Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш якунлари тўғрисида
Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш якунларини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, халқ депутатлари Кенгашлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, секторлар раҳбарлари томонидан бу борада муайян ишлар амалга оширилган.
Ўрганишлар давомида пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан вилоятда қатор чоралар кўрилаётганлиги маълум бўлди.
Жойларда бюджет тушумлари, республика бюджетидан ажратилаётган трансфертлар ва бошқа маблағлар биринчи навбатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига, жумладан дори воситалари, тиббиёт буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишга, шунингдек иш ҳақи, пенсиялар ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларнинг ўрнини қоплашга йўналтирилмоқда.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ҳамда бошқа ходимларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун махсус рағбатлантирувчи тўловлар, бир йўла бериладиган қўшимча тўловлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5969-сонли Фармонига мувофиқ вилоятдаги 7 696 та тадбиркорлик субъектининг 1 трлн. 394 млрд. сўмлик кредит қарздорлигини тўлаш муддати 1 октябрга қадар узайтирилган, 151,9 минг нафар жисмоний шахснинг 443,9 млрд. сўмлик кредити бўйича «кредит таътили» берилган.
Шунингдек вилоят бўйича жами 799 044 та солиқ тўловчига ҳисобланган 33,1 млрд. сўмлик солиқ тўловларини тўлаш муддати 15 апрелдан 15 октябрга қадар узайтирилган.
Вилоятда пандемия шароитида ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган жами 20 883 та корхонадан 17 101 тасининг фаолияти карантин талабларига амал қилган ҳолда қайта йўлга қўйилган. Натижада 30 188 та иш ўрни тикланган.
Жорий йилнинг январь-май ойларида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоят бўйича жами 2 537 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида 4 936,7 млн. сўмлик субсидия маблағлари ажратилган.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида асосий даромад манбаларини йўқотган шахсларни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасида «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан вилоятнинг 16 та шаҳар ва туманида 13 хилдаги озиқ-овқат маҳсулотларини эҳтиёжманд оилаларга етказиб бериш йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, ўрганишлар жараёнида вилоятда ҳали ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар, эътибор қаратилиши керак бўлган масалалар ҳам мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури асосида паррандачилик ва чорвачиликни йўлга қўйиш, иссиқхона қуриш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун банклардан кредит олиш истагини билдирган фуқароларнинг мурожаатларига етарлича эътибор қаратилмаган.
Қўшрабод, Каттақўрғон, Жомбой, Булунғур туманларида қишлоқ хўжалиги кооперацияларида иштирок этаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар тоифасига кирувчи ҳар бир оилага парранда боққан даври (40 кун) учун Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча 500 минг сўмдан маблағлар ажратилмаган.
Вилоятда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида ҳам қатор камчиликлар мавжудлиги кузатилди. Баъзи туманларда ижтимоий муҳофазага муҳтож, карантин шароитида оғир аҳволга тушиб қолган оилалар рўйхати тўғри шакллантирилмаган, натижада уларга етарли даражада ёрдам кўрсатилмаган.
Тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимлар учун коронавирус пандемиясига оид фармон ва қарорларда белгиланган махсус қўшимча рағбатлантириш тўловларини тўлаш борасидаги ишлар ҳам етарли даражада ташкил этилмаган. Хусусан, Жомбой тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг ходимларига соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланган 252 млн. сўмлик қўшимча тўловлар ҳисобланган бўлишига қарамай, ўз вақтида молиялаштириб берилмаганлиги сабабли, мазкур тўловлар бугунги кунгача амалга оширилмаган. Бундай ҳолат Қўшрабод, Иштихон, Каттақўрғон, Булунғур туманларида ҳам кузатилган.
Кооперацияларни ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилиши баробарида кооперацияларга ишга қабул қилинаётган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари етарли даражада кафолатланмаганлиги кузатилди.
Вилоятда олиб борилган ўрганишлар ҳудудларда юзага келган муаммолар, аниқланган камчиликлар айрим секторларда ишларнинг аниқ режа асосида, қониқарли ташкил этилмаганлигини, масалага масъулият билан ёндашилмаётганини кўрсатмоқда.
Ўрганишлар давомида аниқланган, аҳоли ва тадбиркорларни ташвишлантираётган бошқа қатор муаммоларни депутат ва парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳал қилиш чораларини кўришга келишилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, муҳокамаларда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳининг «Самарқанд вилоятида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш якунлари тўғрисида»ги ахбороти ҳамда мазкур масала юзасидан Самарқанд вилоят ҳокими Э. Турдимовнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти, туман ва шаҳарлар Кенгашларига аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш борасидаги масалаларни мунтазам равишда Кенгашлар йиғилишларида кенг жамоатчилик, тадбиркорлик субъектлари, ОАВ вакиллари иштирокида муҳокама қилишни давом эттириш ҳамда мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриб бориш, бунда депутатлар назоратини янада кучайтириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Самарқанд вилояти ҳокими (Э. Турдимов) ва туман (шаҳар) ҳокимларига:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус пандемияси муносабати билан қабул қилинган фармон ва қарорларида назарда тутилган имтиёзлар ва енгилликлар жойларда қандай татбиқ этилаётганлиги, жумладан, тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги ишларнинг бориши юзасидан брифинг ўтказиб, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш, бунда секторлар раҳбарлари, тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин.
4. Самарқанд туманининг 1-сектор раҳбари Н. Мавлоновга, 4-сектор раҳбари Ф. Усмоновга ҳамда Оқдарё туманининг 1-сектор раҳбари Н. Сулаймоновга секторлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш зарурлиги, бунда ҳудудда яшовчи аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш борасидаги ишлар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясига (У. Иноятов) коронавирус пандемияси даврида ҳудудларда аҳоли бандлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ва муҳтож оилаларни ижтимоий ҳимоялаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси (М. Ходжаева)га кооперация муносабатларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида бу борадаги қонун ҳужжатларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда унинг якунларига кўра, аниқ таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
7. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклансин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 26 июнь,
367-IV-сон