23 таси (16,5 %)нинг ижроси тўлиқ таъминланмаган.
Жумладан, Давлат дастурида кўзда тутилган давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини таъминлашга қаратилган бир қатор вазифалар бажарилмаган. Хусусан, қонун ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси (янги таҳрири) ҳанузгача парламент муҳокамасига киритилмаган (6-банд).
Шунингдек, давлатнинг иқтисодий фаолиятдаги иштирокининг аниқ чегараларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши (25-банд) охирига етказилмаган.
Давлат дастурида белгиланган иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этишнинг устувор йўналишларини кўзда тутувчи бир қатор вазифалар ҳам ўз вақтида бажарилмаган. Маълумки, мамлакатимизда пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа йўналишларда кластер тизимини қўллаш яхши йўлга қўйилган ва ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Лекин, кластер фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асослари, уларни қўллаб-қувватлаш механизмларини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат шу йил 1 июнга қадар қабул қилиниши кўзда тутилган бўлсада, бу иш якунига етказилмаган (91-банд).
Шунингдек, «инвестиция хаб»ларини ташкил этиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг ҳуқуқий асосларини тайёрлаш (115- ва 120-бандлар) ишлари ҳам вақтида бажарилмаган.
Шу йил 1 апрель кунига қадар давлат тиббиёт муассасаларини молиялаштириш тизими такомиллаштирилишини (155-банд) кўзда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган. Шаҳарлардаги оилавий поликлиникаларни тор доирадаги мутахассислар билан таъминлаш масаласи тегишли идоралар томонидан ҳал этилмаган, бу эса шаҳар аҳолисини тиббий-санитария ёрдами олишида муайян ноқулайликлар яратаётгани, шунингдек, аксарият туман ва шаҳарлардаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларининг шифо ўринлари сони номутаносиб белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди.
Давлат дастурининг 178-бандига мувофиқ, шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг ички йўлларини капитал ва жорий таъмирлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги депутатлар томонидан қайд этилди.
Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кундалик истеъмол маҳсулотларининг таркибида трансёғлар, жумладан, пальма ёғининг мавжудлиги, унинг инсон организмига салбий таъсирининг олдини олиш зарурлигидан келиб чиқиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва нормативларни, акциз имтиёзлари берилишини қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда.
Депутатлар ва Ҳукумат вакилларидан иборат таркибда тузилган Ишчи гуруҳи томонидан Давлат дастуридаги ахборот-технологияларини жорий этиш билан боғлиқ бандларнинг бажарилиши бўйича ўтказилган мониторинг шуни кўрсатмоқдаки, бор йўғи 4 та лойиҳа бўйича тўлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмийлаштирилган, холос.
Давлат дастуридаги мамлакат экспорт салоҳиятини янада оширишга, бу соҳада ягона ўзаро интеграциялашган ахборот тизимини шакллантиришга қаратилган вазифалар (123- ва 129-бандлар) доирасида амалга оширилаётган ишлар лозим даражада ташкил этилмаган.
Давлат дастуридаги ахборот-технологияларини жорий этиш билан боғлиқ ва ижро муддати «йил давомида» этиб кўрсатилган бандларнинг амалга оширилиши юзасидан ўтказилган мониторинг шуни кўрсатмоқдаки, ушбу лойиҳаларнинг аниқ корпоратив режалари, яъни чораклар ёки ойлар кесимида бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар мавжуд эмас. Бундан ташқари, бу борадаги лойиҳаларни молиялаштириш масалалари ҳал этилмаганлиги айрим вазифаларнинг бажарилмаслигига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун Ҳукумат томонидан молиялаштириш манбаларини аниқлаштириш, бор йўғи ярим йил қолганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги кунда ўта долзарб масалага айланиб қолмоқда.
Жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш, уларнинг нархини шакллантириш ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни янада кучайтириш бўйича, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар-жой ва бошқа биноларни бузиш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини таъминлашда кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда.
Ҳукумат томонидан Давлат дастуридаги тадбирлар ижросини таъминлашда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқдир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-2-моддаси ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-1-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз муддатида ва пухта бажарилишини таъминлаш юзасидан Ҳукумат аъзолари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш, шунингдек бу борада амалга оширилаётган ишларнинг молиявий жиҳатдан таъминланишига эътибор қаратиш;
Давлат дастуридаги ижроси таъминланмаган 23 та банднинг бажарилишини, хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминлаш;
хўжаликлараро автомобиль йўллари, ички хўжалик йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини таъмирлашга қаратилган қисқа муддатли дастур ишлаб чиқиш;
жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва бошқа биноларни бузилишида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини таъминлаш;
импорт қилинаётган пальма ёғининг озиқ-овқат саноатида ишлатилишини назорат қилиш, унинг инсон организмига салбий таъсирини чуқур таҳлил қилган ҳолда мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник регламентлар ҳамда бу борада берилган имтиёзларни қайта кўриб чиқиш;
туман ва шаҳарлардаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларининг шифо ўринлари сонини бугунги кун эҳтиёжидан келиб чиқиб қайта ўрганиб чиқиш, шаҳар оилавий поликлиникаларини тор доирадаги мутахассислар билан таъминлаш масаласини кўриб чиқиш;
жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурларини амалга ошириш доирасида бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифати, шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидаларига риоя этилиши ва нархларни шакллантириш масалалари устидан қатъий назоратни ўрнатиш;
ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва бошқа ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш борасида самарали ижтимоий шерикликни ўрнатиш;
жорий йилнинг тўққиз ойида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича ва Давлат дастури доирасида амалга оширилиши назарда тутилган чора-тадбирларнинг ижроси юзасидан тизимли ва таъсирчан мониторинг олиб бориш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмаларига:
Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини депутатларнинг ўз сайловчилари билан учрашувлари давомида кенг тарғиб қилиш чораларини кўриш;
ўз партиявий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишларнинг самарали ижро этилиши устидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат дастурида ижроси тўлиқ таъминланмаган қуйидаги бандларнинг бажарилиши устидан самарали мониторинг ўрнатсинлар ва амалга оширилган ишлар натижалари юзасидан жорий йилнинг 1 октябрь кунига қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашига маълумот тақдим этсинлар:
Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси — 152-, 153- ва 155-бандлар бўйича;
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси — 179-, 246- ва 250-бандлар юзасидан;
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси — 253-, 254- ва 259-бандлар бўйича;
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси — 211-, 212- ва 216-бандлар юзасидан;
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси — 115- ва 120-бандлар бўйича;
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси — 40-банд юзасидан;
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси — 91-банд бўйича.
5. Давлат дастуридаги ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бандлар ижросининг мониторингини олиб бориш бўйича Ишчи гуруҳи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонининг Давлат бюджети бошқармаси билан биргаликда тўққиз ой якунлари бўйича дастурда белгиланган тегишли лойиҳаларнинг молиявий самарадорлигини, Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунлар талабларига риоя этилиши ҳолатини атрофлича ўрганиш ҳамда уларнинг ижроси юзасидан ахборотларни жорий йилнинг 1 октябрь кунига қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси бўйича жорий йилнинг 20 август кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
7. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 1 август,
2627-III-сон