Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб таъкидлайдики, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар иқтисодиётни мутлақо янги асосда ташкил этиш, янада эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш учун кенг имконият яратди. Бунда хомашё ресурслари ва мавжуд захиралардан оқилона фойдаланилиши иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларнинг комплекс ривожлантирилишини таъминланмоқда.
Ишлаб чиқариш изчил ривожланаётганлиги, экспорт ҳажми ортаётганлиги, аҳолининг харид қобилияти ўсаётганлиги ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ортишини таъминлаб, жорий йилнинг январь — июнь ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ЯИМ ҳажми 4,9 фоизга ўсган.
Айни вақтда, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан саноатда 6,1 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликларида 2,7 фоиз, қурилишда 9,7 фоиз, савдо, истиқомат қилиш ва овқатланиш бўйича хизматларда 1,7 фоиз, бошқа хизматлар соҳасида 5,0 фоиз ўсишга эришилган.
Миллий иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатини такомиллаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланган параметрлар доирасида ижро этилди.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги таъминланиб, ушбу соҳага умумий харажатларнинг 55,7 фоизи миқдорида маблағ сарфланган.
Хусусан, ижтимоий харажатларнинг 52,2 фоизи таълим тизими муассасаларини сақлаш ва ривожлантиришга, 22,7 фоизи соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган.
Ижтимоий соҳани ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг 13,3 трлн. сўми ёки қарийб 72,5 фоизи меҳнатга ҳақ тўлаш ва унга тенглаштирилган тўловларга йўналтирилди. Маблағларнинг бир маромда туширилиши ҳисобига бюджет ташкилотларида меҳнатга ҳақ тўлаш ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда нафақалар ҳар ойнинг биринчи беш иш куни давомида тўлиқ молиялаштирилиши таъминланган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджетларни шакллантириш ҳамда маблағлардан самарали фойдаланиш борасидаги мустақиллиги ва масъулиятини ошириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида маҳаллий бюджетларга 1715 млрд. сўм миқдорида қўшимча маблағлар туширилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 баравар кўп бўлиб, улар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида қолдирилган ва ҳудудларни ривожлантиришга, мавжуд муаммоларни ва ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишга йўналтирилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида бюджет маълумотларининг очиқлигини таъминлаш ҳамда депутатлар ва фуқароларнинг бюджет жараёнида фаол иштирок этиши учун шароитлар яратиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмади.
Ҳисобот даврида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга оширилаётганда 2275 та бюджет ташкилотининг 1887 тасида 21706,9 млн. сўм миқдоридаги молиявий қоидабузарликлар, шу жумладан 4692,5 млн. сўм миқдоридаги пул маблағлари ҳамда моддий бойликлар камомади ва ўзлаштиришлар, 17014,4 млн. сўм миқдоридаги ноқонуний харажатлар аниқланди.
Бюджетдан маблағ олувчиларнинг бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши таҳлил қилинганда, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида 1360,8 млн. сўм, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 2175,4 млн. сўм, Ўзбекистон Республикаси Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тизимида 76,8 млн. сўм, Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги тизимида 325,6 млн. сўм пул маблағлари ва моддий бойликларнинг камомади ва талон-торож қилиниши фактлари аниқланди.
Мазкур ҳисоботнинг парламент қуйи палатаси сиёсий партиялар фракциялари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи ва қўмиталарда дастлабки тарзда муҳокама қилинганлигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлансинки, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг даромадлари 33161,5 млрд. сўмни, харажатлари 33017,2 млрд. сўмни ташкил этган. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети 144,3 млрд. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, уларни хорижий инвесторлар ҳамда бошқа манфаатдор субъектларга етказиш;
иқтисодий ва молиявий статистика маълумотларидан фойдалана олишнинг ҳамда бюджет жараёни очиқлигининг янги механизмларини жорий этиш;
2018 йил учун белгиланган устувор вазифаларнинг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш, шу жумладан таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилиш, илғор технологияларни жорий этиш, инвестицияларни ҳар томонлама жалб этиш орқали иқтисодиётни модернизация қилиш, ҳудудларнинг хомашё ресурслари ва салоҳиятидан оқилона фойдаланиш;
маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини янада кенгайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсин.
3. Сиёсий партиялар фракцияларига, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳисобот давридаги ижроси билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан аниқ таклифлар киритиш, тегишли вазирликлар ва идораларда ушбу маблағлардан мақсадли фойдаланилишини таъминланиш устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз назорат-таҳлил фаолиятида, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқаётганда қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш юзасидан тавсиялар киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари жойларга чиққанда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, солиқ ва молия органлари раҳбарларининг улар томонидан маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш, солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича қарздорликка йўл қўймаслик, шунингдек ишламаётган корхоналарни қўшимча иш ўринлари ташкил этиш мақсадида тиклаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитишга бағишланган халқ депутатлари Кенгашларининг сессияларида иштирок этсин.
6. Ушбу Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 27 август,
1915-III-сон