Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида Навоий вилоятида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш якунлари тўғрисида
Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича Навоий вилоятида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш якунларини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, халқ депутатлари Кенгашлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, секторлар раҳбарлари томонидан бу борада муайян ишлар амалга оширилган.
Ўрганишлар давомида пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан вилоятда қатор чоралар кўрилаётганлиги маълум бўлди.
Жойларда бюджет тушумлари, республика бюджетидан ажратилаётган трансферлар ва бошқа маблағлар биринчи навбатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига, шу жумладан дори воситалари, тиббиёт буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишга, шунингдек иш ҳақи, пенсиялар ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларнинг ўрнини қоплашга йўналтирилмоқда.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимларини ҳамда бошқа ходимларни ижтимоий ҳамда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун махсус рағбатлантирувчи тўловлар, бир йўла бериладиган қўшимча тўловлар амалга ошириб келинмоқда.
Вилоятдаги 88 та тадбиркорлик субъектига 1 392,7 млн. сўмлик солиқ тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилган, 7 мингта якка тартибдаги тадбиркорга ҳар ойда 562,3 млн. сўмлик, 2020 йил апрель-сентябрь ойлари давомида жами 3 373,6 млн. сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилган.
Мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5969-сонли Фармонига мувофиқ жорий йилнинг 1 апрель кунидан бошлаб вилоятдаги туризм соҳасида фаолият юритувчи 69 та тадбиркорлик субъектига нисбатан туристик йиғимларни ҳисоблаш тўхтатилган.
Шунингдек жорий йилнинг 1 апрелидан 1 октябригача қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини 2020 йилда ўрнатилган ставкаларга нисбатан 50 фоизга пасайтириш ҳисобига жами 21 771,6 млн. сўм маблағ тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қолдирилган.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга енгилликлар бериш учун тижорат банклари томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг жами 702,4 млрд. сўмлик кредит маблағлари учун тўлов муддати 2020 йилнинг 1 октябрига қадар узайтирилган.
Коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида тижорат банклари томонидан жорий йилнинг 15 мартидан айланма маблағларини шакллантириш учун жами 554 та тадбиркорлик субъектига 180,9 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилган.
Пандемия даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятда жами 21 046 та оиланинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларга 16,7 млрд. сўм қийматдаги 13 турдаги зарурий маҳсулотлар етказиб берилган.
Ишсиз қолган ва даромад манбаи аниқ бўлмаган 1 373 нафар фуқаро доимий ишга, 3 548 нафар фуқаро мавсумий ва жамоатчилик асосидаги ишларга жалб қилиниб, 240 нафар фуқарога қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун ижара асосида ер майдонлари ажратилган.
Шу билан бирга, ўрганишлар давомида вилоятда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этишга оид ўз ечимини кутиб турган қатор муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, пандемия таъсирида фаолиятини вақтинча тўхтатган корхоналар сони 8 014 тани ташкил этган бўлса-да, шулардан атиги 88 тасига, яъни 1,1 фоизига имтиёз ва преференциялар тақдим этилган, холос.
Тадбиркорларнинг мурожаатларини ҳал этишга юзаки муносабатда бўлиш, ишбилармонлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган масалаларнинг тезкорлик билан ҳал этилмаслик ҳолатлари мавжуд. Жумладан, «Mr Fish Company» МЧЖ томонидан 6,5 млн. долларлик инвестиция киритиш режалаштирилаётган бўлса-да, тадбиркорлик субъектига балиқ етиштириш учун ер майдони ажратиш масаласи ҳанузгача ижобий ҳал этилмаган.
«Ўзстандарт» агентлигининг вилоят ҳамда ҳудудий саноат зоналарида махсус лабораториялари мавжуд эмаслиги импорт маҳсулотларининг божхона расмийлаштируви жараёнларининг асоссиз равишда 10-15 кунга кечикишига сабаб бўлмоқда.
Ўтган даврда Нурота туманида 4 та тадбиркорлик субъектига 10,6 млн. сўм солиқ суммасини кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилган. Ваҳоланки, туманда 1 196 та тадбиркорлик субъектидан 1 003 таси пандемия таъсирида фаолиятини тўхтатган. Бундай ҳолатлар бошқа туманларда ҳам кузатилган.
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун жорий йилнинг март ойида Инқирозга қарши кураш жамғармасидан март-июнь ойлари учун жами 2 701,2 млн. сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан 1 086,8 млн. сўм миқдордаги маблағ ёки 40 фоизи молиялаштирилган, холос.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1 325 нафар ишсиз фуқарога иссиқхона қуриш, шахсий ва дала томорқаси учун уруғ, кўчат, суғориш воситаларини харид қилиш учун 1 396,3 млн. сўм миқдорида субсидия берилган бўлса-да, етарли тушунтириш ишлари олиб борилмаганлиги сабабли ажратилган субсидия миқдори вилоятдаги мавжуд эҳтиёжга нисбатан пастлигича сақланиб қолмоқда.
Вилоятда олиб борилган ўрганишлар ҳудудларда юзага келган муаммолар, аниқланган камчиликлар айрим секторларда ишларнинг аниқ режа асосида, қониқарли ташкил этилмаганлигини, масалага масъулият билан ёндашилмаётганини кўрсатмоқда.
Ўрганишлар давомида аниқланган, аҳоли ва тадбиркорларни ташвишлантираётган бошқа қатор муаммоларни депутат ва парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳал қилиш чораларини кўришга келишилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, муҳокамаларда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳининг «Навоий вилоятида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш якунлари тўғрисида»ги ахбороти ҳамда мазкур масала юзасидан Навоий вилояти ҳокими Қ. Турсуновнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари Навоий вилояти, туман ва шаҳарлар Кенгашларига аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш борасидаги масалаларни мунтазам равишда Кенгашлар йиғилишларида кенг жамоатчилик, тадбиркорлик субъектлари, ОАВ вакиллари иштирокида муҳокама қилишни давом эттириш ҳамда мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриб бориш, бунда депутатлар назоратини янада кучайтириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Навоий вилояти ҳокими (Қ. Турсунов) ва туман (шаҳар) ҳокимларига:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус пандемияси муносабати билан қабул қилинган фармон ва қарорларида назарда тутилган имтиёзлар ва енгилликлар жойларда қандай татбиқ этилаётганлиги, жумладан, тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги ишларнинг бориши юзасидан брифинг ўтказиб, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш, бунда секторлар раҳбарлари, тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП фракциясига:
«Ўзстандарт» агентлигига импорт маҳсулотларини божхона текширувидан ўтказиш тизимини янада мақбуллаштириш мақсадида ҳудудларда ҳам агентликнинг махсус лабораторияларини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан парламент сўровини юбориш чораларини кўриш;
балиқчилик хўжаликларини қийнаб келаётган масалаларни, жумладан балиқ етиштириш учун ер ажратиш борасидаги муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан асослантирилган тушунтириш олиш учун «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раисига депутат сўрови юбориш;
ўрганишлар давомида кўтарилган масалаларни ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиш асосида уларнинг ечимини топиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Кадиров зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 30 июнь,
375-IV-сон